Чорвачилик — Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири. Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотида чорвачиликнинг улуши 13 фоизни ташкил этади. Қишлоқ жойлардаги уй хўжаликлари даромадининг 45−67 фоизи, қишлоқ хўжалигида банд бўлган барча аҳолининг қарийб учдан бир қисми айнан чорвачилик ҳиссасига тўғри келади. Айни пайтда, аҳолининг гўштга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон уни бошқа давлатлардан импорт қилишига тўғри келади. Бу, жумладан, мамлакатда чорвачиликни ривожлантиришда илмий асосланган ёндашув етарли даражада қўлланилмаётганлиги билан боғлиқ, деб ҳисоблайди зоолог Сергей Загребин. У «Газета.uz» билан суҳбатда чорва молларини тўғри ўтлатиш, яйловларни бошқариш ва меъёридан ортиқча ўтлатишнинг оқибатлари ҳақида сўз юритди.

иқлим ўзгариши, меъёридан ортиқча ўтлатиш, яйловлар

Чорва молларини ўтлатиш билан боғлиқ ҳолат ҳақида

2022 йил бошида Ўзбекистонда қўй ва эчкиларнинг умумий сони 23 миллион бош, йирик шохли қорамоллар сони эса 13 миллион бошдан ортиқни ташкил этди. Бу бир йил олдингига нисбатан икки баробар кўп демак. Бу ҳайвонлар асосан тоғли ҳудудлар ва пасттекисликлардаги табиий яйловларда ўтлатилади.

Уй ҳайвонларининг сони улар ўтлатиладиган яйлов ресурсларидан сезиларли даражада ошиб кетмоқда, оқибатда яйловларда ўсимлик дунёсининг таназзули содир бўлмоқда ва уларнинг ҳосилдорлиги пасаймоқда. Яйловлардаги ўсимлик дунёси таркибан ўзгариб бормоқда ва натижада катта ҳудудлар паст қийматли озуқабоп ўсимликлар ёки ҳайвонлар томонидан истеъмол қилинмайдиган ўсимликлар билан қопланмоқда. Яъни, яйловларнинг ҳосилдорлиги сезиларли даражада пасаймоқда ёки улар чорва молларини ўтлатиш учун мутлақо яроқсиз бўлиб қолмоқда.

Шундай қилиб, яйловларда чорва молларини меъёридан ортиқча ўтлатиш мавжуд табиий ресурслардан норационал фойдаланишнинг яққол мисолидир ва келажакда, хусусан, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам жиддий оқибатлар келтириб чиқаради.

иқлим ўзгариши, меъёридан ортиқча ўтлатиш, яйловлар

Муаммони тушуниш ва меъёридан ортиқча ўтлатиш келтириб чиқарадиган хатарларни кўриш учун уни экологик нуқтаи назаридан кўриб чиқиш лозим. Табиий яйловларнинг аксарияти табиий экологик тизимлар ҳисобланади. Улар етарлича узоқ вақт давомида шаклланган, уларнинг кўпчилиги инсон пайдо бўлишидан олдин юзага келган. Ердаги барча тирикликнинг ривожланиши сингари, экотизимларнинг ривожланиши ва фаолияти биология ва экологиянинг умумий қонунларига бўйсунади. Табиатнинг замонавий қиёфаси шаклланиши бир қатор омиллар, жумладан, маҳаллий рельеф, иқлим, сувнинг бор ё йўқлиги ва бошқа омилларнинг ўзаро таъсири натижасида юзага келган.

Инсониятнинг ривожланиши табиатда содир бўлаётган табиий жараёнларга тобора кўпроқ — ўз навбатида, салбий — таъсир кўрсатди. Ҳали сайёрамиз аҳолиси озчиликни ташкил этган даврда ўзгаришлар кўзга ташланмас даражада эди. Бироқ бугунги кунда вазият кескинлашган, унинг сабабларидан бири эса — чорвачиликнинг ривожланишидир.

