Европарламент резолюция қабул қилди, унда Беларусь президенти Александр Лукашенко Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни олиб чиқишда шерик деб тан олди ва Гаагадаги Халқаро жиноий судни (ХЖС) уни ҳибсга олишга ордер беришга чақирди.

Гап 2000 нафардан ортиқ «руслаштириш ва мафкуравий тарғиботга учраган» болаларни Украинанинг Россия томонидан босиб олинган вилоятларидан Белорусдаги соғломлаштириш лагерларига ноқонуний олиб келингани ҳақида бормоқда. Улар орасида етимлар ҳам бўлган. Лукашенко ва унинг режимининг бу ҳаракатлари, резолюцияда қайд этилганидек, аҳолини депортация қилиш ёки мажбуран кўчириш кўринишидаги инсониятга қарши жиноят бўлиши мумкин.

«Европа парламенти Лукашенкони Владимир Путин ва Мария Львова-Белова каби ушбу ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб ҳисоблайди ва шу сабабли ХЖСни Лукашенкони ҳибсга олиш учун худди шундай халқаро ордер бериш масаласини кўриб чиқишга чақиради», — дейилади ҳужжатда.

2023 йил март ойида Гаагадаги Халқаро суд Россия президенти Владимир Путин ва болалар ҳуқуқлари бўйича комиссар Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Улар украиналик болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда гумон қилинмоқда. Июль ойи охирида Львова-Белованинг хабар беришича, 2022 йил февраль ойида уруш бошланганидан бери Россия Украинадан 700 мингдан ортиқ болани олиб кетган. Украина Миллий ахборот бюроси маълумотларига кўра, мамлакатда вояга етмаганларни депортация қилиш ёки мажбуран кўчириш бўйича 19,5 мингта ҳолат қайд этилган.

Бундан ташқари, Европа парламенти «Лукашенко режимининг Россиянинг Украинага қарши асоссиз ва ноқонуний босқинчилик урушидаги иштирокини», шунингдек, «нафратни қўзғатиш, дезинформация ва Москванинг жанговар риторикасини акс эттирувчи ташвиқотини» кескин қоралади.

Резолюцияда, шунингдек, Лукашенко режимининг Россия армиясига ўқ-дорилар ва ҳарбий техника кўп миқдорда етказиб берилиши ҳамда Россия қўшинларининг Беларусга киритилиши қораланади.

«Россиянинг Украинага қарши асоссиз тажовузкор урушига йўл қўйиб, Лукашенко режими Россия томонидан содир этилган жиноятларга шерик бўлди, бу Украинага етказилган вайронагарчилик ва зарар учун жавобгарликни назарда тутади», — дейилади резолюцияда.

Ташкилотнинг қўшимча қилишича, Россия томонидан Украинага нисбатан содир этилган босқинчилик жинояти бўйича махсус халқаро трибунал «нафақат Путин ва Россия сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти, балки Беларусь раҳбарияти ҳам жиноятларини тергов қилиш ваколатига эга бўлиши керак».

Европа Иттифоқи 2020 йилда Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайлови натижалари яъни Александр Лукашенко ғолиб деб эълон қилинганини тан олмайди ва овозлар сохталаштирилган деб ҳисоблайди. Европарламент томонидан қабул қилинган резолюция матнида Беларусь раҳбариятига нисбатан «Александр Лукашенконинг ноқонуний режими» атамаси қўлланган.