Тошкент Дўстлик боғи (собиқ Бобур боғи) ёз охирида аҳоли учун қайтадан очилиши режалаштирилмоқда. Реконструкция ишлари кеча-кундуз амалга оширилмоқда. Бу ҳақда паркни реконструкция қилиш лойиҳаси раҳбари Нуриддин Сагатов 8 июль куни бўлиб ўтган пресс-тур давомида маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 2018 йилги қарорида кўзда тутилган реконструкция жараёни чўзилиб, боғ буткул қаровсиз ҳолга келиб қолганди. Май ойининг бошларида Тошкент ва Яккасарой тумани ҳокимликлари вакиллари шаҳар аҳолиси билан учрашиб, реконструкция масалаларини муҳокама қилдилар. Аҳоли томонидан боққа нисбатан қўйилган асосий талаблар қуйидагилар бўлди: кўп сонли дарахтлар ва майсазорларни мунтазам суғориш, сайр қилиш учун йўлакчалар, уларни велосипед йўлларидан ажратиш, ўриндиқлар ўрнатиш, фавворалар, спорт майдончалари, қайиқли кўл, скейтборд ва роликлар учун майдонча, шахматлар, бепул кириш, ва бошқалар.

Нуриддин Сагатовнинг айтишича, лойиҳа муаллифлари бугунги кунгача мавжуд бўлган объектлар ва инфратузилмани сақлаб қолишга ҳаракат қилишган. Унинг сўзларига кўра, Дўстлик боғининг асосий вазифаси аввало сайр қилишга имкон яратишдан иборат. Лойиҳа муаллифлари боғни жисмоний фаоллик ва сув зоналарига, шунингдек, дам олиш зонасига ажратдилар.

«Бу ер дам олиш учун жой. Ҳозир ҳамма ҳордиқ чиқариш мумкин бўлган сокин сайргоҳларни хоҳламоқда. Салқин ва серсоя», — деди лойиҳа раҳбари. Шунинг учун бу ерга бирорта ҳам аттракцион ўрнатилмайди.

Нуриддин Сагатов. Фото: Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати.

Реконструкция ишлари шаҳар бюджети ҳисобидан амалга оширилмоқда. Ободонлаштириш жараёнида параллел равишда лойиҳалаш ишлари ҳам олиб борилаётгани сабабли, ишнинг қиймати ҳозирча аниқлаштирилмоқда, деди Нуриддин Сагатов.

Тошкент ҳокими ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Фурқат Маҳмудхўжаев лойиҳалаштириш ва лойиҳани амалга ошириш ишларининг бир вақтда амалга оширилаётганини боғни иложи борича тезроқ фойдаланишга топшириш зарурлиги, одамлар жазирамада сайр қила оладиган жойлар йўқлиги билан изоҳлади.

Боққа кириш бепул бўлади, дея ишонтирди Нуриддин Сагатов. Ҳудудга еттита дарвоза орқали кириш мумкин бўлади. Улардан учтаси асосий бўлади: Бобур кўчасидаги асосий кириш жойи, шунингдек Братислава ва Шота Руставели кўчаларидаги дарвозалар. Шота Руставели кўчасидан кириш жойда скамейкалар ва чироқлар бўлади.

Шунингдек, собиқ «Сиэтл» кафеси, Ўзбек тили ва адабиёти университети ёнидаги иккита дарвоза ва Бобур кўчасидаги «Сеул» боғи орқасидан кириш жойлари ҳам сақлаб қолинади.

Дўстлик боғи ҳудуди 12 гектардан ортиқ, деди Нуриддин Сагатов. 74 минг кв. м ҳудудни майсазорлар эгаллаган. Ўсимликларни парвариш қилиш учун бутун суғориш тизими янгиланмоқда. Ҳозир боғда 2000 дан ортиқ кўп йиллик дарахт ва буталар мавжуд. Кузда гулларни ҳисобга олмаганда, яна 700 та ўсимлик экиш режалаштирилган. Улар орасида эман, каталпалар, каштанлар, лола дарахтлари, шумтоллар, сирен ва бошқалар бўлади.

Ижтимоий тармоқларда реконструкция вақтида ишчилар дарахтларни суғоришмаяпти деган гап-сўзлар тарқалди. Нуриддин Сагатовнинг таъкидлашича, ўсимликлар давом этаётган ишларга халақит бермаслик учун кечқурун ва кечқурун суғорилади. Куннинг иссиқ вақтида суғориш дарахтларнинг ўзига ҳам зарар етказиши мумкин, деди у.

