«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ўзбекистонда ўқитувчиларни таътил вақтида мажбурий меҳнатга ноқонуний жалб қилиш фактларини аниқлаш бўйича ўтказилган аноним сўров натижаларини эълон қилди.

Сўровда бутун мамлакат бўйлаб 5745 нафар ўқитувчи иштирок этди: 3867 нафар аёл (67,3%) ва 1878 нафар эркак (32,7%).

Ўрганиш натижалари

Сўровномада ёзги таътил даврида мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги тўғрисидаги саволга иштирокчиларнинг аксарияти — 92,3 фоизи таътил давомида мактаб раҳбарияти томонидан ишга чақирилмаганлигини таъкидлаган. 7,7 фоиз респондент таътил давомида мажбурий меҳнатга жалб қилинганмни билдирган.

«Янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнида ўз шахсий маблағлари ҳисобидан харажат қилишига тўғри келдими?» деган саволга респондентларнинг 4 987 нафари (86,8%) қўшимча харажат қилишга тўғри келмаганлигини билдирган бўлса, 10,1 фоизи ўз ҳисобидан 500 минг сўмга яқин, 3 фоиздан ортиғи 1 млн сўмдан кўп маблағлар ишлатишига тўғри келганлигини билдирди.

Бу кўрсаткичлар Тошкент вилояти (48%) ва Тошкент шаҳрида (45%) юқори даражада. Алоҳида суҳбатларда маълум қилинишича, бу каби харажатларни қоплаш учун ўқитувчиларга синф хоналарини ўз ҳисобидан жиҳозлаш ва безатиш, биринчи синфларда ўйинчоқ ўйнаш учун бурчаклар ташкил этиш, синф хонасининг пол қисмидаги линолеумларни алмаштириш учун 3 млн сўмдан ортиқ маблағ ишлатишга тўғри келган.

Натижаларга кўра, респондентларнинг 84,4 фоизи уларга мактаб маъмурияти томонидан дарслар адолатли тақсимланишини билдирган. Бироқ 15,6 фоиз респондентлар дарс соатлари тақсимоти адолатли бўлмаслигини билдирган. Бу бўйича эътироз, айниқса, Тошкент (42%), Навоий (33%), Жиззах (22%), Самарқанд (19%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (31%) юқори даражада эканлиги маълум бўлди.

«Баъзи ҳолларда ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзларига алоқадор бўлмаган йиғилишлари ҳамда тадбирларига жалб этилиши каби ҳолатларга гувоҳ бўламиз. Бундан ташқари, бугунги кунда мамлакатимизда янги амалиёт бўлган „Ташаббусли бюджет“ доирасида мактабларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва уларда реконструкция ишларини амалга ошириш лойиҳаларига овоз тўплашга мажбур бўлмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Респондентларнинг 78 фоизи фаолиятида ўзларига юклатилган расмий мажбуриятидан ташқари вазифалар юклатилмаслигини билдирган. Лекин иштирокчиларнинг 15 фоизи «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларига овоз йиғиш вазифаси раҳбарият томонидан юклатилишини, 7 фоизга яқини маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ташкил этиладиган турли тадбирларга жалб қилинишини малум қилган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Ўзбекистон президенти ўқитувчиларни меҳнатга мажбурлаганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни белгиловчи ва меҳнатга ноқонуний аралашганлик учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолаган эди.