Тошкентдаги марказий (Шимолий) темирйўл вокзалида бир босқичли назорат пункти иш бошлади, деб хабар қилди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Бу ҳужжатларни текшириш ва багажни кўздан кечириш энди аввалгидек бир нечта жойда эмас, балки бир жойда амалга оширилишини англатади.

Илгари «Тошкент-Жанубий», шунингдек, Самарқанд ва Намангандаги темирйўл вокзалларида бир босқичли назорат-ўтиш пунктлари жорий қилинганди.

Босқичма-босқич бундай назорат пунктлари Ўзбекистондаги барча вокзалларда ишлай бошлайди, дейилади хабарда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил апрель ойида аэропортлар, шунингдек, темирйўл ва автовокзалларга киришни соддалаштириш тўғрисидаги қарорни имзолаганди.

Ҳужжатда мазкур қарор аэровокзал, темирйўл ва автобус вокзалларида йўловчи ҳамда ташриф буюрувчилар учун замонавий талаблар асосида кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, кириб-чиқишни соддалаштириш, зарур шароитлар яратиш ҳамда вокзаллар ва уларга тегишли ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш кўзда тутилган.

Аввалги йилларда вокзал ва аэропортларга кириш аста-секин кучайтирилганди. Йўловчилар назоратнинг бир неча босқичларидан ўтишлари талаб этилар, кузатиб қўювчилар ва кутиб олувчиларга эса вокзал ва аэропорт биноларига киришга рухсат берилмасди.