Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги 10-сонли мактабгача таълим ташкилотидаги болалар овқатдан заҳарлангани ортидан муассаса вақтинча ёпилди.

Кеча 13−14 сентябрь кунлари 10-сонли боғчадан 14 нафар ва бошқа иккита боғчадан яна 4 нафар бола диарея ташхиси билан шифохонага ётқизилгани хабар қилинганди.

Санэпидқўмита матбуот хизмати хабарига кўра, 13 сентябрь куни тушдан бошлаб эртаси куни кечқурунга қадар 10-боғчада тарбияланаётган болалар кўнгил айниши, қайт қилиш, тана ҳароратнинг кўтарилиши, тез-тез ич кетиши каби шикоятлар билан шаҳар шифохонасига мурожаат қилган.

Болалардан 24 нафари овқатдан заҳарланиш ёки ошқозон фаолиятининг функционал бузилиши бирламчи ташхиси билан ётқизилган, 7 нафарига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган.

Санэпидқўмита ходимлари лаборатор текширувлар учун юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган беморлардан ҳамда ДМТТ омборхонасида сақланаётган озиқ-овқат махсулотларидан намуналар олди, дейилади хабарда.

Боғчанинг 240 нафар тарбияланувчиси шифокорлар томонидан тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, назоратга олинди. Воқеа ортидан боғчанинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди.