7 май куни Тошкентда Ўзбекистон ва Қатар Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Уларда иштирок этиш учун Қатар ташқи ишлар давлат вазири Султон бин Саад ал-Мурайхий ташриф буюрди.

Маслаҳатлашувлар чоғида сиёсат ва дипломатия, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, халқаро ва минтақавий сиёсат масалалари, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Шу куни икки давлат ҳукуматлари, дипломатик корпус ва жамоатчилик вакиллари иштирокида Қатарнинг Тошкентдаги элчихонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

қатар элчихонаси, қатар

Тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов сўзга чиқиб, Ўзбекистон томони Қатарни араб дунёсидаги муҳим, ишончли ва истиқболли ҳамкор деб билишини таъкидлади.

Қатар дипломатик миссиясининг очилиши икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очиши, уларнинг амалий мазмун билан бойишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Қатарнинг Тошкентда элчихонаси очилиши ҳақида 2022 йил охирида эълон қилинганди. Ўшанда Ўзбекистонга Қатарнинг янги элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим келган.