2023 йил 12 апрель куни Тошкентдаги Экопаркда Табиат ресурслари вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида амалга ошириладиган «Биохилма-хиллик бўйича глобал дастурини эрта қўллаб-қувватлаш» қўшма лойиҳасининг илк йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ОАВ вакилларига интервью берди. У Чироқчи туманида Тянь-Шан қўнғир айиғининг отиб ўлдирилгани бўйича ўз муносабатини билдирди.

«Айиқ адашиб, аҳоли пунктига кириб қолганида, маҳаллий аҳоли тушунмаганлиги ёки экологик маданиятимизнинг ривожланмаганлиги сабаб, айиқни машинада уришга ҳаракат қилишган. Буни барчамиз тармоқларда тарқалган видеоларда кўрдик. Шундан кейин айиқ қўрқиб, ғорга беркиниб олган. Биз айиққа тегилмай турилиши, Тошкент ҳайвонот боғидан махсус мутахассислар бориб, уни ухлатиб, кейин табиат қўйнига қўйиб юборишни режалаштирган эдик. Бу ҳақда маҳаллий раҳбарларга тавсия бергандик. Лекин шунга қарамай, ваҳшийлик билан [отиб ўлдиришди]», — деди у.

Олинган маълумотларга кўра, айиқ аҳолига ҳеч қанақа хавф туғдирмаган, дея қайд этди вазир.

«Бечора айиқ беркиниб турган жойида одамлар йиғилиб, уни қўрқитиб, қўлидаги милтиқлар билан отганидан кейин у яна қочишга ҳаракат қилган ва ўлдирилган. Бу ҳолат бўйича шахсан табиат вазири сифатида Бош прокуратурага ариза киритдим. Бош прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов жараёнлари кетмоқда. Одамлар ҳам, масъул мутахассислар ҳам билиши керакки, табиатга бундай муносабат қилиб бўлмайди, бу жуда ҳам катта жиноят», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумондорларнинг айби суд жараёнида ўз исботини топса, улар Қизил китобига киритилган ҳайвонни нобуд қилгани учун БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилиши мумкин.