Бухоро вилоятининг олис чўл ҳудудларида йўқолиб кетиш хавфи остида турган ва ноёб бўлган йўрға тувалоқлар қўйиб юборилди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати (пост сешанба куни кечга яқин ўчириб ташланди, сабаби ҳозирча аниқ эмас).

Қушларнинг табиатга қўйиб юборилиши ҳар йили эрта баҳорда ёки кузда, сентябрь ойининг ўрталарида амалга оширилади. Бу йилги куз мавсумида тувалоқларнинг 1500 тасини тур учун мақбул деб ҳисобланган ҳудудларга қўйиб юборилди.

«Тувалоқларга уларнинг тарқалиши, омон қолиши ва ёввойи популяцияга интеграциялашувини вақти-вақти билан ўрганишни давом эттириш учун сунъий йўлдош трансмиттерлари ўрнатиб чиқилган», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, йўрға тувалоқ Ўзбекистон қизил китоби ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро Уюшмаси қизил китобига киритилган бўлиб, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган қушлардан ҳисобланади.

Ҳокимлик хабарига кўра, ҳар йили 3−4 мингга яқин қушлар Бирлашган Араб Амирликларига қарашли бўлган «Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази» (Emirates Center for Conservation of Houbara) да кўпайтирилмоқда. Тувалоқ қуш наслчилик маркази 2007 йилда ташкил этилган.

«Биринчи наслдор қушларни чиқариш учун тухумлар вилоят ҳудудидаги чўллардан йиғиб олинган. Табиатга ҳеч қандай таъсир ўтказмаган ҳолда тухумлар мавсумда имкон қадар эрта тўпланган. Лойиҳа илмий далилларга мувофиқ, яъни тутқунликда кўпайтириш ва озод қилиш рақамлари билан барқарор тамойилга асосланган», — дейилади хабарда.

Арабларнинг бу қушни кўпайтиришга қизиқиши бежизга эмас. Қорақалпоғистон ахборот агентлигида берилган маълумотга кўра, ҳар йили БАА шайхлари Қорақалпоғистонга ов мавсумини ўтказиш учун келишади ва ушбу Қизил китобга киритилган қушларни рухсатнома асосида овлашади.

Араблар асосан овчи қуш — лочин билан йўрға тувалоқ қушини овлашни ота дастурига айлантирган. Уларнинг бу қушни овлашини «подшохлар ови», авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадимий анъана ҳам дейишади.

Араблар ов қилишда қатъий тартибларга бўйсинишади. Яъни, браконьерлер ва бошқа овчилар сингари кўз тўймаслик қилмасдан, фақатгина маълум миқдорда овлашади. Бир неча маротаба Қорақалпоғистоннинг Устюрт текислигига тувалоқ қўшини овлаш учун Дубайнинг меросхўр шаҳзодаси шайх Ҳамдан бин Муҳаммад ал-Мақтум ташриф буюрган.

«Газета.uz», аввалроқ, қушни овлаш учун рухсатнома қандай берилиши ҳақида ҳам ёзганди.