Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг 19 сентябрдаги сессиясида айрим харажатларни маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ҳужжат E-Qaror порталида эълон қилинди.

Депутатлар томонидан 2023 йилда пойтахтда мавсумий гуллар экиш билан боғлиқ харажатлар учун 6,2 миллиард сўм, гул кўчатлари экиш учун туман ободонлаштириш бўлимларига яна 5,8 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиши маъқулланди.

Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги ихтисослаштирилган бошқармалар томонидан, автотранспорт воситалари ва ишчи ходимлари билан тасарруфидаги ободонлаштириш объектларини сақлаш, механик усулда ва қўл кучи билан тозалаш, сув сепиш, куз мавсумида хазонрезги даврида кўчаларни тозалаш, қиш мавсумида қум-туз қоришмасини сепиш, қор уюмларидан тозалаш, уларни олиб чиқиб кетиш, кўкаламзорлаштириш ҳамда ободонлаштириш ишлари ва ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ҳамда ёнилғи маҳсулотлар нархлари кўтарилганини инобатга олиб 3,7 миллиард сўм ажратилди.

Юнусобод туманидаги «Обод» ва «Юнусобод» маҳаллалари ҳудудини ободонлаштириш, муҳандислик тармоқларини ва ички йўлларни таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича «Обод» маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, муҳандислик тармоқларини ва ички йўлларни таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича танлов (тендер) савдоларини ўтказиш учун 1,49 млрд сўм ҳамда «Юнусобод» маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, муҳандислик тармоқларини ва ички йўлларни таъмирлаш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун яна 210 миллион сўм маблағ йўналтирилади.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида депутатлар пойтахтда экиш учун нафақат гуллар, балки дарахт ва буталар сотиб олиш мақсадида 15 миллиард сўм ажратишни маъқуллаган эди. Таққослаш учун: айни пайтда депутатлар Сергели туманида 100 ўринли болалар кутубхонасини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар учун 1 миллиард сўм ажратган эди.

Таъкидлаш керакки, Open Budget порталида фуқаролар ва ташкилотларнинг мактаб таълими, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги ташаббуслари эълон қилинади. Масалан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жарроҳлик бўлимида ходимлар ва беморларга қулайлик яратиш мақсадида 10 қаватли бинога юк кўтариш қуввати 1500 кг бўлган иккита лифт сўраган. Овоз беришдан кейин бу ташаббус ғалаба қозонди. 18 турдаги тиббий асбоб-ускуналар сотиб олиш учун овоз беришда Тошкент шаҳар ўсмирлар диспансери ҳам иштирок этди. Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 123-мактабнинг томи таъмирланиши керак, бироқ ташаббус ғалаба қозониш учун етарли овоз ололмади.

Тошкент шаҳридан жами 2500 дан ортиқ ташаббуслар овоз бериш босқичига ўтган бўлсада, улардан фақатгина 98 таси ғалаба қозонган, яъни фуқароларнинг 2400 га яқин муаммоси ҳамон ўз ечимини топмаган.