АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администраторининг Осиё бюроси ёрдамчиси ўринбосари Анжали Каур (Änjali Kaur) 26−30 август кунлари Ўзбекистонда бўлди. «Газета.uz» у билан агентликнинг Ўзбекистондаги мақсадлари, мамлакатда қайси соҳаларда иш олиб бораётгани ва инклюзивлик хусусида суҳбатлашди.

Видео (ўзбекча субтитр билан)

Интервьюнинг ўзбек тилидаги (қисқартирилган) матнли талқини

— Ўзбекистонга иккинчи марта ташриф буюрдингиз. Сўнгги ташрифингиздан кейин бирор ўзгариш сездингизми?

— Ўзбекистон менинг севимли мамлакатларимдан бири, шунинг учун қайтиб келганимдан жуда хурсандман. Охирги марта бу ерга ўтган йилнинг май ойида келганман ва ўша ташриф доирасида Тошкент ва Бухорода бўлганман. Бу сафар эса яна Тошкентга келиш ва Самарқандга бориш имкониятига эга бўлдим. Кеча Самарқанддан қайтиб келдим ва мен ўзимда ҳам, USAID`да ҳам ва, умуман, Ўзбекистонда ҳам ўзгаришлар бўлганини ҳис қилдим.

Биласизми, кимдир менга айтганди, агар Ўзбекистондан бир ойгагина чиқиб кетиб, кейин қайтиб келсангиз, мамлакатда ўзгаришлар бўлганини кўрасиз. Ростдан ҳам давлат жуда тез ўсиб бормоқда.

Шунингдек, мен дастурларимизнинг натижалари билан танишишга ҳам муваффақ бўлдим. Самарқандда биз қўллаб-қувватлаётган жамоат сайёҳлик жойларига бориб кўрдим. Бу бизга маҳаллий даражада шаҳарларга ташриф буюрадиган одамларга мамлакат туризми ва гўзаллигини етказиб бериш ҳақида ўйлаш имконини беради.

Бундан ташқари, биз меҳмон уйларига боришга ҳам муваффақ бўлдик. У ерда одамлар қандай қилиб ўз уйларини нафақат чет элликлар, балки Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудидан келган меҳмонлар ташриф буюриши ва Самарқандда яшовчи одамларнинг турмуш тарзини ўз кўзи билан кўриши учун меҳмон уйига айлантирганига гувоҳ бўлдик.

USAID бундай дастурларни қўллаб-қувватлашни истайди, чунки биз ҳар бир инсон Ўзбекистоннинг гўзаллиги ва маданиятини турли шакллар орқали тушунишини, шунингдек, бу маҳаллий аҳолига ҳам фойда келтиришини истаймиз.

usaid, анжали каур, ақш, интервью, ўзбекистон

Биласизми, бизни ўзининг меҳмон уйида кутиб олган одам эндиликда уни кенгайтириб, сонини кўпайтирмоқчи эканини айтди. Унинг қўшнилари ҳам меҳмон уйларини ташкил этиш ниятида, чунки улар одамлар шунчаки меҳмонхонада қолишни хоҳламаслигини пайқамоқда. Меҳмонлар оила муҳитини ҳис этиб кўришни хоҳлайди ва бу ўша меҳмон уйларининг эгаларига катта фойда келтиради. Бу уларнинг иқтисодий ўсишига олиб келади.

Мен ўқитувчилар билан ҳам учрашишга муваффақ бўлдим, биз маҳаллий мактабга бордик. Ўқитувчилар билан гаплашиб, улардан биз тақдим этган инглиз тилини ўргатувчи материаллар вазиятни қанчалик ўзгартираётганини сўрадик.

Улар бу материаллар ўқувчиларнинг инглиз тилида гапириш қобилияти бўйича натижаларини кескин ўзгартирганини айтишди. Ўқитувчиларнинг ўзида ҳам бу материаллар катта қизиқиш уйғотган. Улар биз тақдим этаётган китобларнинг ранг-баранглиги, уларда ўқувчилар фаоллигини таъминловчи машқлар борлигини таъкидлашди. Бу ўқувчиларга бир-бири билан мулоқот қилиш имконини беради, шунингдек, уларда танқидий фикрлаш қобилиятини шакллантиради.

