АҚШдан Ўзбекистонга 25 нафар инглиз тили ўқитувчиси келди. Улар бутун мамлакат бўйлаб 10 ойлик ўқитиш ва малака ошириш дастурларини ўтказади, маҳаллий ўқитувчилар билан биргаликда ўқувчи ва талабаларга бевосита дарс беради.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизматининг хабар беришича, гуруҳ таркибига мактабларнинг 10-синфидан то университет даражасигача бўлган босқичда маҳаллий инглиз тили ўқитувчилари билан биргаликда дарс берувчи америкалик 17 нафар инглиз тили ўқитувчиси ҳамда университет даражасида инглиз тили ўқитиш салоҳиятини оширадиган, бошқа тилларда сўзлашувчилар учун инглиз тили ўқитишга (TESOL) ихтисослашган 8 нафар тажрибали устоз (EL Fellows) киради.

Америкалик ўқитувчиларнинг 15 нафари АҚШ Давлат департаментининг Fulbright инглиз тили ўқитиш бўйича ёрдамчиси (ETA) дастурининг бир қисмидир, 2 нафари эса Ўзбекистонда инглиз тили ўқитишни давом эттириш мақсадида Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг «Инглиз тили ўргатувчи» дастурида аввал ҳам қатнашган ETA битирувчиларидир. Бу устозлар TESOL ёки тегишли соҳада магистр даражасига ва ўртача 10 йиллик ўқитувчилик тажрибасига эга.

ақш, инглиз тили, ўқитувчи

АҚШ элчиси Жонатан Хеник давом этаётган дастур «катта аҳамиятга эга» эканини таъкидлади. «Инглиз тилини ўргатиш бу биргина тил ўргатиш дегани эмас; бу ўқувчиларнинг нафақат тил ҳақидаги, балки бутун дунё ҳақидаги фикрларини шакллантиришга ёрдам берувчи имконият ҳамдир», — деди у.

Ўқитувчилар АҚШнинг турли қисмларидан — Калифорниядан Флоридагача бўлган ҳудудлардан келган ва Ўзбекистоннинг 11 та ҳудудида ишлайди. Шунингдек, улар Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро англашувга кўмаклашувчи АҚШнинг маданий элчиси бўлиб хизмат қилади, дейилади баёнотда.

Америкалик мутахассисларни жалб қилган ҳолда инглиз тилини ўргатиш ташаббуслари 2019 йилда АҚШ элчихонаси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва технологиялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳамкорликда бошланган.

Бу дастурлар АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш ва ўрганишни яхшилашга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир. 2018 йилдан бери АҚШ Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитиш ва ўрганишга 28 млн доллардан ортиқ сармоя киритди.

Бу ёрдам бутун мамлакат бўйлаб 10 мингдан ортиқ мактаб учун юқори сифатли инглиз тили дарсликларини харид қилиш ва умумтаълим мактабларида 15 минг инглиз тили ўқитувчиларининг малакасини оширишни ўз ичига олади.

Аввалроқ USAID`нинг 2019−2023 йилларга мўлжалланган «Ўзбекистон баркамоллик учун таълим дастури» якунига етганди. 29,5 млн долларлик лойиҳа доирасида тўртта фандан дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмалар ишлаб чиқилган. Дарсликлар 4 йил давомида Сирдарё ва Наманган вилоятларида тажрибадан ўтказилган.