Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — «Заковат» клуби магистри Саидкамол Абдураззоқов.

Мутолаа ҳақида

Мутолаа кераклиги факт, буни ҳатто муҳокама қилиш ҳам шарт эмас. Ўзнетда инфлюенсерлар бирор бир китобни мақтаганини ҳар куни кўрасиз (мақтовлар чин кўнгилданми ёки урф бўлгани учунми, буниси бошқа масала). Ўзбекистонда ҳозир «китоб» деганда айнан қоғоз шаклдаги китоб қадрини юқорироқ қўйиш ва уни бошқа ҳар қандай, хусусан, электрон шаклдаги китобдан афзалроқ билишга ҳаракат қилинаётгандек. Балки адашаётгандирман. Мен учун асосийси, у қандай шаклда бўлишдан қатъий назар — китобнинг мазмуни.

Тўғри, босма китобни ўқиш қулайроқ бўлиши, босма китоб қандайдир хотиралар ва туйғулар бериши мумкиндир. Яқинда хорижда дўконларга тўла кўчадан ўтиб борарканман, китоб дўконининг ёнидан ўтаётганимда у ердан чиқаётган китоб ҳиди этимни жунжитиб юборди. Лекин буларнинг барини асоссиз баҳона, деб ҳисоблайман: китобнинг қоғозли шаклини ўқишингизга яхши кўриниши ва ўқилиши сабаб бўлса, бу бор-йўғи сиз учун бир қулайлик. Бошқаларга бошқа воситаларнинг қулайлиги афзал бўлиши мумкин.

Миллиардлаб пул сарфлаб қурилган ҳайҳотдай кутубхонадаги минглаб китобларнинг аксарияти чўнтагингиздаги кичик бир гаджетга сиғса, қандай ажойиб! Боз устига, электрон китобда унинг бирор керакли жойини топишга сониялар кетади. Бу қулайликларни, айниқса, катта ҳажмдаги маълумотлар тезкор керак бўлса, афсуски, қоғоз китобда топиш қийин.

Шахсан ўзим босма китоб ўқишни афзал кўраман. Электрон китобларни самолётдагина ўқийман, чунки қоғоз китоб кўп жой олиши мумкин. Мен учун қоғоз ва электрон китоб бир хил, буларнинг бир-биридан фарқи — ўқувчига берадиган қулайликларида.

Аудиокитобга келсак, бу энди тамомила бошқа формат. Қоғоз ва электрон китобларда барибир мутолаа жараёни бор — китобни ўзингизга мос ҳолатда, суръатда ва кайфиятда ўқийсиз. Яъни, китобни бир автомобиль дея тасаввур қилсак, уни ўзингизга мос даражада ҳайдайсиз. Аудиокитобда эса сиз йўловчисиз, мутолаада йўловчи бўлиш эса, менимча, ноқулай.

Мақсад фақат китоб ўқиш (маълумот олиш)нинг ўзигина бўлмай, бўш вақтни ҳам ўтказиш бўлса, эҳтимол, транспортда, спорт залида ва ҳоказо жойларда аудиокитоб қулай бўлиши мумкин, аммо бунда китоб мазмунини ҳазм қилиш қийин бўлади, деб ўйлайман. Мен учун китобни ўқишнинг ўзи кифоя эмас, у ҳақида мутолаа жараёнидаёқ фикрлайман, аудиокитоб эса менга бу имкониятни бермайди.

Ўқишни нисбатан эрта, 3 ёшимда ўрганганман. Уй тўла китоб — жуда кўп ўқирдим. Бир китобни ўқиб тугатмагунимча, бошқасига ўтмайман. Бир вақтнинг ўзида бир неча китоб ўқишга ҳаракат қилиб кўргандим, мослаша олмадим.

Бадиий асарларни ҳозир ҳам севаман, ўқимоқчи бўлганларим ҳам жуда кўп. Лекин вақт кам. Нафақат иш ва оилага вақт ажратиш, балки касбий маҳоратни ошириш учун касбга, шахсга доир асарларни ҳам кўпроқ мутолаа қилиш керак. Ҳозирги замон ўқувчисида бадиий асарларни ўқишга вақт камроқ қолаётгандек. Ҳар ҳолда, менда шундай. Чунки, касбий ва шахсий ривожланишга устуворлик берганман. Аммо бадиий адабиёт болалигимдаги муҳаббат бўлиб қалбимда турибди.

Бадиий адабиётни ўқиш нимага керак? Сабаблари кўп-ку, мен ўзим учун муҳим ҳисоблаганларимни қисқа келтириб ўтаман. Болаликда китоб ўқиш фантазияни, тасаввурни ривожлантиради. Бола кўрмаган нарсаларию инсонларни, бормаган жойларини тасаввур қилади. Персонажлар ўрнига ўзини ва бошқаларни қўйиб кўради. Замон, фан ва техника ривожланиши, ихтиролар рўй бериши учун тасаввур ва фантазия зарур. Бола шу орқали тизимли фикрлашни бошлайди.

Бадиий китобларнинг аксарияти яхшиликка, адолатга, гўзалликка, борингки, эзгу нарсаларга тарғиб қилади. Инсон улғайгани сари прагматик бўлиб боради. Ҳаётнинг аччиқ тажрибасини тотиб кўради, ёлғонларни кўради, дийдаси қотиб боради ва ҳоказо. Ҳаттоки ўспиринларнинг қалбига эзгу фикрлар уруғини экишга кеч бўлиши мумкин. Болалик эса беғубор. Болаликнинг дунёси бу унумдор ва юмшоқ ер. Болаликда бадиий асарларни кўп ўқиган инсоннинг қалбидан эзгулик жой олиб бўлади. Кейинчалик, ҳаёти қандай бўлишидан қатъий назар, унинг қалби яхшилик билан суғорилган бўлади. Шунинг учун, болаларнинг бадиий асарлар ўқиши жамият учун жуда муҳим. Қайсидир авлод болалари бадиий асарларни ўқимай қўйиши фожиага олиб келиши мумкин.