Чорва молларини меъёридан ортиқча ўтлатишнинг биологик хилма-хилликка таъсири

Табиий яйловларда чорва молларининг ортиқча ўтлатилиши бу ҳудудларнинг биологик хилма-хиллигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўсимлик қопламининг ўзгариши
Уй ҳайвонлари, яйловдаги ўсимликлар билан озиқланиш баробарида, уларнинг қайта кўпайишига имкон бермайди — ўсимликлар уруғланмайди, демак, улар кўпая олмайди. Бу бир йиллик ўсимликлар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга: уруғлар бўлмас экан, кейинги йилга ўсимликнинг ўзи ҳам бўлмайди.

иқлим ўзгариши, меъёридан ортиқча ўтлатиш, яйловлар

Табиий экотизимларда чорва моллари истеъмол қиладиган ўсимлик турларининг сони камайиб боради, улар истеъмол қилмайдиган бошқа ўсимлик турлари эса, аксинча, кўпаяди ва ўсимлик қоплами бутунлай ўзгариб кетади. Бунга параллел равишда, чорва молларининг сон жиҳатдан кўплиги натижасида ўсимликлар шунчаки бутунлай оёқости қилинади.

Ёввойи ҳайвонлар билан рақобат
Одамлар чорва молларини ўтлатиш мақсадида фойдаланадиган экотизимларда ёввойи ҳайвонлар яшайди, уларнинг рациони ҳам озуқабоп ўсимликлардан иборат. Булар, масалан, туёқлилар ва суғурлардир.

Тошкент вилояти тоғларида фақат Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудидаги Ғарбий Тянь-Шанда учрайдиган эндемик тур — Мензбир суғури яшайди. Мензбир суғури миллий ва халқаро Қизил китобларга киритилган. Бу ҳайвонлар сентябрь ойида қишки уйқуга кетади ва март-апрель ойларида уйғонади.

Бундай узоқ вақтни қиш уйқусида ўтказиш учун ҳайвонлар сезиларли миқдорда ёғ захираси тўплаши лозим. Бироқ Мензбир суғурлари яшайдиган жойларда чорва моллари боқилади. Улар суғурларнинг озиқланиши учун зарур бўлган ўтсимон ўсимликларни еб қўяди. Бу ҳолат мазкур тур сонининг қисқариши сабабларидан биридир.

иқлим ўзгариши, меъёридан ортиқча ўтлатиш, яйловлар

Иллюстратив сурат. Муқимжон Қодиров / ЎзА.

Озуқа ресурслари учун рақобат билан боғлиқ шунга ўхшаш вазият баланд тоғ яйловларида чорва моллари ва Сибирь тоғ эчкиси ўртасида юзага келади. Иккинчисига шунчаки етарли миқдордаги озуқа қолмайди.

Чорва ҳайвонлари доимий сақланадиган жойларда бутунлай пайҳон қилинган, ўсимликлардан маҳрум майдонлар юзага келмоқда. Улар ҳатто сунъий йўлдош тасвирларида ҳам аниқ кўзга ташланади. Улардаги ўсимликлар бир неча йил давомида қайта тикланмайди.

Ҳайвонлар касалликлари
Бу чорва молларини табиий экотизимларда ўтлатишнинг яна бир муҳим муаммоси ҳисобланади. Ёввойи ҳайвонлар, масалан, Сибирь тоғ эчкиси ва чорва моли битта ҳудудда ўтласа, улар бир-бирига турли касалликларни юқтириши мумкин. Чорва молларининг саломатлиги инсон томонидан назорат қилиб турилади, ёввойи популяция бўладиган ҳайвонлар саломатлигини ким назорат қилади?

Безовта қилиш омиллари ва браконьерлик
Чорва молларини ўтлатиш инсоннинг мунтазам назорати остида амалга оширилади. Ҳар бир сурувда чўпонлар, чўпон итлари мавжуд, чўпонлар учун турар-жой, ҳайвонлар учун бошпана ташкил этилади. Буларнинг барчаси ёввойи ҳайвонларни безовта қилади.

