Келгуси йилда Ўзбекистондаги мактабларда 250 минг ўқувчи ўрни яратиш режалаштирилмоқда. Бу 2022 йилга нисбатан икки баравар кўп, дейилади душанба куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган йиғилишда.

Биринчидан, Инвестиция дастурида мактаблар қурилишига 3 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Бу 150 минг ўқувчи ўрни яратиш имконини беради.

Иккинчидан, кам қувват билан ишлаётган 61 та коллеж бинолари ўрнида янги мактаблар ташкил қилинади. Бу билан қўшимча 42 минг ўқувчи ўрни яратилади.

Яна 50 та мактаб давлат-хусусий шериклик асосида қурилади.

Йиғилишда хусусий секторга қўшимча шароитлар яратиш орқали йилига камида 25 минг ўқувчи ўрни ташкил қилиниши таъкидланди.

«Тадбиркорларга хусусий мактаб ташкил қилиши учун кредитнинг 7 фоиз қисми бюджетдан қоплаб берилади», — деди президент.

«Янги мактаб қуриш учун ер майдонлари фақат мактаб қуриш учун мақсадли аукционга чиқарилади», — дея таъкидлади у.

Шавкат Мирзиёев масъуллар олдига мазкур тадбирларни молиялаштириш, шунингдек, муассасаларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш вазифасини қўйди.

Йиғилишда таъкидланишича, сўнгги олти ярим йил ичида (мамлакат президенти алмашганидан кейин) 700 минг ўқувчи ўрни яратилди. Бундан ташқари, 70 минг ўринга мўлжалланган 350 та янги хусусий мактаб ташкил этилди.

Мамлакатда 320 минг хонадонли янги уй-жой барпо этилгани билан уларга мос қувватдаги мактаблар қурилмади. Янги қурилган массив ва маҳаллаларда ҳозирнинг ўзида 350 минг янги ўқувчи ўринларига талаб бор. Мавжуд мактаблар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам кўп ишлар қилиниши керак, — деди президент.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон-2030» стратегияси лойиҳасида «Йилига 500 минг талаба ўрни» дастурини амалга оширишни бошлаш ва 2023/2024 ўқув йилида 500 минг ўрин яратиш таклиф қилинганди.

Май ойи охирида Шавкат Мирзиёев президентликка номзод сифатида қилган нутқида 2023 йилда 390 минг бола мактабни тамомласа, 700 минг бола биринчи синфга боришини маълум қилганди. Келгуси йилда бу рақам 1 миллионга ошади, деганди у.

Бир неча кун аввал президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева мактабларда 1,2 миллион ўқувчи ўрни етишмаслигини маълум қилди. Ҳар йили ўртача 35−40 та мактаб ташкил этилмоқда, деди у.

2021 йил май ойида ўша пайтдаги халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мамлакатдаги мактаб ўқувчилари сони (6,24 миллион) мактабларнинг лойиҳавий қувватидан (5,06 миллион) сезиларли даражада ошиб кетгани ҳақида маълумот берганди — фарқ 1,18 миллионни ташкил қилган. У синфларнинг тўлалиги ва икки сменада дарс ўтилиши (ўша пайтдаги мактабларнинг 70 фоизида)ни аҳолининг кўпайиши ва мактабларнинг 9 йиллик таълимга ўтказилиши (2010 йилдан 2017 йилгача) билан изоҳлаган. 11 йиллик таълим қайтилгач, 400 га яқин лицей ва коллежлар мактабга айлантирилган.