Биз нафақат инглиз тилини ўқитишга қаратилган дастурларимиз, балки ҳукумат билан ўрта таълим сиёсатини ўзгартириш ва ривожлантиришда ёрдам бериш учун олиб бораётган ишларимиз орқали Ўзбекистон ёшлари ва келажак авлодга кўпроқ имкониятлар яратамиз, деб умид қиламиз.

Биз шундай шароит яратмоқчимизки, унда ёшлар мактабни битирган вақтда нафақат инглиз тилини анча яхши билади ва гапира олади, балки иш топиш ва иқтисодиётга ҳисса қўшиш учун керакли кўникмаларга эга бўлади. Бу ўз-ўзидан бизни масаланинг иккинчи томонига олиб боради: бу кўникмаларга эга бўлиш орқали ўқувчиларнинг Ўзбекистонни тарк этиб, бошқа жойга ишга кетишига ҳожат қолмайди.

Биз Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатда қолиши, таваккал қилиб бошқа мамлакатларга кетмасликлари, ўзи оилаларини хавф остига қўймасликлари учун ўз мамлакатида имкониятларга эга бўлишларини истаймиз. Одам савдоси билан боғлиқ ҳолатлар кўп кузатилмоқда, мажбурий меҳнат, хавфли шароитларда ишлаш ҳолатлари мавжуд. Сиз кўпинча қаерга кетаётганингизни билмай қолишингиз мумкин.

Менга Самарқанд миграциянинг юраги эканини, Самарқанддан жуда кўп одамлар Тошкентга, минтақа бўйлаб ва бошқа мамлакатларга кетаётганини айтишди. Шундан келиб чиқиб, бу ерда бизнинг дастуримиз бўлиши жуда муҳим. USAID дастурлари бўйича мақсадимиз Ўзбекистон халқининг ёшу қариси, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, аёлларининг келажаги, ўсиши ва ривожланишига таъсир ўтказиш, бунда ўз ролини бажаришга қодир бўлиш ҳисобланади.

usaid, анжали каур, ақш, интервью, ўзбекистон

— Ҳозирги ташрифингиздан мақсад нима? Унинг натижалари ҳақида маълумот бероласизми?

— Ушбу ташрифим бу ердаги фаолиятимизни янада чуқурлаштиришни назарда тутади. Биласизми, ўтган йилда биз Ўзбекистон учун мамлакат бўйича биринчи стратегик дастурни ишлаб чиққандик. Бу стратегия тўртта асосий секторни қамраб олади — демократия ва бошқарув, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда иқтисодий ўсиш. Мен бу саъй-ҳаракатларни янада чуқурлаштириш учун шу ердаман.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан меморандум имзолашимиз режалаштирилган. Бу улар билан ҳамкорликни янада кучайтиради, шунингдек, глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлиги соҳасида ҳам олға силжишга ёрдам беради.

Шунингдек, биз фармацевтика комплаенси масаласини ҳам кўриб чиқмоқчимиз. Қандай қилиб беморларнинг хавфсизлиги, бозорда тўғри дори-дармонлар мавжудлигига эришишимиз мумкин? Бошқа мамлакатлардан, жумладан, АҚШдан қандай стандартлар ва процедураларни ўрганиб, бу ерда татбиқ этиш ва шу орқали ҳақиқатан ҳам халқ эҳтиёжлари нуқтаи назаридан энг яхши хизматлар кўрсатилишига эришиш мумкинлигини ўрганамиз.

— USAID`нинг Ўзбекистондаги миссияси очилганига унча кўп бўлмади. Нима учун Ўзбекистон USAID учун муҳим?

— Биз ушбу миссияни ишлаб чиқаётган вақтимизда жуда ҳаяжонда эдим. Ушбу вазифани бажариш бизга Ўзбекистон ҳукумати билан қўлни қўлга бериб, янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш имкониятини яратди. Буни фақат ўзаро ҳамкорликдаги миссиянгиз бўлсагина бажариш мумкин. Бошқа йўллар билан ҳам қўллаб-қувватласа бўлади, лекин буни фақатгина миссияни ишга тушириш орқали қилиш мумкин.

