АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Осиё бўйича бюроси маъмурияти ёрдамчиси ўринбосари Анжали Каур (Änjali Kaur) АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида 26−30 август кунлари Ўзбекистонда бўлади. У ташриф доирасида USAIDнинг ҳамкорлари ва ҳукумат расмийлари билан учрашади.

Хусусан, Анжали Каур Самарқандда инглиз тили фани ўқитувчилари билан давра суҳбати ўтказиб, USAID ёрдами билан давлат мактаблари тизимида инглиз тилини ўқитиш қандай яхшилангани билан танишади. Шунингдек, у USAID томонидан молиялаштирилган мигрантлар учун маслаҳат марказига боради ва агентлик кўмагида бизнеси кенгайган бир қанча тадбиркорлар билан ҳам учрашади.

Маълум қилинишича, USAID расмийси Тошкентда фармацевтика соҳасида халқаро сифат стандартларини таъминлаш ҳамда Ўзбекистонда хавфсиз ва сифатли дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази билан ўзаро англашув меморандумини имзолайди.

Маълумот учун, Анжали Каурнинг фаолият доираси Жанубий ва Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон, шунингдек, бутун Осиё минтақаси учун техник хизматларни қамраб олади.

Эслатиб ўтамиз, Анжали Каур 2022 йилнинг май ойи сўнгида ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрганди. Ўшанда у USAID орқали Ўзбекистоннинг миллий иммунизация тизимини мустаҳкамлаш мақсадида ССВга жуда зарур бўлган совуқ занжирли ускуналар ва компьютерларни топшириш маросимида иштирок этган.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Тўраев билан учрашув ўтказиб, USAID Ўзбекистондаги, айниқса, Оролбўйи ҳудудидаги қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш учун 2,4 млн доллар ажратишини маълум қилганди.