Реконструкция лойиҳаси раҳбарининг таъкидлашича, шу вақтгача парк ҳудудининг тахминан 30 фоизи ёритилган. Ободонлаштириш ишларидан сўнг бу ерда яна 120 га яқин қўшимча чироқлар пайдо бўлади.

Братислава кўчаси томондаги фавворалар, «капалак» кўл ва сув ҳавзаси боғ ҳудудининг 10 минг квадрат метрлик қисмини эгаллайди. Уларнинг фаолият кўрсатиши учун замонавий насослар, фильтрлар ва гидроизоляция тизими ўрнатилмоқда. Ҳозирда сувга кўк ва ложувард тус бериш учун «капалак» кўлининг туби шу ранглардаги гидроизоляция материаллари билан қоплаб чиқилмоқда. Кўлларда гейзерлар ва фавворалар пайдо бўлади. Сувдаги лазер намойиши учун ускуналар ҳам ўрнатилмоқда.

Қайиқ ва катамаранларни қайтариш масаласи ҳозирча муҳокама қилинмоқда, дея қўшимча қилди Нуриддин Сагатов.

Ишчилар кўприк қопламасини янгилаб бўлишди. «Капалак» кўлининг ўнг қанотидаги айвонча сақлаб қолинади.

Боғ периметри бўйлаб велосипед ва югуриш йўлаклари қурилади. Улар пиёдалар йўллари билан кесишмайдилар.

Ҳайвонот боғи ёнида жойлашган кутубхона фаолиятини қайта тиклаш ва модернизация қилиш режалаштирилмоқда. Яккасарой туманининг собиқ маданият маркази биносида («Аквамарин» ҳовузи ва «Сиэтл» боғи ўртасида жойлашган) «Сиэтл» ва Дўстлик музейларини очиш режалаштирилган. Тошкент «Сиэтл» музейи экспозициялари бўйича Америка шаҳри билан икки томонлама учрашув ташкил этишни режалаштирмоқда, деди Нуриддин Сагатов «Газета.uz»га. «Сеул» боғига кириш қаршисидаги маъмурий бино негизисида эса ретро кафе очилади.

Учала бино ҳам XIXаср охири — XX аср бошларига мансуб бўлиб, ўша вақтларда боғ ҳудуди Туркистон генерал-губернаторининг дача боғи бўлган. Улар объектларнинг аҳамиятини инобатга олган ҳолда реконструкция қилинмоқда, деди Нуриддин Сагатов.

Унинг қўшимча қилишича, ҳайвонот боғини қайтариш масаласи ҳам ҳозирча кўриб чиқилмоқда. Санитария меъёрлари ва қоидаларига риоя қилиниши керак.

Ретро кафе лойиҳаси пастки ўнг ва чапдан. Бошқа объектлар — стол тенниси ва скейтборд майдончалари.

Пиёдалар йўллари қопламаларининг зарурат бўлган жойларини янгилаш режалаштирилмоқда, деди Нуриддин Сагатов. Ҳозирда паркнинг асосий хиёбонида Бобур кўчасидаги марказий киришдан Братислава кўчасидаги дарвозагача бўлган пиёдалар йўлаклари янгиланмоқда.

Боғнинг асосий хиёбони.

Ишчилар «капалак» кўлига олиб борадиган гранит зинапояларни тикламоқда. Тош панжаралари сақлаб қолинади.

Лойиҳачилар Тошкент ва Сиэтл ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилгани муносабати билан 1988 йилда очилган Сиэтл боғига алоҳида эътибор қаратишди.

«Сиэтл» боғини реконструкция қилиш лойиҳаси.

Боғ қурилаётган вақтда бу ерда капсула ўрнатилган. У шу номдаги кафе ҳудудида жойлашган. Тош объектда Сиэтлнинг географик координаталари ўйиб ёзилган бронза медальон мавжуд. Нуриддин Сагатовнинг сўзларига кўра, АҚШда ҳам Тошкент координаталари ёзилган худди шундай капсула мавжуд.

«Вақт» ҳайкалтарошлик композицияси ҳам реставрация қилинмоқда. Шаҳарликларнинг сўзларига кўра, объектнинг энг пастки қисмидаги қаҳрамонларга доимий равишда ёзиб-чизиб ташланади. Боғ маъмурияти келгусида бундай вандализмга қарши курашишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, узоқ йиллардан бериш ишламаётган «Глобус» фавворасини ҳам реконструкция қилиш режалаштирилган. Нуриддин Сагатов таъкидлаганидек, унинг ишлаши учун насослар ва фильтрлар янгиланади. Сув композиция узра ер шари кўринишида териб чиқилган тошчалар орқали юқоридан ҳовузчага оқиб тушади.

Ушбу глобусда Тошкент ва Сиэтл бронза юлдузчалар кўринишида белгилаб қўйилган.

«Сиэтл» боғидаги дарахтлар билан ўралган бассейнлар қўлда иши бўлган плиткалар билан безатилган. Плиткалар америкалик болалар томонидан шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилгани муносабати билан тайёрланган. Уларнинг аксарияти яроқсиз ҳолга келиб қолган, шунинг учун уларни алмаштириш режалаштирилган. Нуриддин Сагатовнинг таъкидлашича, ишчиларга декорнинг асл кўринишига иложи борича яқинроқ қилиб яратиш вазифаси юкланган.

«Сиэтл» боғида Канада эманидан тайёрланган композиция ҳам бор. Нуриддин Сагатовнинг сўзларига кўра, у албатта сақлаб қолинади. Қозиқоёқлар ёғоч учун махсус сув ўтказмайдиган материал билан қопланади.

«Сиэтл» боғида қопламалар фақат қисман янгилашни талаб қилади. Баъзи йўллар маҳаллий гранит билан қопланган. Тош фақат силлиқланади.

«Сиэтл» боғини янгилаш лойиҳасидаги «Глобус» фаввораси ва эман қозиқоёқли композиция.

Юқоридагилардан ташқари, Тинчлик қўнғироғи атрофини ободонлаштириш ва амфитеатрни таъмирлаш ҳам режалаштирилган.

Фаол дам олиш зонасида баскетбол, бадминтон, шахмат, йога, тренажёрлар, скейтерлар ва BMX-велосипедчилар учун майдончалар ташкил этиш режалаштирилган. Катта стол тенниси корти тикланади. Бу ерда, худди аввалгидек, ушбу спорт тури бўйича турли даражадаги чемпионатларни ўтказиш мумкин бўлади.

Нуриддин Сагатовнинг сўзларига кўра, илгари паркда рассомларни тез-тез учрашиш мумкин эди. Улар учун ҳам арт-майдонча яратилади.

«Сеул» боғи ортида математика, география, астрономия, лингвистика ва бошқа йўналишларда ўйин майдончалари пайдо бўлади. Ўйин майдончалари атрофидаги инфратузилма ва ўйин майдонларининг ўзи болалар ўйин мобайнида ҳам бирор нарсани ўрганишлари учун алифбо ҳарфлари ва турли тиллардаги сўзлар, турли формулалар билан безатилади.

Ўйин ва спорт майдончалари боғ флорасига зарар етказмаслик учун дарахтлардан холи жойларга жойлаштирилади.

Нуриддин Сагатовнинг сўзларига кўра, ташриф буюрувчилар бутун боғ ҳудудида пикник қилиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, «Аквамарин» ҳовузини сақлаб қолиш ҳам режалаштирилган.

«Газета.uz» колумнисти Ботир Қобиловнинг яқинда эълон қилинган «Боғларни аҳолига қайтаринг» мақоласида Тошкентда яшил ҳудудлар етишмаслиги муаммоси кўтарилган эди. Кўплаб боғларда дарахтлар кесиб ташлангани боис улар ўзининг ноёблиги ва микрофлорасини йўқотди. Яшил ҳудудлар кўпроқ пул ишлаш илинжидаги инвесторларга сотиб юборилиб, аҳолининг дарахтлар ва тоза ҳавога бўлган талаби қаноатлантирилмади.

Дўстлик боғининг шаҳар балансига қайтарилиши — узоқ кутилган ва ҳозирча ҳокимиятнинг шаҳарликларнинг дарду ҳасратларига қулоқ тутган ноёб ҳодисалардан бири бўлиб турибди. Умид қиламизки, боғ ўзининг борлигини давом эттириш илинжида савдо нуқталарига қулоқ очмайди, боғларни шаҳар бюджети ҳисобидан сақлаб туриш амалиёти эса давом эттирилади. Зеро давлатнинг боғларни сақлаб туриш харажатлари соғлиқни сақлаш харажатларининг ўндан бирини ҳам ташкил этмайди.