Алоҳида эътибор қаратишни талаб этадиган яна бир масала — бу чўпон итлари. Бир сурув иккитадан кўп бўлмаган чўпон итларига эга бўлишини назарда тутувчи меъёрий ҳужжатлар мавжуд. Улар ўзлари қўриқлаётган подадан 200 метрдан ортиқ узоқлашмаслиги талаб этилади. Бироқ бу қоидаларга риоя этилиши қай даражада яхши назорат қилинмоқда? Чўпон итлари ёввойи ҳайвонларга, айниқса уларнинг вояга етмаган болаларига ҳужум қилиши ва қушларнинг тухумларини еб қўйиши барчага кундек равшан.

иқлим ўзгариши, меъёридан ортиқча ўтлатиш, яйловлар

Шунингдек, чўпонлар ноқонуний равишда ёввойи ҳайвонларни овлашлари — браконьерлик билан шуғулланишлари тез-тез учраб туради. Буларнинг барини назорат қилиш ниҳоятда қийин, чунки, одатда, чорва молларини ўтлатиш узоқ ва аксарият ҳолларда етиб бориш қийин бўлган жойларда амалга оширилади.

Йиртқичларнинг чорва молларига ҳужуми
Сўнгги йилларда ёввойи йиртқичларнинг чорва молларига ҳужуми ҳақида кўп эшитамиз. Бу чорва моллари сонининг кўпайиши ва улар ўтлатиладиган майдонларнинг кенгайиши билан бевосита боғлиқ.

Табиий яйловларда чорва моллари сонининг ортиши ёввойи ҳайвонлар билан рақобатга, ёввойи ҳайвонлар популяциясининг камайишига ва яшаш жойларининг ўзгаришига олиб келади. Бундан ташқари, маҳаллий аҳоли ёввойи мевали дарахтлар, масалан, айиқлар озиқланадиган олма, ёнғоқ, дўлананинг бутун ҳосилини йиғиб олади. Натижада йиртқичларнинг ёввойи ҳайвонларга қараганда овлаш осонроқ бўлган чорва молларига ҳужум қилиши эҳтимоли ортади.

Ана шунда ёввойи йиртқичларни, жумладан, айиқ ва бўрини йўқ қилиш ҳақидаги чақириқлар янграй бошлайди. Бироқ бунга йиртқич ҳайвонларнинг табиий ўлжалари ҳисобланган ёввойи ҳайвонлар сонини қисқартираётган, уларни экотизимда чорва ҳайвонлари билан алмаштираётган ўзимиз айбдор эмасми?

Меъёридан ортиқча ўтлатишнинг тоғ сойлари ва дарёларнинг гидрологик режимига таъсири

Ўсимлик қопламининг таназзулга учраши ёки чорва молларини меъёридан ортиқча ўтлатиш натижасида тўлиқ нобуд бўлиши тоғ сойлари ва дарёларнинг гидрологик режимига таъсир қилади. Ўсимликлар ёғингарчилик вақтида тупроқда намлик тўпланишига ёрдам беради, уларнинг илдиз тизими эса тупроқни мустаҳкамлайди.

Ўсимлик бўлмаган ёки у таназзулга учраган тақдирда, ёғингарчилик пайтида сув оқимлари тупроқни ўзи билан судраб, тоғ ёнбағирларидан пастга олиб тушади. Бу сел оқимлари, кўчкилар ва жарликлар пайдо бўлишининг асосий сабабларидан биридир. Бундан ташқари, сел ва кўчкилар йўллар, кўприклар, инфратузилма объектлари, уй-жойларни вайрон қилиб, сезиларли иқтисодий зарар етказади.

иқлим ўзгариши, меъёридан ортиқча ўтлатиш, яйловлар

Жиззах вилоятининг Фориш туманида 2022 йил апрель ойида кузатилган тошқин оқибатлари.

Сўнгги пайтларда ОАВ фаолияти тобора очиқ бўлиб бораётгани туфайли, масалан, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида кузатилгани каби сел, кўчки, сув тошқинлари ҳақида хабар топамиз.

