Эрон суди Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум уюштирган шахсга нисбатан ҳукмни эълон қилди, дея хабар бермоқда Report ахборот агентлиги.

Суд ҳукмига кўра, 50 ёшли Эрон фуқароси Ясин Ҳусайнзодага нисбатан ўлим жазоси тайинланган. Қатл қачон амалга оширилиши ҳозирча маълум эмас.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Озарбайжоннинг Теҳронда жойлашган элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилганди. Ҳудудга бостириб кирган шахс Калашников автомати билан қўриқлаш постига ўқ узган, оқибатда хавфсизлик хизмати раҳбари ҳалок бўлган, икки қўриқчи яраланганди.

ОАВда тарқалган маълумотларга кўра, эркак ҳужум қилишининг сабабини шахсий ва оилавий муаммолар билан изоҳлаган. Унинг элчихона биносига 2 нафар ёш боласи билан киргани маълум бўлган. Билдирилишича, у бедарак йўқолган аёлини шу ҳудуд биносида деб ўйлаган.