Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги Сойбўйи қишлоғи ҳудудига тоғдан икки бош Тянь-Шань қўнғир айиқ боласи келиб тушгани аниқланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

Вазият юзасидан вилоят Экология бошқармаси, туман ИИБ, Миллий гвардия, Тошкент ҳайвонот боғи ҳамда Ҳисор қўриқхонаси ходимларидан иборат тезкор ишчи гуруҳ тузилган.

Воқеа жойига етиб борган ишчи гуруҳ томонидан кўрилган оператив чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган айиқ болалари махсус ўқ-дорили қурол ёрдамида ухлатилган. Шундан сўнг, жониворларга ҳеч қандай шикаст етказилмасдан, Ҳисор давлат қўриқхонасининг «Танхоз» дарё бўлимига қўйиб юборилган.

Аввалроқ Тошкент вилоятининг Паркент туманида айиқ қишлоққа озуқа излаб келиб, фермернинг икки бош қўйини олиб кетгани хабар қилинган эди. Экология бошқармаси ходимлари жонивор аниқланган ҳудудни назоратга олди. Жорий йилнинг апрелида эса Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги қишлоқлардан бирига келиб қолган айиқ отиб ўлдирилганди.