Бироқ, бундай ҳодисалар юзага келишининг сабабларини аниқлаш жуда муҳим. Уларнинг сони ортганми, географияси ўзгарганми, бу ҳодисалар билан чорва молларини меъёридан ортиқча ўтлатиш ўртасида боғлиқлик борми ёки йўқлигини ўрганиш зарур. Эҳтимол, бундай ҳудудларда ўтлатиладиган чорва моллари сонини қисқартириш иқтисодий жиҳатдан фойдалироқдир?

Чорва молларини ўтлатиш билан боғлиқ яна бир муҳим нуқта — уларнинг суғориладиган жойлари. Тоғли ҳудудларда ҳайвонлар табиий сув манбаларидан фойдаланадилар. Ҳар куни 200−300 бош ҳайвон сойга ҳайдалганда, пода туёқлари остидаги тупроқ зичлашади ва қотади, бу эса охир-оқибат сув чиқиш жойининг қуриб кетишига олиб келади. Бундан ташқари, ҳайвонлар булоқнинг ўзини ҳам ифлослантиради.

Пода таркибий тузилишининг ўзгариши

Яйловларда чорва молларини меъёридан ортиқча ўтлатиш ўсимликларнинг таназзулга учрашига олиб келади ва яйловларнинг ҳосилдорлиги пасаяди. Бунинг натижасида, яйловда ўтлатиладиган чорва молларининг таркиби ҳам ўзгариб бормоқда — қўйлар ўрнини аста-секин эчкилар эгалламоқда.

Эчкилар озиқ-овқат борасида кўникувчанроқ. Улар ҳатто ўсимликларнинг илдиз тизимини, дарахт ва буталарнинг шохлари ва баргларини ҳам ейиши мумкин. Улар етиш қийин бўлган жойларда, масалан, қоятошлар ва тошлоқ жойлар, тик қияликларда ҳам ҳаракатлана олади. Бу яйловларнинг таназзулга учраш жараёнларини янада кучайтиради.

Назаримда, подадаги қўй ва эчкилар сонининг нисбатига қараб маълум бир жойда яйловлар қанчалик таназзулга учраганлигини аниқлаш мумкин: подада эчкилар сони қанчалик кўп бўлса, демак ўша жойда ўсимликлар шунчалик кўп таназзулга учраган.

Табиий ресурсларни адолатли тақсимлаш ва улардан фойдаланишдан олинадиган фойда

Яйловлар — муҳим табиий ресурс. Улардан моҳирона фойдаланилган тақдирда, улар ўз-ўзини қайта тиклаши мумкин. Инсоният қадим замонлардан бери яйловлардан фойдаланиб келган, уларни қандай сақлашни билган ва шу вақтгача бунинг уддасидан чиқа олган. Одамлар ерга, жумладан, яйловларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш уларнинг фаровонлиги манбаи эканлигини яхши англаган.

иқлим ўзгариши, меъёридан ортиқча ўтлатиш, яйловлар

Фото: Дилруҳ Исомиддинова.

Бироқ бугун вазият ўзгармоқда. Тоғликлар, худди аввалгидек, ўз чорвасини қишлоқларига ёндош ҳудудларда ўтлатади. Бироқ бу ерларга чорва моллари бошқа ҳудудлардан, масалан, ёзги яйловларга эга бўлмаган ёки улар таназзулга учраган жойлардан ҳам ҳайдаб келинмоқда. Келгинди чўпонлар яйловларни сақлаб қолишдан манфаатдор эмас — улар шу йил даромад олиш мақсадида чорва молларини ўтлатиши зарур. Уларнинг келаси йили бу ҳудудга яна қайтиши даргумон.

Шундай қилиб, келгинди чўпонлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида зиддиятлар юзага келади ва маҳаллий аҳолида яйловларни сақлаб қолиш учун мавжуд иштиёқ йўқолади. Маҳаллий аҳоли бегона чорва моллари келадиган яйловлар ҳақида бош қотиришдан маъно кўрмайди. Умуман олганда, бу ҳолат жамиятда табиатга истеъмолчилик муносабатини шакллантиради.

