Келгуси ҳафта Нью-Йоркда ўтказилиши режалаштирилган «Марказий Осиё−АҚШ» (C5+1) форматидаги биринчи саммит «ҳеч бир давлатга қарши қаратилмаган». Бу ҳақда 15 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан маълум қилди.

АҚШ президенти Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йоркдаги 78-сессиясида нутқ сўзлаганидан сўнг Марказий Осиёнинг бешта давлати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари билан илк бор учрашув ўтказади, деди Жейк Салливан.

«Аслида, „C5+1“ [диалог формати] 2015 йилда бошланган. Кейинги йилларда у янада мустаҳкамланди. Ва энди биз биринчи марта етакчилар даражасидаги учрашувни кўрамиз», — деди у.

«Ушбу илк президент саммити етакчиларга минтақавий хавфсизликдан тортиб савдо ва алоқалар, иқлим ўзгариши ҳамда бошқарув ва қонун устуворлигини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларгача бўлган бир қатор масалаларни муҳокама қилиш имконини беради», — дея қўшимча қилди АҚШ президенти маслаҳатчиси.

Журналистлардан бири саммитни Хитойга сигнал сифатида кўриш керакми ва ундан қандай натижалар кутилмоқда, деган саволига Жейк Салливан шундай жавоб берди: «Мана, бу саммит ҳеч бир давлатга қарши қаратилгани йўқ. Бу биз ишлашни истаган мамлакатлар билан бўладиган ижобий кун тартиби ҳақида».

«Биз қўшма баёнот натижасини кутамиз, унда асосий соҳаларда биргаликда ишлаш ниятидамиз ва Қўшма Штатлар буни самарали амалга ошириш учун маълум ресурсларни тақдим этади», — деди маслаҳатчи.

Жо Байден Шавкат Мирзиёевни август ойида саммитга таклиф қилган эди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати яқинда давлат раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида ҳам сўзга чиқиб, қатор муҳим ташаббусларни илгари суриши ҳақида хабар берганди.