Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни Доҳага давлат ташрифи доирасида Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан музокаралар ўтказди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, томонлар «Сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш» масалаларини муҳокама қилдилар.

Июнь ойида Қатар амири икки давлат тарихида илк бор олий даражадаги ташриф билан Ўзбекистонга келган эди. Давлат раҳбарларининг музокараларида ҳамкорликни «ҳар томонлама шериклик» даражасига кўтариш бўйича келишувга эришилди. Қатар амири келган куни Ўзбекистон президенти Қатар фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Май ойида Тошкентда Қатар элчихонаси очилди. Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи арафасида эса Доҳада Ўзбекистон элчихонаси ҳам очилди.

Қатар амири ва Ўзбекистон президенти савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, анъанавий ва «яшил» энергетика, нефть-кимё, металларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш, туризм, молия ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун 2024 йил январь ойида Доҳада қўшма Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишлари ва бизнес форумини ўтказиш таклиф қилинди. Маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Қатарнинг илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, биотехнологиялар ва сунъий интеллект, «яшил» энергетика борасида қўшма тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдор экани таъкидланди. Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризм ҳафталигини ўтказишга келишиб олинди.

Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий илгари суриш масалаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар.

шавкат мирзиёев, қатар

Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Хусусан, ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олувчи қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

  • Ўзбекистон ҳукумати ва Қатар ҳукумати ўртасида туризм ва ишбилармонлик тадбирлари соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Қатар Ижтимоий ривожланиш ва оила вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  • Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қатар Ички ишлар вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
  • Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва Қатар Инвестиция агентлиги ўртасида инвестициявий ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми;
  • Ўзбекистон Коррупция қарши курашиш агентлиги ҳамда Қатар Маъмурий назорат ва шаффофлик бошқармаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми.

Бундан ташқари, ташриф доирасида қуйидаги келишувларга эришилди:

  • Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси ва Доҳа динларараро мулоқот халқаро маркази ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
  • Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази ва Қатар Давлати Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қўмитаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
  • Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Қатар Давлати Савдо-саноат палатаси ўртасида қўшма ишбилармонлар кенгашини тузиш тўғрисида битим;
  • Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Қатар Савдо-саноат палатаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми.