Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 август куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида барпо этилган Миллий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказини бориб кўрди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тиббиёт мажмуасининг ҳудуди тўрт гектардан ортиқ. Жами 1500 квадрат метр майдонга эга 7 та бино барпо этилган.

тиббиёт, шавкат мирзиёев, Миллий тиббиёт маркази, республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази

Миллий тиббиёт марказида жарроҳлик, урология, трансплантология, травматология-ортопедия, гинекология, кардиохирургия, нефрология, кардиология, эндокринология, кардиоревматология, стоматология ва бошқа бўлимлар мавжуд. Жами 169 турдаги 1000 дан ортиқ илғор тиббий асбоб-ускуналар ўрнатилган.

Марказ 500 ўринга мўлжалланган. Амбулатор ва стационар шароитда 200 дан ортиқ турдаги ёрдам кўрсатилади. Марказ йилига 3000 дан ортиқ юқори технологияли жарроҳлик операцияларини амалга ошириш имкониятига эга, жумладан, аорта-коронар шунтлаш, эстетик-пластик хирургия, артропластика, орган ва тўқималарни кўчириб ўтказиш.

тиббиёт, шавкат мирзиёев, Миллий тиббиёт маркази, республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази

Марказ чекка ҳудудлардаги беморларга ҳам масофавий ташхис қўйиш ва даволаш имкониятига эга.

Муассаса Германия, Туркия, Жанубий Корея каби қатор мамлакатларнинг етакчи клиникалари билан ҳамкорлик қилади, дейилади хабарда. Ходимлар — 250 нафар шифокор ва 500 нафар тиббиёт ходими малакасини хорижда оширган маҳаллий мутахассислар ва хорижлик шифокорлардан иборат.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, бу мамлакатда шундай қулайликларга эга бўлган биринчи марказдир. Қорақалпоғистон ва вилоятларда фаолият юритаётган кўп тармоқли клиникалар у билан боғланади.

Президент мажмуа таркибида очилган Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам бўлди.

тиббиёт, шавкат мирзиёев, Миллий тиббиёт маркази, республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази

Янги марказ тиббий ишлар билан бир қаторда Ўзбекистондаги оториноларингология хизмати фаолиятини ҳам мувофиқлаштиради. Бу ерда «Юқори нафас йўллари аъзолари физиологияси ва патологияси», «Эшитиш ва мувозанат аъзолари физиологияси ва патологияси», «Фониатрия ва ронхопатия» илмий лабораториялари ташкил этилди. Симуляцион амалий лаборатория, жарроҳлик хоналари ва 60 та ўрин-жойлар замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди.

Давлат раҳбари марказлардаги шароитлар билан танишди, шифокорлар билан суҳбатлашди. Марказ ёнида хорижий тиббиёт институтини ташкил этиш, кадрлар малакасини ошириш, касалликларнинг олдини олиш ишларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

«Бу ерда жуда катта тиббиёт университетини очамиз. Болаларимиз шу ерда ҳам ўқийди, ҳам ишлайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов давлат раҳбарига шундай деди: «Ҳурматли президент, бу ерда сизга кўрсатадиган жуда кўп нарсаларимиз бор. Афсуски, сизнинг вақтингиз кам, лекин ҳамма жиҳозлар энг сўнгги моделда».

тиббиёт, шавкат мирзиёев, Миллий тиббиёт маркази, республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази

Шавкат Мирзиёев асосийси бу ускуналардан фойдаланиш экани, уни президентга эмас, балки халққа кўрсатиш кераклигини айтди.

«Тиббиётни чеклаш мумкин эмас. Қишлоқ хўжалигини чекласа, трактор бузилади, пахта бўлмай қолади. Тиббиётни чекласа, инсон умри хавф остида қолади. Инсон умрини хавф остида қолдириш миллатга, давлатга, келажак авлодга хиёнат қилиш билан тенгдир», — деди у.