4 сентябрь куни Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида ўқиш бошланди. Тошкентга ўқишга келган биринчи курс ва юқори босқич талабаларини бугун бир савол ўйлантираяпти: қаерда яшаб, ўқийман? Кимдир аллақачон ётоқхонадан жой ёки ижарага уй топиб улгурган, яна кимдир шунинг ҳаракатида. Айрим эса имкониятсизлик сабаб фақат ётоқхонадан умид қилиб, ижарага уй ҳам изламаяпти.

«Газета.uz» Ўзбекистон миллий университети ва Тошкент давлат техника университетига бориб, талабалар, ота-оналар ва масъулларнинг фикри билан қизиқди.

22 август куни давлат ОТМларига қабул учун якуний тест натижалари эълон қилинди. Ундан бир ҳафта аввал эса ҳукумат талабаларни ётоқхоналар (талабалар турар жойлари — ТТЖлар)га жойлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқланди.

Унга кўра, талабалар ётоқхонасига жойлашиш учун йўлланмалар дастлаб имтиёзли (ётоқхонага жойлашишда устуворлиги бор талабалар) рўйхат, сўнг умумий рўйхатдаги навбат бўйича автоматик шакллантирилади.

«Газета.uz» 2023 йилда талабаликка тавсия этилган ёшлар учун давлат ОТМларининг ётоқхоналарига жойлашиш бўйича Ягона портал (my.gov.uz) орқали ариза юборишга оид қўлланмани эълон қилганди.

Сўровнома давомида масъуллар «Газета.uz»нинг 2022 йилда бошпанасиз қолган талабалар ҳақидаги мақоласидан керакли хулоса чиқариб, тайрёгарликни кучайтиришганига гувоҳ бўлдик. My.gov.uz порталида ётоқхона тақсимлана бошлангани, сарсонгарчилик қисман камайгани ва жойларда кичик инфо марказлар ташкил этилиши бунга мисол бўла олади.

Суҳбат давомида платформадаги жараёндан жавоби чиққан ёки уни кутаётган, имтиёзлари бўлмасада, муаммоси ижобий ҳал бўлишига умид қилаётган, ижарага уй олишга мажбур бўлаётган ва ётоқхонада туришни истамаётганлар ҳам учради.

«Эрталаб Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидан келдик, қизим ЎзМУга кирганди. Келишимиздан олдин ариза қолдиргандик, жараён энди 2 кунда кўриб чиқилар экан, лекин қизимни бу пайтда қаерга жойлаштираман? Қариндошларим, ижарага ҳам имконим йўқ. Вақтинчалик жой бериб туришимиз мумкин, дейишди. Ҳал бўлмагандан кейин, иложимиз йўқ, шунга рози бўлиб турамиз», — деди ота-оналардан бири.

«Фарғона вилоятидан келдик. Онлайн навбатга ёзилгандик, келишимиз билан навбатимиз келди, жойланаверсангиз бўлади, дейишди. Биз нима қилар эканмиз, қаердан ижарага уй топар эканмиз, деб ўйлаб келаётгандик. Йўқ, муаммо бўлмади», — деди яна бир она.

«Ариза қолдиргандик, қабул қилинмади, деган жавоб келди. Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам ишсизмиз. Ётоқхона бўлмаса, фарзандимнинг бошқа туришга жойи йўқ. Квартира таклиф қилишгани билан биз учун унинг нархи қиммат», — деди самарқандлик бир талабанинг онаси.

«Кўпчилик талабалар, айниқса, ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимоя реестрида бўлган, платформадан фойдала олмаган ёки бошқа сабаблар билан онлайн ариза қолдира олмаган талабалар бор. Агар биз ҳозир ариза топширмаганларни ҳам инобатга олмасдан ётоқхонанинг қолган ўринларини тақсимлаб юборадиган бўлсак, эртага ижтимоий ҳимояга муҳтож контенгент ётоқхонадан айрилиб қолиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, жараён 1−2 кун мобайнида ушлаб турилади, ундан кейин имтиёзи бўлмаган талабаларни жойлаштиришни бошлаймиз», — деди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи Салоҳиддин Салоҳов.

Унинг сўзларига кўра, жавоби чиқмай турган ва бошқа борар жойи йўқ талабалар учун ҳар бир олийгоҳларда вақтинча турар-жой билан таъминлаш йўлга қўйилган. У ердан ҳам жой етмаган талабалар эса, олийгоҳлар имтиёзлиларни ётоқхонага жойлаб олгунча, вақтинча ижара уйларида яшашига тўғри келади.

Хулоса қилиб айтганди, янги тизим ишга тушгани билан унда инсон омили, оворагарчилик ва айрим камчиликлар тўлиқ бартараф этилмагани ҳам кўзга ташланиб турибди. Талабалар ҳали олий таълимнинг илк дарсларига кириб улгурмасданоқ, турар жой муаммоси билан тўқнашишга мажбур бўлмоқда. Аслида эса, уларни ётоқхона билан таъминлаш ишларини ўқув йили бошлангунга қадар — август охиригача ҳал қилса бўларди. Вазиятдан тўғри фойдаланиб, Олий таълим вазирлиги ва ОТМлар раҳбариятлари бош қотириб, тизимни янада мукаммаллаштиради, деган яхши умиддамиз.