Ўзбекистон автомобиль бозорида ўсиш бироз секинлашганига қарамай, барқарор ўсишда давом этмоқда. Ой давомида сотувлар 2,4 фоизга ўсди ва энг сезиларли ўсиш электромобиллар иккиламчи бозорида қайд этилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида баён қилинди.

Август ойда автотранспорт воситаларини сотиш 2,4 фоизга ўсиб, 148 мингтага етди. 2022 йилнинг август ойига нисбатан сотувлар сони 24 фоизга ортган.

Енгил автомобиллар

Август ойида сотилган енгил автомобилларнинг умумий сони 135 мингтадан ошиб, ўтган ойга нисбатан 2,3 фоизга ўсди. Нисбатан юқори ўсиш Хоразм — 17 фоиз, Жиззах — 12 фоиз ва Сирдарё — 11 фоиз вилоятларида қайд этилди.

Умуман олганда, енгил автомобиллар савдоси ўтган йилнинг август ойига нисбатан 24 фоизга ўсди.

Енгил автомобиллар сонининг ўзгариш динамикаси, 2021−2023 йилларЕнгил автомобиллар сонининг ўзгариш динамикаси, 2021−2023 йиллар

Бирламчи автомобил бозоридаги вазият

Август ойида жами 37,7 мингта янги енгил автомобиллар сотилиб, автомобиль сотуви ўтган ойга нисбатан 9 фоизга ўсган. Ўтган йилнинг август ойига нисбатан бирламчи енгил автомобиллар бозорида ўсиш 2 баравардан кўпроқни ташкил этди.

автомобиллар бозори, иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, электромобиль

Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллари сегментида сотувлар 32,6 мингтани ташкил этди (июль ойида 29,6 мингта).

Хорижда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар бозори

Август ойида хорижда ишлаб чиқарилган 5,4 мингта янги енгил автомобиллар сотилиб, июль ойидаги кўрсаткичдан 8,7 фоизга кўпайган.

автомобиллар бозори, иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, электромобиль

Иккиламчи бозорда енгил автомобиллар савдоси бироз пасайди. Ой давомида 97,5 мингта енгил автомобиллар сотилиб, ўтган ойга нисбатан 0,1 фоизга пасайган. Шу билан бирга, ўтган йилнинг август ойига нисбатан сотув миқдори 7 фоизга ўсган.

Қайд этилишича, иккиламчи автомобиль бозорида сотувларнинг пасайиши UzAuto Motors томонидан Cobalt, Lacetti, Labo ва Damas автомобиллари учун шартномаларнинг тикланиши билан боғлиқ (шу йилнинг август ойидан бошлаб 51 мингга яқин автомобил учун шартнома тузилган, компания бу 2023 йил охиригача ишлаб чиқариш режага мос келишини таъкидлаган).

Электромобиллар бозори

Август ойида енгил электромобиллар сотуви 3,7 мингтадан ошиб, июль ойига нисбатан 38 фоизга кўпайган.

Электромобиллар энг кўп Тошкент шаҳрида (2,8 мингта), Тошкент вилояти (250 та) ва Фарғона вилоятида (139 та) сотилган.

автомобиллар бозори, иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, электромобиль

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан электромобиллар сотуви 5 бараварга ошган.

Бирламчи бозорда электромобиллар сотуви 3,2 мингтани ташкил этди ва ўтган ойга нисбатан 35 фоизга ўсди. Сотиш кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,3 бараварга кўпайган.

Сезиларли ўсиш электромобилларнинг иккиламчи бозорида қайд этилди. Ой давомида сотувлар 56 фоизга ўсди ва 497 донани ташкил этди. Сотиш кўрсаткичи 2022 йил август ойига нисбатан 89 фоизга ошган.