Менимча, бу жуда муҳим, чунки сўнгги 30 йил давомида, яъни 1993 йилдан бери USAID Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаб келади. Яъни бу фақатгина охирги икки йил ва миссиядан иборат эмас, сўнгги 30 йил давомида биз 621 млн доллардан ортиқ маблағни ёрдам сифатида бердик.

Бу Ўзбекистон халқига биз сизнинг доимий ҳамкорингиз, дўстингиз, тараққиёт донорингиз, шеригингиз эканимизни кўрсатади ва, умид қиламанки, келажакда ҳам кўрсатишда давом этади. Биз учун мустақил, фаровон ва ривожланган Ўзбекистонни кўриш устувор вазифа ҳисобланади.

Мамлакатнинг келажаги биз учун шунчалик муҳимки, биз ўзимизга янада фаоллашишга, мамлакатнинг ўсиб бораётган эҳтиёжлари ва ислоҳотларига йўналтирилган дастурларни амалга оширишга имкон берувчи миссияни ишлаб чиқишга қарор қилдик. Шунингдек, бу миссия минтақа даражасидаги ривожланишнинг устувор йўналишларини ўзаро боғлашга ва Ўзбекистон минтақа етакчиси бўлишда давом этишига имкон беради.

Биз доимо таъкидлашдан чарчамайдиган ва бизнинг 30 йиллик ҳамкорлигимизда ўз аксини топган жиҳат шундаки, биз бу мамлакатга сармоя сифатида киритган барча маблағлар грантлар ҳисобланади. Уларнинг ҳеч бири қарз эмас, ҳеч қандай шартларсиз берилган. USAID орқали Ўзбекистон халқига берилган барча ёрдам Америка халқидан ҳисобланади.

Бизнинг қўллаб-қувватлашимиз ортидаги ғоя ҳақиқатан ҳам бу мамлакатнинг ўсиши ва ривожланишини кўришдир. Шерикчилигимиз ривожланиб бораркан, Ўзбекистон халқи ва ҳукуматининг ўз олдига қўйган улкан мақсадларига эришишини, ўз потенциалига етишини ва бунга ўз ҳиссамизни қўшишни истаймиз. Шунинг учун ҳам бу ҳамкорликда фақат грантлар борлигини, ҳеч қандай мажбуриятлар ва шартлар назарда тутилмаслигини ҳисобга олиш муҳим деб ўйлайман.

— Ўзбекистон бўйича қайси соҳаларда иш олиб боряпсиз? Нега айнан бу соҳалар? Ҳамкорликнинг молиявий ва бошқа жиҳатдан кўлами қандай? Қайси дастур ва лойиҳалар билан фахрлана оласиз?

usaid, анжали каур, ақш, интервью, ўзбекистон

— Биз тўртта йўналишда лойиҳаларни қўллаб-қувватлаймиз: демократия ва бошқарув, соғлиқни сақлаш, иқтисодий ўсиш ҳамда таълим. Бу секторлар бўйлаб биз ҳар доим бир нечта асосий интеграция қилувчи жиҳатларни киритишга ҳаракат қиламиз. Масалан, аёллар имкониятларини кенгайтириш масаласи. Биз бунинг ҳар бир йўналишга интеграция қилинганига ишонч ҳосил қиламиз. Аҳолининг заиф қатламлари ва маргинал гуруҳларнинг эҳтиёжларини қондириш ҳам ҳамма соҳага интеграция қилинишини таъминлаймиз. Шунингдек, хусусий секторнинг ўсиши ва ривожланиши ҳам шулар қаторига киради.

Апрель ойида биз ҳукумат томонидан қабул қилинган гендер асосидаги зўравонликка қарши қонунни техник экспертизадан ўтказдик. Бу — тарихий воқеа. Бу мамлакатда гендер асосидаги зўравонликни жиноят сифатида қабул қиладиган биринчи қонундир ва бунда техник ёрдам кўрсатаётганимиздан фахрланамиз.

Қонун одамларни бундан буён ўз уйларида ва бошқа жойларда гендер зўравонлигига дуч келмаслигини таъминлашидан ва шу каби вазиятлар юз берганда ҳимоя қилишидан жуда хурсандмиз.

