Президентнинг 11 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг якуний таҳриридан ҳар йили мактабларда 500 минг ўқувчи ўрни ташкил этиш банди жой олмади.

Шавкат Мирзиёев май ойи охирида ўзининг сайловолди дастури билан чиққан нутқида 2023 йилда 390 минг бола мактабни тамомлаган бўлса, 700 минг бола биринчи синфга боришини (2024 йилда бу кўрсаткич 1 миллионга кўпайишини) таъкидлаганди. Келгуси 7 йилда мактабларда қўшимча 2,5 млн ўқувчи ўрни яратиш ва таълим сифатини тубдан ошириш зарурлиги, бунинг учун «Йилига 500 минг ўқувчи ўрни» дастури амалга оширилиши билдирилганди.

Бу вазифани амалга ошириш 2023/2024 ўқув йилидан бошланиши режалаштирилган ва август ойи бошида муҳокамага қўйилган «Ўзбекистон-2030» стратегияси лойиҳасига киритилганди. Худди шу лойиҳада ўқув ўринлари сонини 7,5 миллионга ошириш, шунингдек, 2,5 миллион ўқувчи ўрнига эга мактаблар қуришга 8 миллиард доллар ажратиш ҳақида сўз борган.

Август ойи охирида президент 2024 йилда мактабларда 250 минг ўқувчи ўрни яратиш режалаштирилаётганини маълум қилган.

Август ойида президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева мактабларда 1,2 миллион ўқувчи ўрни етишмаслигини маълум қилган. Ҳар йили ўртача 35−40 та мактаб ташкил этилмоқда, деганди у.

2021 йил май ойида ўша пайтдаги халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мамлакатдаги мактаб ўқувчилари сони (6,24 миллион) мактабларнинг лойиҳавий қувватидан (5,06 миллион) сезиларли даражада ошиб кетгани ҳақида маълумот берганди — фарқ 1,18 миллионни ташкил қилган. У синфларнинг тўлалиги ва икки сменада дарс ўтилиши (ўша пайтдаги мактабларнинг 70 фоизида)ни аҳолининг кўпайиши ва мактабларнинг 9 йиллик таълимга ўтказилиши (2010 йилдан 2017 йилгача) билан изоҳлаган. 11 йиллик таълим қайтилгач, 400 га яқин лицей ва коллежлар мактабга айлантирилган.