Ўзбекистонда моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларга бир марталик пластик маҳсулотларни олиб кириш, сотиш ва ишлаб чиқариш тақиқланиши мумкин. Буни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокамалар порталига жойлаштирилди.

Тақиқланаётган пластик маҳсулотлар (табиий органик полимер махсулотлар мустасно) сирасига стаканлар, найчалар, музқаймоқ таёқчалари, пахта таёқчалари, қадоқлаш плёнкаси ва айрим турдаги полиэтилен пакетлари киради.

Бу тартибни бузганлик учун қуйидаги жавобгарликлар жорий этилади:

  • бундай ҳудудларга бир марталик пластик маҳсулотлар олиб кириш, сотиш ва ишлаб чиқариш базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ, у ҳозирда 330 минг сўм) 2 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан 10 бараваригача;
  • худди шундай ҳуқуқбузарлик анча миқдордаги қийматда содир этиш фуқароларга — БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 15 бараваридан 20 бараваригача;
  • худди шундай ҳуқуқбузарлик кўп миқдордаги қийматда содир этиш — фуқароларга БҲМнинг 20 бараваридан 25 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 25 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, лойиҳада фаолияти натижасида оқова сув ҳосил қилувчи хўжалик юритувчи субъектларни марказлаштирилган оқова сув тизимига улаш ёки муқобил тозалаш ускуналари билан жиҳозлаш мажбуриятини киритиш ҳам режа қилинмоқда.

Бунда, ушбу мажбуриятни бажармаган жисмоний шахсларга нисбатан БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача, юридик шахсларга нисбатан — БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача бўлган миқдорда молиявий жарималар қўллаш кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳа қабул қилиниб, қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда имзолангандан сўнг 2026 йилнинг 1 июлидан кучга кириши кўрсатилган.