Устюрт текислигига ноёб қуш — 402 бош йўрға тувалоқ («дрофа-красотка») қўйиб юборилди, деб хабар берди Қорақалпоғистон Экология қўмитаси матбуот хизмати.

Ўзбекистон «Қизил китоби» ҳамда халқаро Қизил китобга киритилган ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ушбу қушлар Давлат экология қўмитаси ва «Falcon hunting solutions» компанияси томонидан табиат қўйнига қайтарилди.


Ўзбекистонда бу қушларнинг кўпайишини асосан Бирлашган Араб Амирликлари молиялаштиради. Бухоро вилоятида қушларни муҳофаза қилиш ва кўпайтириш Амирликлар маркази («Emirates Bird Breeding Center for Conservation») шунингдек, 2008 йилдан буён Навоий вилоятида йўрға тувалоқ қушларини сақлаш бўйича Амирликлар маркази («Emirates Center for Conservation of Houbara») фаолият олиб боради.

Давлат экология қўмитаси хабарига кўра, улар йўрға тувалоқ қушларини табиатдаги сонини қайта тиклаш билан шуғулланади. Қорақалпоғистонда 2017−2021-йиллар оралиғида жами 9491 бош йўрға тувалоқ табиатга қўйиб юборилган. Арабларнинг бу қушни кўпайтиришга қизиқиши бежизга эмас.

«Подшохлар ови»

Қорақалпоғистон ахборот агентлигида берилган маълумотга кўра, ҳар йили Дубай шайхлари Қорақалпоғистонга ов мавсумини ўтказиш учун келишади ва ушбу Қизил китобга киритилган қушларни рухсатнома асосида овлашади. Араблар асосан овчи қуш — лочин билан йўрға тувалоқ қушини овлашни ота дастурига айлантирган.

Арабларнинг бу қушни овлашини «подшохлар ови», авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадимий анъана ҳам дейишади.

Араблар ов қилишда қатьий тартибларга бўйсинишади. Яъни, браконьерлер ва бошқа овчилар сингари кўз тўймаслик қилмасдан, фақатгина маълум миқдорда овлашади. 2015 йилда Қорақалпоғистоннинг Устюрт текислигига тувалоқ қўшини овлаш учун Дубайнинг меросхўр шахзодаси шайх Ҳамдан бин Муҳаммад ал-Мақтум ташриф буюрган.


Фото: Шайх Ҳамдан бин Муҳаммед ал-Мақтум / Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

Қушни овлаш учун рухсатнома

Қорақалпоғистон Экология қўмитаси матбуот котиби Улбосин Мирзаназарованинг «Газета.uz»га маълум қилишича, бир бош йўрға тувалоқни овлашга рухсатнома тўлови мавжуд. У Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлдаги «Ов қилиш ваовчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонуни 1-иловасига асосан чет эллик жисмоний ва юридик шахслар учун 7000 АҚШ долларини ташкил этади.

Давлат экология қўмитаси маълумотига кўра, йўрға тувалоқ асосан Ўзбекистоннинг Қизилқум чўлида, шунингдек, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Кавказ орти, Миср, Ғарбий Осиё, Мўғулистонда яшайди.

Ушбу тур баҳор мавсумида, март-июнь ойлари оралиғида Марказий Осиёда кўпаяди. Октябрь ойида йўрға тувалоқ нисбатан иссиқ бўлган ҳудудларга — Афғонистон, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Арабистон ярим оролига — қишлаш учун учиб кетади. Йўрға тувалоқларнинг сони ва диапозони 1960 йиллардан камая бошлаган.

Фото