Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига уюштирилган қуролли ҳужумни кескин қоралаб, баёнот эълон қилди.

Вазирлик ушбу ҳодиса синчковлик билан ўрганилгач, барча айбдорлар жавобгарликка тортилишига умид билдирди.

Марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз ва жароҳатланганларнинг тез фурсатларда соғайиб кетишини тилаймиз, — дейилади хабарда.

Ҳужум тафсилоти

Озарбайжоннинг Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида жойлашган элчихонасига қуролли ҳужум 27 январь куни Тошкент вақти билан соат 9:30 атрофида уюштирилганди. Ҳудудга бостириб кирган шахс Калашников автомати билан қўриқлаш постига ўқ узган, оқибатда хавфсизлик хизмати раҳбари ҳалок бўлган.

Элчихонанинг икки қўриқчиси ҳам ҳужумнинг олдини олиш чоғида яраланган. Уларнинг аҳволи қониқарли.

ОАВда тарқалган маълумотларда қайд этилишича, ҳужумчи 50 ёшли Эрон фуқароси бўлган ва у қўлга олинган. Эркак ҳужум қилишининг сабабини шахсий ва оилавий муаммолар билан изоҳлаган. Унинг элчихона биносига 2 нафар ёш боласи билан киргани маълум бўлган. Билдирилишича, у бедарак йўқолган аёлини шу ҳудуд биносида деб ўйлаган.