Тошкентда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 2019−2023 йилларда амалга оширилган «Ўзбекистон баркамоллик учун таълим дастури»нинг якунига бағишланган тадбир ўтказилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

2019 йилнинг декабрь ойида ўз фаолиятини бошлаган мазкур дастур доирасида тўртта: она тили ва ўқиш саводхонлиги, математика, информатика ва ахборот технологиялари ҳамда инглиз тили фанларидан дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмалар ишлаб чиқилди.

Хусусан, она тили ва математика дарсликлари бошланғич синфларга, информатика фани 5−11-синфлар учун, инглиз тили дарслиги эса 1−11-синфларга тайёрланди. Дарсликларнинг барчаси ҳам ўқувчилар, ҳам ўқитувчилар учун мультимедиа ресурслари билан бирга тайёрланган бўлиб, лойиҳа учун USAID томонидан 29,5 миллион доллар маблағ ажратилди.

Фото: Республика таълим маркази

Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторовнинг «Газета.uz» мухбирига айтишича, лойиҳа доирасида Кембриж нашриёти томонидан ишлаб чиқилган 1−11-синф инглиз тили ҳамда 5−11-синф информатика ва ахборот технологиялари фанлари дарсликлари маҳаллийлаштирилиб, ўзбекчага таржима қилинди. Ушбу дарсликлар учун USAID ҳамкорлигида 5 йил муддатга муаллифлик ҳуқуқи сотиб олинди.

«Информатика ва инглиз тили дарсликлари мутахассислар томонидан таҳлил қилинди ҳамда менталитет нуқтаи назаридан тақриздан ўтказилиб, мослаштирилди. Информатика фанидан ўқувчи ва ўқитувчиларга мўлжалланган дасрликлар, мультимедиа ресурсларининг барчаси ўзбек тилига ўгирилди», — деди у.

usaid, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, мактаб

Шуҳрат Сатторов / Фото: Республика таълим маркази

Унинг қайд этишича, она тили ва математика дарсликлари ҳам стандартларга асосан тайёрланди.

«Стандартларга асосланган таълимнинг аҳамияти шундаки, давлат томонидан ўқувчи портрети чизиб берилади. Ўқитувчи эса мана шу портрет асосида ўқувчини ҳаётга тайёрлайди», — деди Шуҳрат Сатторов.

Республика таълим маркази директорининг сўзларига кўра, она тили ва математика дарсликларини тайёрлаш жараёнида АҚШ, Канада, Австралия каби мамлакатларнинг ўз фани бўйича етакчи бўлган мутахассислари ва маҳаллий таниқли олимлар, малакали педагоглар иштирок этган. «Иккита фан доирасида 50 га яқин муаллифлар қатнашди. Информатика ва инглиз тили фанлари бўйича эса тақризчи гуруҳлар ва таржимонлар меҳнат қилди. Асосан, Флорида давлат университети, Миссисипи давлат университетидаги профессорлар билан бирга тайёрланди», — деди у.

Фото: Республика таълим маркази

«Тўртала фан дарсликлари 4 йил ичида Сирдарё ва Наманган вилоятларида жами 948 та мактабда синовдан ўтказилди. Ушбу жараёнда 330 мингдан зиёд ўқувчилар иштирок этди. Уларга 850 мингга яқин дарс мажмуалари етказиб берилди. 10 мингга яқин ўқитувчи эса янги дарсликлар ва ресурслар асосида дарс беришни ўрганди», — деди Шуҳрат Сатторов.

USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси таълим йўналиши бўйича директори Луанн Гронховд лойиҳа юзасидан ўз фикрларини билдираркан, шундай деди:

«Мазкур таълим дастурини амалга оширишдан мақсад Ўзбекистон ҳукумати томонидан таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб- қувватлашдир. Кембриж дарсликлари вазирлик ташаббуси ва улар танлови сабаб танлаб олинди. Кембриж материалларидан фойдаланиш учун муаллифлик ҳуқуқини берувчи лицензияни сотиб олиб, буни вазирликка тўлиқ топширдик. Бу дарсликлардан Ўзбекистон халқи ва болалари бемалол фойдалана олади. Шу кунгача информатика ва инглиз тили дарсликларини ўқитиш муваффақиятли йўлга қўйлганига гувоҳ бўлдик».

usaid, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, мактаб

Фото: Республика таълим маркази

Унинг айтишича, дастур доирасида ўқув методик мажмуалар ҳам ишлаб чиқилди. Ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича вазирлик билан самарали ҳамкорлик олиб борилди.

«Кўриб турганингиздек, ушбу дасрликлар сифати жуда юқори. Бу ҳақда педагоглардан ҳам, ўқувчилардан ҳам ижобий фикрлар эшитяпмиз. Авваллари ўқитиш методикасида ўқитувчи кўпроқ гапирарди, ўқувчи эшитарди. Ушбу дарсликлар эса болага креатив фикрлашни, масалаларни ечишни, ҳаётий вазиятларда ўзини қандай тутишни ўргатади. Бу ўқувчиларнинг узоқ муддатли муваффақият ва фаровонликка эришишига ёрдам беради», — деди Луанн Гронховд ОАВ вакилларига берган интервьюсида.

Шуҳрат Сатторовга кўра, айни пайтда информатика ва инглиз тили дарсликлари барча мактаблар учун чоп этилмоқда. «Математика ва она тили фани дарсликлари эса синовдан ўтди. Эндиликда ўқитувчилар фикри ўрганилиб, натижалар таҳлил қилинади ва бир қарорга келинади», — деди у.

Маълумот учун, USAID АҚШ ҳукуматининг мустақил агентлиги бўлиб, у биринчи навбатда хорижий давлатларга фуқаролик ва ривожланиш йўлида ёрдам беришни бошқаришга масъулдир. Бюджети 27 миллиард доллардан ортиқ бўлган USAID дунёдаги энг йирик расмий кўмак агентликларидан бири ҳисобланади ва АҚШ ташқи ёрдамининг ярмидан кўпини ташкил этади.