Швейцария Бош прокуратураси 28 сентябрь куни мамлакат федерал жиноят судига Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова ва унинг шеригига нисбатан айблов хулосасини киритди. Прокуратура, шунингдек, Гулнора Каримовага алоқадор музлатиб қўйилган 440 млн Швейцария франки (483 млн доллар)дан ортиқ активларни мусодара қилиш бўйича ҳам сўров киритган.

Айбланувчилар турли мамлакатларда, хусусан, Швейцарияда фаолият олиб борган жиноий ташкилот фаолиятида иштирок этгани айтилмоқда. Айбловлар ичида 2005 йилдан 2013 йилгача бўлган даврда жиноий ташкилот фаолиятида иштирок этиш, пул ювиш, хорижий давлат амалдорлари сифатида пора олиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш бор.

Федерал Жиноят судига тақдим этилган айблов хулосаси қуйидаги ҳолатларга асосланади:

Швейцария Бош прокуратураси 2012 йилнинг июль ойида Гулнора Каримованинг шахсий ёрдамчисига нисбатан ҳужжатларни қалбакилаштириш ва пул ювиш бўйича, Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси собиқ бош директорига нисбатан эса пул ювиш бўйича жиноий иш очган.

2012−2014 йиллар оралиғида тергов жараёни Гулнора Каримованинг ўзи ва унинг қўл остидагиларни ҳам қамраб олган, чунки ўша вақтга келибгина унинг БМТнинг Женевадаги ваколатхонаси дипломати сифатидаги фаолияти билан боғлиқ иммунитети бекор қилинган.

2018−2021 йиллардаги тергов доирасида тўрт нафар шахс пул ювиш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топилган. Ўшанда 340 млн франкдан (тахминан 373 млн доллар) ортиқ маблағ Ўзбекистонга қайтариш мақсадида мусодара қилинган. Айни вақтда Гулнора Каримова ва иккинчи айбланувчига қарши иш юзасидан 440 млн франкдан (483 млн доллар) ортиқ мол-мулк олиб қўйилган.

Хорижий давлат амалдорлари сифатида пора олиш бўйича айблов 2021 йилда Гулнора Каримова ва собиқ бош директорга нисбатан қўзғатилган жиноий иш доирасида қўшилган. Жиноий ташкилот фаолиятида иштирок этиш ва қўллаб-қувватлаш айблови 2022 йилга келиб қўшилди.

The Office ташкилоти

Айблов хулосасига кўра, камида 2001 йилдан 2013 йилгача Гулнора Каримова The Office номи билан танилган бир неча ўнлаб шахслар ва кўплаб компанияларни ўз ичига олган иерархик жиноий ташкилот тузган ва унга раҳбарлик қилган. Ташкилот Швейцариядаги фаолиятини 2005 йилда, жиноий операцияларидан келиб тушган капитални Швейцариядаги банк ҳисоблари ва сейфларидаги яшириш ва кўчмас мулк сотиб олиш учун бошлаган.

Унинг ҳажми, ташкил этилиш тартиби, инфратузилмалари, ўзига тегишли бўлган мулклар кўлами ва айрим аъзоларининг малакасини ҳисобга олган ҳолда, The Office ўзининг жиноий фаолиятини профессионал бизнес сифатида, мажбурий қоидаларга ва вазифаларнинг қатъий тақсимланишига риоя қилган ҳолда, шу билан бирга зўравонлик ва қўрқитиш усулларини қўллаб амалга оширгани айтилади. Текширувлар бутун тузилманинг яширин бўлишини кафолатлаш учун ташкил этилган ва фойдаланилган юзлаб компаниялар билан боғлиқликларни аниқлаган. Бу компаниялар турли юрисдикцияларда, хусусан, Швейцарияда банк ҳисобларига эга бўлган.

Айблов хулосасига кўра, ўша пайтда ушбу соҳага кириш ва унда фаолият юритишни хоҳловчи хорижий компаниялар ўзларига керакли қарорга эришиш учун Гулнора Каримовага The Office компаниялари орқали пора беришлари талаб қилинган. Шу тариқа Гулнора Каримова компанияларнинг телекоммуникация соҳасига кириши ва фаолиятига рухсат олишида давлат амалдорларига чексиз таъсир кўрсатиш имконини берган президентнинг қизи ва ўзбек давлат амалдори сифатидаги икки томонлама мақомидан фойдаланган.

Телекоммуникация компанияларидан олинган коррупцион даромадлар кейинчалик The Office`га алоқадор турли компаниялар орқали мураккаб операциялар билан турли банк ҳисоб рақамларига, улардан эса Швейцариядаги банк ҳисоб рақамларига ўтказилган. Ушбу банк ҳисобларининг бенефициар эгалари ўртадаги одамлар бўлиб, улар орқали Гулнора Каримова ҳақиқий бенефициар эканлиги яширилган. Швейцарияда олиб борилган текширувлар натижасида банк активлари ва кўчмас мулк, шунингдек, банк сейфларига қўйилган нақд пул ва қимматбаҳо нарсалардан иборат умумий қиймати 780 млн франк (857 млн доллар) эквивалентига тенг активлар музлатиб қўйилди.

Икки айбланувчига қўйилаётган айбловлар ва уларнинг роли

Гулнора Каримова жиноий ташкилот дейилаётган The Office`га умумий раҳбарлик қилишда айбланмоқда. У ташкилотни ташкил этиш ва унинг жиноий фаолиятини бошлаш, хусусан, Швейцарияда The Office аъзолари ва компаниялари номига банк ҳисоб рақамларини очиш, жиноий активларни ўтказиш ва ушбу ўтказмаларни асослаш учун сохта ҳужжатларни расмийлаштиришда иштирок этгани айтилмоқда. Иккинчи айбланувчи (Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонасининг собиқ бош директори) The Office`нинг «асосий аъзоси» сифатида айбланмоқда. У, хусусан, Ўзбекистон телекоммуникация соҳасида коррупцион схемалар ишлаб чиқиш ва уларни бошқаришда иштирок этгани айтилмоқда.

Мазкур иш бўйича Швеция, Франция, Норвегия, Нидерландия, АҚШ ва Буюк Британияда бир нечта жиноий иш қўзғатилган. The Office`нинг мавжудлиги ва ушбу жиноий ташкилот томонидан содир этилган кўплаб жиноятлар Швейцарияда ва хорижда чиқарилган бир нечта суд қарорларида тасдиқланган.

Бундан ташқари, Швейцария бош прокуратураси ўзаро ёрдам бўйича 19 мамлакатга ушбу жараёнлар билан боғлиқ кўплаб сўровлар юборган ва қабул қилган.

Швейцария Бош прокуратураси, шунингдек, умумий қиймати 440 млн франкдан (483 млн доллар) ортиқ бўлган активларни мусодара қилиш бўйича сўров ҳам киритган.

Шунингдек, ташкилот ҳар иккала айбланувчига ҳам якуний ҳукм чиқарилгунга қадар айбсизлик презумпцияси амал қилишини эслатиб ўтган.