Шунингдек, мамлакатдаги 600 мингдан ортиқ одамга бепул юридик ёрдам кўрсатдик. Бу юридик ёрдам одамларга ўз ҳаётларини тиклашга, пул ёки ресурс тақчиллиги сабаб еча олмаган муаммоларини ҳал қилишга имкон беради. Энди улар ҳуқуқий билимга эга ва бу билимлар одам савдосига қарши курашдан тортиб бошқа қонуний масалаларгача ўз ичига олади.

Мен мамлакатда таълим сиёсати, айниқса, бошқа соҳалар қатори математика, ўзбек санъати ва маданияти, инглиз тилини чет тили сифатида ўқитиш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини илгари суриш имкониятини берган ютуқларимиздан жуда фахрланаман. Ҳаммамизга маълумки, таълим биз қилаётган барча ишларнинг ривожланиши учун асос ҳисобланади.

Мен фахрланадиган жиҳатлар жуда кўп, жумладан, миграция. Хавфсиз миграция борасидаги ишларимиз. Бу бизнинг иқтисодий тараққиёт секторидаги ишларимиз билан чамбарчас боғлиқ.

Биз Ўзбекистон фуқароларида мамлакатда ишлаш имконияти бўлишига ва улар шу ерда фаолият юритиб, шу ерда қолишига ёрдам беришни хоҳлаймиз. Аммо агар улар кетишга қарор қилса, миграциянинг хавфсиз йўллари бўйича маълумотга эга бўлишларида ёрдам беришни истаймиз.

Бу орқали улар мамлакатни тарк этганларида бу хавфсиз эканини ва уларни нима кутишини билади. Одам савдоси қурбони бўлганлар, оғир аҳволда қолганларга эса ҳамкорларимиз билан биргаликда ватанига ва хавфсиз шароитга қайтишда кўмаклашишни мақсад қилганмиз.

— USAID`нинг Ўзбекистон бўйича келгуси йиллардаги режалари қандай? Ҳукумат ёки жамоатчилик эътиборини қаратмоқчи бўлган соҳаларингиз борми?

— Биз президент томонидаги илгари сурилган ислоҳот дастурини қизиқиш билан кузатяпмиз ва ушбу ислоҳот дастурига ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлашни жуда хоҳлаймиз. Бу ислоҳотлар мамлакатнинг барча мақсад ва амбицияларини ҳамда унинг келажакдаги ривожланиш йўлини белгилаб беради.

Шунинг учун биз ҳукумат билан қўлни қўлга берган ҳолда қилиб келаётган ишларимизни янада жадаллаштирмоқчимиз. Шунингдек, минтақа бўйлаб савдо ва алоқаларни йўлга қўймоқчимиз, бу жуда муҳим, айниқса, инқироз шароитида.

Россиянинг кутилмаганда Украинага бостириб кириши шундай шароитни юзага келтирдики, мамлакат барқарор бўлмаган вазиятга тушиб қолди. Биз мамлакат ўсиши ва ривожланишини қўллаб-қувватлаётганимизга ишонч ҳосил қилишни хоҳлаймиз, давлат мустақил қолиши ва ўзини ўзи таъминлаши учун унинг ичида етарли ресурслар бўлиши керак.

Шунинг учун ҳам хусусий секторни ривожлантириш жуда муҳим ва биз бунга эътибор қаратяпмиз.

Демократия ва қонун устуворлиги ҳам суд тизими ислоҳотларини амалга ошириш доирасидаги ишларимизда муҳим саналади. Бу борада Адлия вазирлиги билан яқиндан ишлаяпмиз. Умуман, мамлакатнинг барча асосий вазирликлари билан ажойиб ҳамкорликка эгамиз. Мамлакат ислоҳотлар бўйича ўзининг улкан дастурини амалга оширишда олдинга силжир экан, вазирликларга ҳам ўзининг асосий вазифаларини амалга оширишда ёрдам бериш бизнинг келгуси йиллардаги асосий мақсадимиздир.

— Сизнинг мандатингиз Жанубий ва Марказий Осиёни ўз ичига олади. USAID`нинг Марказий Осиё бўйича ҳамкорлиги қайси соҳаларда ўхшаш ва қайсиларида бир-биридан фарқ қилади? Шунингдек, сизда бутун минтақани қамраб оладиган лойиҳалар ҳам бор. Булар қандай лойиҳалар ва улар нима учун муҳим?

