5 апрель куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги қишлоқлардан бирига айиқ келиб қолгани, маҳаллий аҳоли уни машинада уриб юбормоқчи ҳам бўлгани ва уни ҳаракатсиз ҳолга келтириб, табиатга қайтариш режалаштирилаётгани хабар қилинганди. Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати жониворнинг отиб ўлдирилганини маълум қилди.

Шу куни тахминан соат 23:00 да айиқ Қумдарёга яқин жойдаги жарликда ҳосил бўлган ғор ичига кириб олган. Бироздан сўнг бу ерда маҳаллий аҳоли тўпланган. Ҳокимлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўз вақтида тегишли чора-тадбирлар кўрилмагани боис айиқ безовталаниб, жарликдан тепага чиқишга уринган.

Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи А.Б. атрофга йиғилган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида овчи Д.А.га айиққа ўқ узишга кўрсатма берган.

Тошкент ҳайвонот боғи вакиллари ҳодиса жойига етиб борганида айиқ нобуд бўлган.

Вазирликнинг қайд этишича, мазкур ҳолат ўрганилиши давом этмоқда. Масъулиятсизликка йўл қўйган ва бунинг оқибатида қўнғир айиқнинг ўлимига сабаб бўлган масъулларга нисбатан тегишли тартибда интизомий жазо чоралари кўрилади.

«Айиқнинг териси шилиб олингани ҳақидаги фото ва хабар ҳақиқатга зид. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратнинг Чироқчи туманидаги воқеага алоқаси йўқ. Айни дамда ушбу ҳолат юзасидан ҳам ўрганиш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Тошкент ҳайвонот боғи матбуот хизмати «Газета.uz»га айиқнинг одамлар яшаш манзилига қандай келиб қолганини изоҳлар экан, улар одатда сабзавот ва мевалар билан озиқланишини ва одамларни кўрганида улардан қочишга ҳаракат қилишини билдирди.

«Одамлар турар жойида айиқни нима жалб қилиши мумкин? Улар ҳамма нарса билан озиқланадиган жониворлар бўлгани сабабли нафақат гўштни истеъмол қилишади, балки асосий рациони ўсимлик озиқ-овқатлари ҳисобланади. Табиатдаги айиқ одам учун хавфли эмас ва одатда у инсонлардан қочишга ҳаракат қилади. Бунинг иложи бўлмаганида, жонивор умидсизлик ва қўрқув сабаб ҳужум қилади. Эҳтимол, айиқ маҳаллий аҳолининг ҳаракатларидан қўрқиб кетган ва у бинолардан паноҳ излаган», — дея қайд этди Тошкент ҳайвонот боғи.

Боғ маълумотларига кўра, худди шундай ҳодиса 2020 йилнинг кузида ҳам содир бўлган. Ангрен шаҳридаги Дукент тоғ этаклари ҳудудидаги турар жой ҳудудида кезиб юрган айиқ Табиат ресурслари, Тошкент ҳайвонот боғи ва Ички ишлар вазирликлари мутахассислари ҳамкорлигида қўлга олиниб, табиатга қўйиб юборилган.

«Ушбу ҳолатда содир бўлган воқеа, эҳтимол, йиртқич ҳайвонни йўқ қилиш тўғрисида қарор қабул қилишда мувофиқлаштирилмаган ҳаракатлар билан боғлиқ», — деб ҳисоблайди муассаса.

Маълумот учун, қўнғир айиқ Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган. Унга киритилган ҳайвонот дунёси турларини йўқ қилиш БҲМнинг 600 баравари миқдорида жарима, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.