Ўзбекистонда аэропортлар, темир йўл ва автобус вокзаллари биноларига кириб-чиқиш соддалаштирилади. Бу Ўзбекистон президентининг 30 апрелдаги «Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ўз аксини топди.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур қарор аэровокзал, темир йўл ва автобус вокзалларида йўловчи ҳамда ташриф буюрувчилар учун замонавий талаблар асосида кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, кириб-чиқишни соддалаштириш, зарур шароитлар яратиш ҳамда вокзаллар ва уларга тегишли ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан вокзаллар биноларига ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда кириб-чиқишларига рухсат бериш режалаштирилмоқда.

Вокзаллар ва уларга тегишли ҳудудларда умумий овқатланиш жойларини ташкил этиш, чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил этишга рухсат бериш тартибини соддалаштирилади.

Халқаро аэропортлар ҳудудида барча турдаги йўловчи автотранспорт воситаларига аэропортларнинг эстакадасидан фойдаланишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, вокзалларнинг асосий текширув пунктлари кириш жойларидаги бирламчи назорат-текширув постлари билан бирлаштирилади.

Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Транспорт вазирлигига уч ой муддатда мутасадди идоралар вакилларидан иборат таркибда Республика комиссиясини тузган ҳолда, вокзаллар бинолари ва уларга тегишли ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш тартибларини илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Мазкур тузилмалар вокзаллар бинолари ва уларга тегишли ҳудудларда хавфсизликни таъминлашнинг замонавий техник назорат воситалари (транспорт ва шахсни аниқлаш воситалари) ва усуллари билан тўлиқ таъминлаб бориш чораларини кўради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент матбуот котиби Шерзод Асадов Тошкент халқаро аэропортига кириб боришдаги анчадан бери ёпиқ ётган эстакада йўли очилиши кутилаётганини маълум қилган эди.