Тошкент вилояти Паркент тумани «Сўқоқ» қишлоғининг «Тосар» ҳудудидаги «Сўқоқ Лазиз Соли» фермер хўжалиги ер майдонларига 20 сентябрь куни тунда Тянь-Шань қўнғир айиғи келиб қолган, дея хабар қилди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

Айиқ фермер хўжалиги ер майдонида қўйларга мўлжалланган қўра ёғочларини синдириб, фермерга тегишли 14 бош қўйнинг икки бошини олиб кетган. Бир бош қўй ярадор қилинган.

«2023 йилда қиш фасли совуқроқ келганлиги сабабли тоғли ҳудудлардаги айрим мевали дарахт ва буталарни совуқ уриб, ҳосил жуда камайиб кетган. Натижада айиқ озуқа излаб, аҳоли яшаш пунктига тушиб келган», — дейилади хабарда.

Ушбу ҳудудда дала шийпонларида яшовчи 4 та оила 30 дан ортиқ қора мол, қўй ва эчкилари билан бирга ўзларининг яшаш хонадонларига кўчирилди.

Айиқ тушиб келган ҳудуд Паркент тумани экология бўлими ходимлари ҳамда туман ИИБ нозирлари томонидан доимий назорат қилинмоқда.