«Сиэтл-Тошкент» қардош шаҳарлар ассоциациясининг Америка делегацияси шаҳарлар ўртасида қардош шаҳар алоқалари ўрнатилганининг 50 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон пойтахтига ташриф буюрди. 29 август куни делегация вакиллари Тошкентдаги «Сиэтл» боғи ҳолати билан танишди, дея хабар беради «Газета.uz» мухбири.

сиэтл боғи, қардош шаҳар

«Бу ерда беш йил аввал, шунингдек, 1991 йилда ҳам бўлганман», — деди делегация аъзоси Карен Сегар. —  Ўшандан буён парк жуда ўзгарди. Унинг бир қисмини ёпишди, аммо парк ҳозир аввалгидан яхшироқ ҳолатда".

сиэтл боғи, қардош шаҳар

«Сиэтл» боғи 1988 йилда Киров боғи (кейинчалик Бобур боғи, ҳозирги Дўстлик боғи) ҳудудида қурилган. Инқилобдан олдинги йилларда Туркистон ўлкаси генерал-губернатори Кауфманнинг дала ҳовлиси бўлган. 2021 йилдаги реконструкциявақтида «Сиэтл» боғи ҳам ободонлаштирилди.

Боғнинг очилишида ундаги ариқча ва дарахтлар атрофидаги ҳовузлар америкалик болалар томонидан чизилган керамик плиталар билан қопланган. Реконструкция жараёнида улар асл намуналар билан ўхшашликни сақлаган ҳолда янгиланди.

сиэтл боғи, қардош шаҳар

«Негадир эски, ҳақиқий кошинлар ҳали ҳам янгиларига қараганда яхшироқ сақланиб қолган», дейди Тошкент халқаро мактаби ўқитувчиси Скотт. У 12 йил аввал Сиэтлдан Тошкентга кўчиб келган, бироқ туғилиб ўсган шаҳри номидаги боғ борлигини яқинда билган.

Америкалик ҳайкалтарош Ричард Байернинг «Тўрт авлод» ҳайкалтарошлик композицияси ҳам қайта тикланди. Бу йил делегация келиши билан ҳайкал қаҳрамонларининг қўллари яна бир бор боғланди — улар вандаллар томонидан мунтазам равишда синдириб келинади.

сиэтл боғи, қардош шаҳар

Боғнинг шундоққина яқинида амалга оширилаётган қурилишдан Америка делегациясининг дили хира бўлди. Теварак-атрофнинг ободонлаштирилганидан олинган таассуротни қурилиш майдончасининг шовқини ва ям-яшил дарахтлар узра кўриниб турган баланд кранлар бузиб туради.

«Беш йил аввал парк жуда ёмон аҳволда эди, — деди делегация аъзоси Фред Лундахл. — Кечаси мастлар келиб, кафелларни синдиришарди. Маъмурият тез орада келишимизни биларди. Парк яхши ҳолатга келтирилди, бу барчамизни хурсанд қилди, аммо кейин қурилиш бошланди. Мен буни кўриб жуда хафа бўлдим, лекин паркнинг кичик бир қисми яшайди ва бу хотира».

сиэтл боғи, қардош шаҳар

Кауфманнинг дала ҳовлиси майдони дастлаб 16 гектар бўлган. Вақт ўтиши билан боғнинг бир қисми гул бозори, ресторанлар ва тўхташ жойларига берилди. 2018 йилдан шаҳарда кўп қаватли уйлар ва бизнес марказлари қурилиши учун боғ ҳудуди ажратила бошланди.

2021 йил ноябрь ойида Дўстлик боғининг майдони 12 гектарга тушиб қолганди. Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов ўшанда «Газета.uz»га берган интервьюсида кўп қаватли уй қурилишини қурувчининг рухсати бўлмагани учун тўхтатиб қўйганини айтган эди. Бугунги кунда бино юқорига кўтарилишда давом этмоқда.

2022 йилдан бошлаб гул бозори ҳудуди ва «Сиэтл» кафеси жойлашган жой кенг кўламли қурилиш учун берилди. Ҳозирда қурилиш девори «Сиэтл» боғи ҳудудига яқинлашиб қолган.

Америка шаҳри аҳолиси томонидан боғ қурилиши пайтида қўйилган капсула қурилиш майдончаси панжараси ортида қолди. У Сиэтл географик координаталари ўйиб ёзилган бронза медалли тош буюм эди. Тошкент координаталари ёзилган худди шундай нусха Сиэтлдаги Ўзбекистон пойтахти номидаги боғда жойлашган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеникнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм бўйича ўринбосари Фаҳриддин Давруков боғ яқинида тўсиқлар қуриш вақтинчалик чора эканини айтган. Қурилиш ишлари якунлангач, тўсиқлар олиб ташланади, қурилиш учун ажратилган боғ ҳудуди қайта тикланади.

