Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича давлат субсидияларини бериш яна бошланди, дея хабар берди Ягона интерактив давлат хизматлари портали.

Субсидия Ҳукуматнинг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли қарори билан тасдиқланган ижтимоий мезонлар доирасида уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож, кам таъминланган оилаларга берилади.

Қуйидаги тоифалардаги 18 ёшдан ошган фуқаролар субсидия олиш учун мурожаат қилишлари мумкин:

  • қишлоқларда яшовчи, даромади меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан (2 млн 940 минг сўм) 6,9 бараваригача (6 млн 762 минг сўмгача) бўлганлар;
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида яшовчи, даромади МҲТЭКМнинг 3 бараваридан (2 млн 940 минг сўм) 8 бараваригача (7 млн 840 минг сўмгача) бўлганлар;
  • Тошкент шаҳрида яшовчи, даромади МҲТЭКМнинг 3 бараваридан (2 млн 940 минг сўм) 9,2 бараваригача (9 млн 16 минг сўмгача) бўлганлар.

Фуқаролар субсидия олиш учун my.gov.uz портали орқали электрон шаклда мурожаат қилишлари мумкин. Ариза ижобий кўриб чиқилгандан сўнг, аризачи қурилиш (пудратчи) ташкилоти билан ипотека кредитидан фойдаланган ҳолда уй-жой сотиб олиш тўғрисида шартнома тузади.

Субсидия битта оилага фақат бир марта берилади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда ипотека субсидиялари учун 1,6 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган.