Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни Тошкентда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунъюйни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Цюй Дунъюй Самарқандда ўтаётган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Учрашув аввалида президент юқори даражали меҳмонни БМТнинг етакчи тармоқ тузилмаси раҳбари этиб қайта сайлангани билан қутлади ҳамда Самарқанддаги конференцияни қўллаб-қувватлагани ва унинг ишида шахсан иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарши, жумладан, минтақа даражасида курашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, фао, цюй дунъюй, шавкат мирзиёев

Аграр тармоқни ривожлантиришдаги номутаносибликлар, сув ресурсларининг танқислиги, қўшимча қиймат яратишнинг узун ва самарасиз занжирлари, логистикадаги узилишлар ва бошқалар барқарор ривожланиш учун асосий хатарлар сифатида қайд этилди.

ФАО хабарида қайд этилишича, томонлар ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга келишиб олди. Шавкат Мирзиёев мамлакатда ФАО билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича янги «йўл харитаси» қабул қилинишини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги 2030 йилгача бўлган янги ҳамкорлик дастурига учта йўналиш бўйича қўшма тадбирларни киритиш бўйича келишувга эришилди:

  • қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, жумладан, тупроқни тартибга солиш, уруғларни сақлаш ва танлаш;
  • қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, жумладан, «Қўлни қўлга» ташаббуси доирасида маълумотлардан фойдаланиш ва «1000 та рақамли қишлоқ» ташаббусини амалга ошириш;
  • янги самарали молиявий воситаларни жорий этиш.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Самарқандда бўлиб ўтган анжуман иштирокчиларига мурожаатида халқаро молия институтларини ривожланаётган мамлакатлар фермерлари учун замонавий технологиялар ва қишлоқ хўжалиги усулларидан фойдаланишга ёрдам беришга чақирганди.

Цюй Дунъюй ўз нутқида Марказий Осиё иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга айниқса заиф эканини ва бу глобал озиқ-овқат саватига таъсир қилишини таъкидлаган.

«Биз минтақага ёрдам беришимиз керак. Технологиялар, инвестициялар ва иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал қилиш йўллари билан», — дейди халқаро ташкилот раҳбари.

Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг июнь ойида Италияга қилган расмий ташрифининг биринчи кунида ФАО офисига ташриф буюрган ва Цюй Дунъюй билан учрашув ўтказганди. Ўшанда улар 2030 йилгача бўлган ҳамкорлик дастурини муҳокама қилган.

«Газета.uz» бир кун аввал Самарқандда ўтаётган конференциядан репортаж эълон қилганди.