— Жанубий ва Марказий Осиёнинг маданиятимиздан ташқари ҳам бошқа ўхшаш жиҳатлари кўп. Мисол учун, мен ўзбек тилида бизда ишлатиладиган сўзларни учратаман, ўзбекча рақслар ҳам бизникига ўхшаб кетади. Маданиятларимизда бир-бирини қадрлаш ва тушуниш бор.

Шунингдек, ривожланишда Жанубий ва Марказий Осиёнинг ҳар иккисига бирдек тааллуқли бўлган белгилар ҳам мавжуд, деб ўйлайман. Иқтисодий ўсиш шулардан биридир. Мен борган барча мамлакатларда иқтисодий омилларга эътибор қаратишни ва бу орқали мамлакатини юксалтиришни, халқ даромадини оширишни, уларга кўпроқ имконият беришни ва одамлар мамлакатни тарк этмаслигини исташади. Уларнинг барчаси истеъдодларни ўзларида сақлаб қолишни хоҳлайди.

Хўш, бу имкониятларни қандай яратамиз? Марказий Осиё, Ўзбекистон, шунингдек, Жанубий Осиёда ёшларнинг кўпайиб бораётганини кузатиб турибмиз. Хўш, биз ёшларнинг эҳтиёжларини қандай қилиб қондирамиз? Қандай қилиб уларга ҳозирги авлоддан кўра фаровонроқ ҳаёт қуриш учун имкониятларни яратишимиз мумкин?

Ҳозирда иқлим ўзгариши ҳақиқатан ҳам бутун дунё бўйлаб устувор аҳамиятга эга бўлиб турибди. Жанубий ва Марказий Осиё сув бўйича муаммоларга учрамоқда. Бу муаммо барчага тааллуқли. Барчамиз инфратузилмага таъсир қиладиган иқлим ўзгариши муаммоларига рўбарў келдик. Бу — асосий масалалардан бири.

Глобал соғлиқни сақлаш хавфсизлиги масаласини ҳам кўриб чиқишимиз даркор, биз ковид давридаги муаммоларга яна дуч келмасликни хоҳлаймиз.

— Сиз турли минтақа, ташкилотлар ва секторларда муваффақиятли фаолият юритдингиз ва кўплаб ёш аёллар учун намуна ҳисобланасиз. Карьерангизда сизга нима ёрдам берди? Ёш ўзбек аёлларига ҳаётдаги мақсадларига эришиш учун қандай маслаҳат бероласиз?

— Бу жуда муҳим савол деб ўйлайман. Аёллар, айниқса, ёш қизлар ўз олдига қўйган ҳар қандай мақсадни амалга оширишга қодир эканини англаши керак. Шахсан мен оиламнинг ёрдами туфайли муваффақиятга эришганман.

Айтмоқчиманки, оиланинг ўрни жуда муҳим. Ота-оналарнинг ёш қизларнинг ўқиши, амбицияли карьера йўлини танлаши, дунё муаммоларини ҳал қила олишини англашида қўшадиган ҳиссаси беқиёс. Бу муаммоларни ҳал қилишда улар муҳандис бўлишни хоҳлайдими, ҳуқуқшунос ё шифокорми: фарқи йўқ. Ҳамма иш уларнинг қўлидан келади.

Оиладаги муҳит бу тушунчаларни мустаҳкамлаш учун ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Оилам мени жуда кўп қўллаб-қувватлаган, улар менга хоҳлаган касб эгаси бўлишим мумкинлигини айтган. Ўша пайтда нимага қизиқишим борлигини аниқлашим учун атрофимдаги муҳитни тушуниш ва ўрганишга имконим бор эди.

Мен ҳар бир ёш ўзбек қизи ва йигити учун ҳам барча имкониятлар очиқ бўлишини истардим. Ўйлайманки, Ўзбекистон ҳукуматининг мақсади ҳам шу имкониятни тақдим этиш ҳисобланади. USAID дастурлари ҳам шунга эришишга қаратилган. Аёллар ва қизларга айтар сўзим шуки, барча мақсадларингизга эриша оласиз, ҳамма нарсанинг иложи бор.

usaid, анжали каур, ақш, интервью, ўзбекистон

Болаларимиз муваффақиятли ҳамда барча имкониятларга эга бўлиши учун оила, қишлоқ ва жамоанинг қўллови керак. Менимча, бу ҳар бир давлат, айниқса, Ўзбекистон учун муҳим.

