Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси 31 август куни Тошкентда Республика болалар кутубхонаси реставрациядан сўнг очилишини эълон қилди.

Реставрация ишлари Санкт-Петербургдаги Ludi Architects архитектура бюроси лойиҳаси асосида 2020 йилдан бери давом этаётган эди.

Кутубхона биноси XIX аср охирида қўқонлик тадбиркор ака-ука Вадьяевлар томонидан қурилган. Қурилганидан кўп ўтмай оила бинони сотиб юборди ҳамда унинг бир қисмига Тошкент шаҳар думаси ва халқ йиғини жойлашди, турар жой қисми эса болалар кутубхонасига айлантирилди.

Ўтган асрнинг 60-йилларида Алишер Навоий номидаги кутубхонанинг ўсмирлар бўлими Вадьяевлар уйининг кутубхона биносига кўчирилади ва кейинчалик у тўлиқ Республика болалар кутубхонаси ихтиёрига ўтказилади.

Кутубхонанинг китоб фонди 1965 йилдан шаклланиб, 200 минг жилдга яқинни ташкил этган. Реставрация ишлари давомида у кенгайтирилди, унга яна 21 минг китоб қўшилди. Ислом, Европа ва замонавий санъатга оид китоблар танловига алоҳида эътибор қаратилди.

Доимий равишда тўлдирилиб бориладиган китоб фондининг сифат даражасини назорат қилиш мақсадида «Ирбис» электрон кутубхона бошқарув тизими жорий этилди. Унда рисоладагидек тўлдириш, тизимлаштириш, тоифалаштириш, ўқувчиларни излаш, китобларни бериш ва маъмурий бошқарувга оид замонавий технологиялар татбиқ этилган.

Болалар ва ёшларни жалб қилиш мақсадида барча кутубхона майдонлари халқаро стандартларга жавоб берувчи кўп функсиёнал аҳамият касб этди: муштарак илҳом ижодхоналари ва рақамли контент билан ишлаш студияси вужудга келди. Мебель ва иш ўринлари асл ҳассос дизайн бўйича ишлаб чиқарилган: турли буюмларни сақлаш тизимлари, қулай парталар, маърузаларни тинглаш, ўқиш, дам олиш учун модуллар, аудио контент билан якка тартибда ишлаш хоналари назарда тутилган. Мутолаа залларидан ташқари кутубхонада компьютер синфлари, кичик босмахона, овоз ёзиш студияси мавжуд.

«Биз болалар ва ёшларнинг ижодий ва ақлий салоҳиятларини янада ривожлантириш учун зарур бўлган барча нарсаларни ўзида мужассам этган замонавий жамоатчилик майдонини яратган ҳолда бинонинг тарихий муҳитини имкон қадар сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Ишончим комилки, кутубхона қўшма кашфиётлар, саргузаштлар масканига айланиб, бўш вақт ва билим олиш учун янги имкониятларни яратади», — дейди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова.

Кутубхона биносининг ички қисмида пардоз ишлари давомида қизиқарли топилмаларга дуч келинди. Улар орасида ХХ асрнинг 60-йилларига мансуб манзарали деворий суратлар ҳам бор. Ташриф буюрувчилар кутубхонанинг ички қисмидаги реставрация қилинган рангтасвир намуналарини томоша қилишлари мумкин бўлади.

«Бизнинг бюро ушбу лойиҳага ўзининг барча билим ва меҳрини жо этди, маданият муассасаси негизида мазкур жамоатчилик масканини яратиш учун илғор тажриба ва етакчи мутахассислар иштирокидаги энг замонавий хулоса ва тавсиялардан фойдаланди. Шаҳар аҳлидан муштарак қизиқиш ва ижобий хайрихоҳ жавобларни кутиб қоламиз. Шу сингари амалиёт кутубхоналар ва маданият марказлари негизида бошқа жамоат жойларини ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин», — деди Ludi Architects меъморчилик бюроси раҳбари Любовь Леонтьева.

Жамғарма Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларини 31 август куни Республика болалар кутубхонасининг очиқ эшиклар кунига таклиф этди. Кутубхонанинг очилишига бағишланган тадбирлар дастури унинг сайтида мавжуд. Ludi Architects компаниясининг меъморчилик бўйича маҳорат сабоқлари, китоб муҳокамалари, хаттотлик, робототехника, фортепиано, флористика, Тошкент қушлари ҳақида маърузалар, шунингдек, Ўзбек миллий қўғирчоқ театри томонидан спектакль намойиш этилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Республика болалар кутубхонаси 2020 йил сентябрь ойидан реконструкция қилиш учун ёпилган, очилиши 2021 йил баҳорида режалаштирилган эди. 2022 йилда «Газета.uz»га маълум бўлишича, реконструкцияни якунлаш муддати дизайн лойиҳасидаги ўзгаришлар туфайли орқага сурилган. Ўзгаришлар реставраторлар иш давомида тарихий устунлар топгани билан боғлиқ эди. «Улар XIX аср охиридаги бино марказий интерьери асл қиёфасининг бир қисми эди. 1990-йилларнинг бошларида устунлар деворлар билан тўлиқ бекитилган ва ўша йилларда бино режаларида улар бўлмаган», — деди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Жорий йил баҳорида кутубхона очилиши яна қолдирилди. Жамғарма буни кутубхона олдидаги ҳудудни комплекс реставрация ва ободонлаштириш ишлари билан изоҳлади.