Нима учун яйловларда чорва молларини ўтлатишни тақиқлаб бўлмайди?

Бунда гап яйловларда чорва молларини ўтлатишни тўлиқ тақиқлаш устида бормаяпти — бу имконсиз ва мантиқсиз. Биз яйловларда чорва молларини ўтлатиш барқарор бўлиши, яйловлар узоқ вақт давомида ўз ҳосилдорлигини сақлаши учун нима қилиш мумкинлиги хусусида сўз юритамиз, токи бу табиий экотизимларга, шу жумладан, унда ҳаёт кечирувчи бошқа жониворларга зарар етказмасин.

Чорва молларини ўтлатишдан бутунлай воз кечишнинг ҳеч қандай яхши тарафи йўқ. Чорва моллари айрим ҳолларда ёввойи туёқлиларнинг вазифаларини бажариши мумкин. Туёқли ҳайвонлар бўлмаган жойда чорва моллари кам ўтлатилган ҳолда ўсимликлар билан озиқланади ва шу билан табиатда мувозанатни сақлайди. Бундан ташқари, чорва моллари уруғларни яйловдан яйловга олиб ўтиш орқали ўсимликларнинг кўпайишида иштирок этади.

Чорва молларини меъёридан ортиқча ўтлатиш ва яйловларнинг таназзулга учраши билан боғлиқ барча муаммолар табиий яйловлардан фойдаланишнинг мавжуд амалиётини қайта кўриб чиқиш ва уларни тўғри бошқаришни бошлаш зарурлигидан далолат беради.

Яйловларни қандай бошқариш мумкин?

Қишлоқ хўжалигида чорва чорва молларини ўтлатиш меъёрлари мавжуд. Улар асосан текисликларда жойлашган яйловларга тааллуқли. Яйловларда экотизимга зарар келтирмайдиган миқдордаги чорва молларини ўтлатиш зарур. Бунинг учун муайян яйловнинг ҳосилдорлиги аниқланади. Катта ҳудудлар учун буни қилиш осон эмас, шунга қарамай, космик ва рақамли технологиялар туфайли бу 40−50 йил олдингига қараганда анча осон.

Яйловларнинг ҳосилдорлиги аниқлангач, мутахассислар муайян ҳудудда ўтлатиш мумкин бўлган чорва моллари сонини ҳисоблаб чиқади. Қолаверса, яйловларни мониторинг қилиш, яъни уларнинг ҳолатини йилма-йил баҳолаб бориш лозим. Ҳосилдорлик пасайган тақдирда, тегишли чоралар кўриш зарур, масалан, ўтлатишни тақиқлаш ёки ўтлатиладиган чорва моллари сонини камайтириш, каби.

иқлим ўзгариши, меъёридан ортиқча ўтлатиш, яйловлар

Умуман олганда, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш яйловларнинг ҳолати ва уларнинг таназзули даражасини баҳолаш ва тегишли бошқарув қарорларини қабул қилиш, стратегия ва яйловларни бошқариш режаларини ишлаб чиқиш имконини беради. Шу билан бирга, яйловлардан фойдаланишни назорат қилиш тизими шундай ишлаши керакки, чорва молларини ўтлатиш меъёрларига риоя қилинсин ва сурувлар ўзлари учун ажратилган майдонларда ўтлатилсин.

Сунъий йўлдош тасвирларидан ташқари, яйловларни баҳолаш ва чорва молларининг ўтлатилишини назорат қилиш учун учувчисиз учувчи аппарат (дрон)лардан ҳам фойдаланиш мумкин. Улар нафақат ландшафтлар ҳолатини баҳолаши, балки яйловлардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик ва экология қонунчилигининг бошқа бузилишларини ҳам қайд этиши мумкин.

