Россия Мудофаа вазирлиги Украина қуролли кучлари (ВСУ) Севастополдаги Россия Қора денгиз флоти штаб-квартирасига ракета ҳужуми уюштирганини маълум қилди.

«Бугун тушдан кейин Киев режими Севастополь шаҳри бўйлаб ракета ҳужуми уюштирди. Ракета ҳужумини қайтариш вақтида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан бешта ракета уриб туширилди. Ҳужум натижасида Қора денгиз флотининг тарихий штаб-квартираси шикастланган. Мавжуд маълумотларга кўра, бир ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган», — дейилади хабарда. Кейинроқ Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчининг бедарак йўқолганига аниқлик киритди.

«112» Telegram-каналининг хабар беришича, ҳужум пайтида олти киши жароҳатланган. Аннекция қилинган Севастополь губернатори Михаил Развожаевнинг таъкидлашича, дастлабки маълумотларга кўра, ракета зарбаси оқибатида қурбонлар йўқ, штаб-квартира атрофидаги фуқаролик инфратузилмаси ҳам зарар кўрмаган.

«Крымский ветер» Telegram-канали штаб-квартира жиддий зарар кўргани акс этган суратларни эълон қилди. Бинонинг томи ва камида бир қавати қулаган.

Украина Қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук Telegram`да: «Биз буни давом эттиришга ваъда берган эдик», — деб ёзди.

Украина қуролли кучларининг стратегик алоқалар маркази зарбани Украина ҳарбийлари берганини тасдиқлади.

Икки кун аввал Украина Қримдаги Верхнесадово қишлоғи яқинида жойлашган Қора денгиз флоти қўмондонлик пунктига ҳужум қилган, бинонинг бир қисми вайрон бўлган эди.

13 сентябрь куни Украина армияси Севастополь денгиз заводига ҳужум қилди, натижада «Минск» десант кемаси ва «Ростов-на-Дону» сув ости кемасига жиддий зарар етди.