Делегация ташрифи арафасида «Дўстлик» боғи маъмурияти «Сиэтл» музейини, шунингдек, Шота Руставели кўчасига элтадиган дарвозани очди. Дарахтларни ўраб турган ариқчалар бўйлаб шалдираб сувлар оқди. «Глобус» фавворасида сув отилмоқда.

Боғнинг бу функциялари ҳар беш йилда бир марта Ўзбекистон пойтахтига ташриф буюрадиган «Сиэтл-Тошкент» биродарлашган шаҳарлар ассоциацияси делегациясининг ташрифи, шунингдек, бошқа расмий шахсларнинг келиши вақтидагина ишга туширилади.

сиэтл боғи, қардош шаҳар

«Биз боғ ҳамма учун, оддий аҳоли учун очиқ бўлишини, одамлар қардош шаҳарлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишини истардик, — деди ассоциация вице-президенти Фазлиддин Шамсиев АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеникга мурожаатида.

«Ишончим комилки, Тошкент маъмурияти „Сиэтл“ боғи каби одамлар учун муҳим жойни сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Элчихонамиз қардош шаҳарлар алоқаларини сақлаб туради, лекин қарорлар қабул қилишда иштирок этмайди [боғ фаолияти тўғрисида], чунки қардош шаҳар муносабатлари ҳукуматлар ўртасида эмас, балки одамлар, икки шаҳар аҳолиси ўртасида ўрнатилади», — деди АҚШ элчиси.

Жонатан Хеникнинг қайд этишича, боғдаги учрашувда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, биринчи навбатда, ҳар қандай лойиҳалар учун учрашиш ва бирлашиш имконига эга бўлган одамлар ўртасида барпо этиладиган дўстлик муҳим аҳамиятга эга.

сиэтл боғи, қардош шаҳар

«Тошкент ва Сиетл ўртасидаги дўстлик дунёдаги энг қадимий қардош шаҳарлардан бири бўлиб, бу йил ўзининг 50 йиллигини нишонлаётгани қалбимни илитмоқда», — деди элчи.

Сиэтлда Тошкент боғи қандай сақланади?

«Сиэтл-Тошкент» биродарлашган шаҳарлар ассоциацияси вице-президенти Фазлиддин Шамсиевнинг айтишича, Сиэтл шаҳрида Тошкент боғи 1974 йилда очилган. Унда миллий байрамлар ўтказилиб, Наврўз, Мустақиллик байрами шарафига палов тайёрланиб, дастурхон ёзилади. Барча ватандошлар, шунингдек, Сиэтлга ташриф буюрган Ўзбекистон делегациялари Тошкент боғига олиб келинмоқда.

сиэтл боғи, қардош шаҳар

«Тошкент» боғини сақлаш харажатларини давлат тўлиқ қоплайди, — деди «Газета.uz»га делегация кўнгиллиси Сарвар Абдукаримов. У Сиэтлда 10 йилдан ортиқ яшаган. Унинг сўзларига кўра, коммунал хизматлар боғда озодаликни сақлашига қарамай, кўнгиллилар ҳам тозалаш ишларига ёрдам беришади.

«Тошкент» боғи «Сиэтл» боғига қараганда анча кичик ва кўпроқ ихчам хиёбонга ўхшайди, деди Сарвар Абдукаримов. Яшил ҳудуднинг асосий безаклари ва шаҳарлар ўртасидаги дўстлик рамзи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ҳайкалтарош Яков Шапиронинг Ҳумо қуши тасвирланган ҳайкалидир.

сиэтл боғи, қардош шаҳар

Марат Содиқовнинг «Дўстлик қурувчилари» кўргазмасидан суратлар

2022 йил август ойида Тошкентдаги Human House галереясида «Дўстлик бунёдкорлари — Builders of Friendship» кўргазмаси очилди. Ёш рассом Марат Содиқов «Сиэтл» боғини қуриш вақтида ишчилар портретлари, шунингдек, манзараларни чизган.

«Дўстлик бунёдкорлари» кўргазмаси Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси бўлган, ижод намуналари АҚШ, Россия, Германия, Италия, Франция ва бошқа давлатлардаги галереялар, музейлар ва хусусий коллекцияларда намойиш этилган марҳум Марат Содиқов асарлари ўрин олган.

сиэтл боғи, қардош шаҳар

сиэтл боғи, қардош шаҳар

сиэтл боғи, қардош шаҳар

сиэтл боғи, қардош шаҳар

сиэтл боғи, қардош шаҳар

сиэтл боғи, қардош шаҳар

сиэтл боғи, қардош шаҳар

сиэтл боғи, қардош шаҳар

сиэтл боғи, қардош шаҳар

сиэтл боғи, қардош шаҳар

сиэтл боғи, қардош шаҳар