Яйловларни қайта тиклаш

Ўтган йилларда яйловлар ҳолати ва уларнинг ривожланишини баҳолаш бир қатор ташкилотлар зиммасига юклатилди. Улар орасида, масалан, «Мелиорация ва яйловлар» уюшмаси ҳам бор эди — унинг вазифалари рўйхатида яйловлар ҳосилдорлигини ошириш, таназзулга учраган яйловларга озуқабоп экинлар экишни жорий этиш ва уларни сув билан таъминлаш ҳам киради.

Ҳозирда, афсуски, бу сингари тадбирлар ниҳоятда чекланган. Яйловларни қайта тиклаш — кўп меҳнат талаб қилувчи ва узоқ муддатли жараён. У ерда илгаридан ўсиб келган ёввойи ўсимликлар экилган — яъни экотизимни тиклашга ҳаракат қилиб кўрилган тақдирда, уларни табиий йўл билан қайта тиклаш мумкин. Шу билан бирга, бу ҳудудларда чорва молларини ўтлатишни чеклаш зарур.

иқлим ўзгариши, меъёридан ортиқча ўтлатиш, яйловлар

Фото: Жамшид Норқобилов / ЎзА.

Яна бир йўли — келгусида яйлов сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ҳудудларга озуқабоп юқори маҳсулдор ўсимлик турларини экишдир. Учинчи йўл эса — йиғиб олинадиган ва чорва учун озуқа сифатида ишлатилиши мумкин бўлган озуқабоп ўсимликлар плантацияларини яратиш. Ҳар қандай ҳолатда ҳам таназзулга учраган яйловлар қайта тикланиши лозим.

Гўштга талаб ва таклиф

Гўштга талаб бор экан, чорва моллари сони ортаверади — бу бозор қонуни. Бироқ чорва моллари сонининг ўсишини тийиб турадиган механизмлар мавжуд. Масалан, бир чорвадор томонидан сақланадиган ҳайвонлар сонидан келиб чиқиб ҳисобланувчи прогрессив солиқ.

иқлим ўзгариши, меъёридан ортиқча ўтлатиш, яйловлар

Яйловлардан фойдаланганлик учун дифференциал ҳақ тўлаш механизми яйловлардан оқилона фойдаланишга имкон яратиши мумкин. Яйловлар қанчалик ҳосилдор бўлса, чорва эгасидан ундириладиган тўлов шунчалик юқори бўлиши лозим. Зеро, ҳосилдор яйловларда чорва моллари тезроқ вазн йиғади, демак, чорвадор кўпроқ фойда олади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматидан «Газета.uz»га маълум қилишларича, Ўзбекистонда чорвадорлар яйловлардан фойдаланганлик учун ҳақ тўламайди. Бироқ, мавжуд вазиятни инобатга олиб, вазирлик Испания, Португалия, Япония ва АҚШ мутахассислари билан ҳамкорликда яйловларни қайта тиклаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқмоқда.

Бу чора-тадбирлар, шунингдек, чорвачиликни янада самарали юритишга олиб келиши мумкин, бунда камроқ сонли, бироқ маҳсулдорроқ, наслдор, муайян ҳудудга мослаштирилган чорва молларини етиштириш фойдалироқ бўлади.

Яйловлардан фойдаланишнинг мавжуд тартибларини ўзгартиришни бошлашдан аввал ҳозирги вазиятни турли нуқтаи назардан чуқур ўрганиш зарур. Уни биологлар, экологлар, яйловлар бўйича мутахассислар, иқтисодчилар ва ҳуқуқшунослар тадқиқ этиши лозим. Бу турдаги мутахассисларнинг биргаликдаги фаолияти туфайли илмий асосланган, мутаносиб қарорлар ва реал, узоқ муддатли истиқбол учун барқарор иқтисодий механизмларни ишлаб чиқиш мумкин бўлади.

Яйловлардан оқилона, барқарор фойдаланиш масаласи — мамлакат келажаги ва унинг озиқ-овқат хавфсизлиги масаласидир. Инсоният узоқ вақтдан бери ўз авлодларига ҳам тегишли бўлган ресурслардан фойдаланиб келади. Биз ўз фарзандларимиз учун нимадир қолдирамизми?