Ўзбекистон фуқаролари жамғариб бориладиган ихтиёрий пенсия бадаллари ҳисобидан маҳаллий фонд бозорида қимматли қоғозларни сотиб олишлари мумкин бўлади. Бу президентнинг 2 сентябрдаги «Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги (ПҚ-291) қарорида назарда тутилган, дея хабар берди Адлия вазирлиги «Газета.uz»га.

Ҳужжатга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига ушбу имкониятни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиши лозим. Бунда фуқаролар пенсия ёшига қадар ҳам қимматли қоғозларни сотиш ва сотиб олишдан ҳамда дивидендлар (фоизлар) кўринишидаги қўшимча даромадларни мустақил равишда тасарруф этишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, ҳужжат корхона томонидан жорий этилган ESOP дастури (ходимларга компания фаолиятда иштирок этишини таъминлайдиган мукофотлантириш шакли) доирасида қимматли қоғозлар оммавий таклиф қилинган тақдирда, корхона ходимларига акцияларни сотиб олишда устувор ҳуқуқ бериш режалаштирилган. Шу билан бирга, уларнинг ойлик иш ҳақи ва уларга муқобил тўловлар миқдоридан ошмайдиган, акцияларни сотиб олишга йўналтирилган маблағлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Бундан ташқари, президентнинг 2022 йил 17 январдаги «Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-90-сон қарорида назарда тутилган имтиёзларни 2028 йил 31 декабргача (ҳозир 2024 йил 31 декабргача) узайтириш кўзда тутилган.

Хусусан, ушбу санага қадар:

  • жисмоний шахслар — резидентлар ва норезидентларнинг акциялари бўйича дивидендлар шаклида ҳисобланган даромадлар даромад солиғидан озод қилинади;
  • норезидент юридик шахсларнинг акциялари бўйича дивидендлар шаклида ҳисобланган даромадлар бўйича резидент юридик шахсларга ўхшаш тарзда 5 фоизлик даромад солиғи ставкаси қўлланилади;
  • жисмоний ва юридик шахслар — резидентлар ва норезидентларнинг тадбиркорлик субъектлари облигациялари бўйича ҳисобланган фоизлар кўринишидаги даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва юридик шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Шунингдек, солиқ тўловчининг солиқ даврида маҳаллий фонд бозорига чиқарилган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун йўналтирилган, умумий қиймати энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача (98 млн сўм) бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадларини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш режалаштирилмоқда. Бунда қимматбаҳо қоғозларни 12 ойгача қайтариб олмаслик шарти қўйилади.

2023 йил 1 октябрдан давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарнинг акциялари фонд бозорида оммавий таклиф қилиш орқали жойлаштирилгандан сўнг камида 7 йил давомида мазкур корхоналар соф фойдасининг камида 30 фоизи дивиденд тўлашга йўналтирилади.

Давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарга хизмат кўрсатувчи андеррайтерларнинг хизмат ҳақи қимматли қоғозлар режалаштирилганга нисбатан қимматроқ ва (ёки) кўпроқ жойлаштирилганлиги натижасида шартномада келишилган миқдордан ошган ҳолларда, шартнома бошланғич нархини 10 фоиздан ортиққа оширмаслик тўғрисидаги чеклов бекор қилинади.

2023 йил 1 декабрдан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига (капитал бозорини тартибга солувчи орган) қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида кўзда тутилган маълумот ва ҳисоботларни бир йил давомида икки ёки ундан кўпроқ маротаба эълон қилмаганлик учун эмитентнинг ижро этувчи органини ўзгартириш ва қимматли қоғозларни чиқаришни тўхтатиш масалаларини кўриб чиқиш ҳуқуқи берилади.

Ҳужжатда қайд этилганидек, ушбу чора-тадбирлар миноритар акциядорлар ва инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг капитал бозоридаги иштирокини рағбатлантиришга қаратилган.

Бундан ташқари, қимматли қоғозлар фонд биржаси листингига киритилмаган акциядорлик жамиятларининг расмий веб-сайти бўлиши ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинади, бундан давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган акциядорлик жамиятлари мустасно.

Аввалроқ криптосиёсат учун масъул бўлган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги капитал бозорида тартибга солувчи органга айлангани, ушбу соҳада регулятор бўлган Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан вазифалар, функция ва ваколатларини ўз зиммасига олгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» ДУК «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» АЖга ўзгартирилади ва унинг устав капиталидаги давлат акциялари пакети Марказий банкка ўтказилади. Молиячи Отабек Бакиров бу қонунга зид бўлиши мумкинлигини таъкидлади.