— Охирги савол. Мен Абхижит Банержи ва Эстер Дюфлонинг Poor Economics ва Good Economics for Hard Times китобларини ўқигандим. Ўйлайманки, Ҳиндистон ва Ўзбекистонда гендер муаммолари бўйича ўхшаш жиҳатлар мавжуд. Бу муаммо мамлакат иқтисодига жуда боғлиқ, чунки оилада сиз бой бўлмасангиз, қизингиз ва ўғлингизга ҳамма нарсада тенг имконият беролмайсиз. Бу борада қандай фикрдасиз?

— Мен бу ерда ҳукумат муҳим роль ўйнайди деб ўйлайман. Чунки мамлакатингиздаги барча одамлар таълим бўладими, соғлиқни сақлаш хизматлари бўладими — энг асосий хизматлардан тенг ҳуқуқли фойдаланиш имкониятига эгалигига ишонч ҳосил қилишингиз лозим.

Мен ҳукумат ҳар бир хонадондаги ўғил бола ҳам, қиз бола ҳам яқин атрофдаги яхши ўқитувчилари, ўқув дастури бор мактабга бориши, у ерни битириб эса ишга жойлаша олиши учун масъул деб ҳисоблайман.

Кейинги галда эса битирувчи ўқувчиларга иш ўринлари мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш учун хусусий сектор ҳам масъул. Шунинг учун ҳам мен буни ўзаро боғлиқ бир яхлит нарса сифатида кўраман. Тўғри, ҳамманинг бу жараёнда ўз роли бор. Ҳукумат бунинг марказида туради ва биз у ўзининг энг асосий вазифасини бажаришига, бу хизматларни таъминлашига боғлиқмиз.

Аммо фуқаролар ҳам ҳукуматдан ҳисобдорлик сўрашда роль ўйнайди. Сиз ўзингизга кўрсатилиши керак бўлган хизматларни талаб қилишингиз ва сўрашингиз керак. Хизматлар сизнинг эҳтиёжингизга жавоб беришига, кейин эса бу маконда яшашингиз учун хавфсиз муҳит мавжудлигига ишонч ҳосил қилишингиз лозим.

Иқтисодингиз бу жараёнда ҳар бир фуқаро иштирок этсагина ўсиши мумкин. Мамлакат учун энг катта капитал ресурси унинг инсон ресурслари — одамларингиз ҳисобланади. Агар аҳолингизнинг фақат ярми фаол бўлса, масалан, аёллар ишламаса, иқтисодиётингизнинг 50 фоизини йўқотаётган бўласиз.

Шунинг учун ҳам ўғил ва қиз болалар, эркаклар ва аёлларда бир хил хизматлардан тенг фойдаланиш имконияти бўлишидан ҳамма манфаатдор бўлиши керак. Шунинг учун ҳам бизнинг барча ишларимизда аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш назарда тутилади. Чунки биз қандай хизмат ёки дастур бўлмасин, унда тенг имкониятлар бўлиши керак, ҳар бир фуқаро муҳим деган тамойилни ўрнатишни истаймиз.

Бу эса мамлакатга нафақат ҳозир фойда келтиради, балки келажак авлодлар ҳам бундан манфаатдор бўлади. Бу маданият, иқтисодиёт, ўсиш ва ривожланиш учун фойдали бўлади. Шунингдек, бу дунёқарашни ҳам ривожлантиради.

Бутун дунё мамлакатда аёл ва эркаклар тенг ҳуқуққа эга эканини, ҳукуматда ҳар бирининг ўз овози борлигини кўрса, мамлакат савдо учун ҳам жозибадор бўлади. Чунки сиз мувозанатли ҳукуматни, мамлакатни, фуқароларни кўрасиз, бу эса барқарорликка ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ишонтиради.

Булар — оддий омиллар. Биз баъзан улар ҳақида унутиб қўямиз ва формулалар ҳамда нима қилишимиз кераклиги ҳақида мураккаб фикрларга берилиб кетамиз. Биз амалга ошираётган барча ишларимизда тенглик ва холислик тамойилини ҳисобга оламиз.

Баҳодир Абдуллаев суҳбатлашди.