Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтаётган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади. Унинг мурожаатини бош вазир Абдулла Арипов ўқиб эшиттирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

озиқ овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция, президент мурожаати, самарқанд, шавкат мирзиёев

Фото: Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати.

Давлат раҳбари ўз мурожаатини тадбир иштирокчиларини конференциянинг очилиши билан табриклади. Унда дунёнинг 32 та давлатидан 620 нафардан зиёд хорижий меҳмон ҳамда 30 дан ортиқ халқаро ташкилотдан вакиллар иштирок этмоқда.

«Сизларга яхши маълумки, озиқ-овқат хавфсизлиги, уни барқарор етказиб бериш, очлик ва қашшоқликка қарши кураш масалалари бугун ҳам ўта долзарб бўлиб қолмоқда. Сўнгги ўн йилларда „яшил инқилоб“ ва инновацион технологияларнинг кенг жорий этилиши туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошди, тобора кўпайиб бораётган дунё аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашда сезиларли ютуқларга эришилди. Афсуски, кейинги пайтда коронавирус пандемияси, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги инқирозлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизимида занжирларнинг узилиши ва нархлар ошишига сабаб бўлди» — дейилади мурожаатда.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бундан айниқса ривожланаётган мамлакатлар жабр кўрмоқда. Глобал иқлим ўзгаришлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимига инвестиция ҳажми камайиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Бу эса Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни хавф остида қолдирмоқда.

озиқ овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция, президент мурожаати, самарқанд, шавкат мирзиёев

Фото: Жаҳонгир Азимов.

«Замонавий технологиялар ва қишлоқ хўжалиги техникаси ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги фермерлар учун бир хилда очиқ ва ҳамёнбоп бўлиши керак. Биз халқаро молия институтларини ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг «яшил технологиялар»дан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга чақирамиз» — деди президент.

«Ўзбекистон энг зарур маҳсулотлар савдоси ва транспортировкасида тўлиқ эркинлик ҳамда озиқ-овқат юклари ҳаракатини тартибга соладиган қоидаларни соддалаштириш тарафдори. Савдо йўллари хавфсизлиги ва очиқлигини таъминлаш давлатлараро муносабатларда ўзгармас тамойил бўлиб қолиши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, агротармоқ мамлакат иқтисодиётидаги етакчи секторлардан бири бўлиб, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 27 фоизи ушбу соҳада меҳнат қилади. Мамлакатда қишлоқ хўжалигини янада самарали ва ресурс тежайдиган соҳага айлантириш, қишлоқда аҳоли ҳаёт даражасини яхшилаш, халқни арзон ва барқарор нархларда хавфсиз ва витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, соғлом овқатланишни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.

озиқ овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция, президент мурожаати, самарқанд, шавкат мирзиёев

Фото: Жаҳонгир Азимов.

«Бизнинг юртимиздан етишиб чиққан, Ғарбда „Авиценна“ деган ном билан шуҳрат қозонган буюк аллома Ибн Сино бобомиз ўрта асрлардаёқ „Кимки узоқ ва соғлом ҳаёт кечиришни истаса, аввало, овқатнинг сифати ва миқдорига эътибор қаратсин“, деб таъкидлаганлар. Албатта, дунё аҳолиси ўртасида соғлом овқатланиш маданиятини шакллантириш — узоқ давом этадиган жараён. Бу мақсадга эришишда барча давлатлар ҳукуматлари, ишлаб чиқарувчилар, олимлар ва тиббиёт ходимлари яқин ҳамкорликда иш олиб боришлари лозим, деб ҳисоблаймиз», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Президент конференция давомида ана шундай муҳим масалалар ҳақида атрофлича фикр алмашиб, глобал миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган янги ташаббус ва амалий таклифлар ишлаб чиқилишига ишонишини таъкидлаган.

«Меҳмондўст Ўзбекистон заминига хуш келибсиз! Мамлакатимизга ташрифингиз мазмунли ва самарали бўлсин!», — дея якунланди мурожаатини Шавкат Мирзиёев.