Сўнгги вақтларда ўқилган китоблардан тавсиялар

Ҳанс Рослинг. «Factfulness». Asaxiy Books нашриёти. 2022 йил. 340 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, саидкамол абдураззоқов, тавсия

Охирги ўқиганларимдан Ҳанс Рослингни «Factfulness» китоби ёқди. Статистика, зарурат туғилганида, ёлғон учун қўлланиладиган энг зўр қурол, деган фикрга қўшиламан. Бу китоб рақамлар тўғри таҳлил қилинса, яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам ишлатилиши мумкинлигига ишонмаганларга фойда берса керак.

Айнан шу мавзунинг давоми сифатида Насим Талебнинг «Fooled by Randomness» асарини ҳам ўқишни бошлагандим, аммо китоб босмасининг сифати ёқмай ташлаб қўйдим (инсон қанча кўп комфортга ўрганса, ундан воз кечиш шунчалик қийин бўларкан).

Бу китоблардан олинадиган хулосаларидан бири — ҳамма нарса ҳам аслида сиз кўриб турганингиздек эмас. Бирламчи ва биринчи фикр кўп ҳолларда нотўғри бўлиши мумкин, деган фикрни қувватлайдиган китоблар. Шундай экан, нима қилмоқ керак? Ақл юритиш лозим, кўпроқ танқидий фикрлаш керак! Сотиб олиш.

Питер Ҳопкирк. «Катта ўйин. Икки империя тўқнашуви». Asaxiy Books нашриёти. 2022 йил. 744 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, саидкамол абдураззоқов, тавсия

Сўнгги вақтларда ўқиган тарихий асарларим орасида «Катта ўйин», шубҳасиз, жуда ёқди. Буюк Британия ва Россия империяларининг манфаатлари тўқнашувини ифодаловчи бу термин билан аталган китобни ўзбек тилида ўқиш насиб қилади, деб ўйламагандим. Бу китоб Ўзбекистоннинг бевосита тарихи ҳамдир. Китобнинг тили, воқеалар баёни эса бадиий асарлар ихлосмандларига ҳам маъқул тушса керак.

Бу асар мутолааси катта авлод вакиллари, айниқса, болаликдан дунё оқ ва қора ранглардан иборат деган тасаввурда катта қилинган, «биз оқмиз, бошқалар қора», деган фикр сингдирилган авлодга ҳам қизиқ бўлади. Бир неча аср аввал ҳам, ҳозир ҳам кичик бир қадам, кичик бир воқеа ортида катта геосиёсий ўйинлар турганини қизиқарли тарзда тушунтириб, ёритиб берган китоб, деган бўлардим. Сотиб олиш.

Ҳамма, аввало ёшлар ўқиши керак бўлган китоблар

«Ҳар бир зиёли ўқиши шарт», «Ҳар бир ўзбек ўқиши шарт» каби шартли рўйхатларга ҳозирги тушунчам бўйича қаршиман. Буни ўнлаб йиллар давомида чизилган чизиқдан ҳаракатланишга, шаблонлар ичида ва ёрдамида яшашга мажбурланган халқларнинг белгиларидан бири, деб ҳисоблайман.

Масалан, омма орасида зиёлилар Лев Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» асарини ўқиб чиққан бўлиши шарт, деган бир тасаввур бор. Толстой асарларининг ҳажми жуда катта экани маълум. Лекин нима учун уни барча зиёлилар ўқишга мажбур бўлиши керак?

«Что? Где? Когда?» интеллектуал ўйинининг бир сонида таниқли рус билимдонларининг кўпчилиги ҳам бу асарни бошидан охиригача ўқиб чиқмагани маълум бўлди. Ҳар қандай инсоннинг ўзига ёқмаётган бадиий китобни ўқишни тўхтатишга ёки ўқимасликка маънавий ҳақи бўлиши керак.

Бундан ташқари, у ёки бу китобнинг ўз мутолаа вақти бўлиши мумкин. Масалан, қайсидир китобни қайсидир ёшда ўқимаган маъқул, ёшликда тушунарсиздек кўринган маълум бир китоб ёш ўтгач, бошқача, ҳатто кучлироқ таъсир қилиши ҳам мумкин. Чингиз Айтматовнинг «Қиёмат»ини ёшроқ вақтим ўқиганимда оддий қабул қилганман. Фарзандли бўлгач бу асарни қайта ўқиб чиқиб, узоқ вақт китоб таъсирида юрганман. Китобнинг муҳим қисми — ота-онанинг фарзандга муносабати масаласи таъсирли кўрсатиб берилган.

Чингиз Айтматов. «Қиёмат». Сотиб олиш.Чингиз Айтматов. «Қиёмат». Сотиб олиш.

Мен бошқаларга тавсия қиладиган китоблар — менинг севимли китобларимдир. Масалан, Ўткир Ҳошимов ёзган барча асарларни яхши кўраман. «Дунёнинг ишлари» қиссасини бошқаларидан устун қўяман. Қайта-қайта ўқиганман, бу асар асосида ишланган видеофильмни ҳам қайта-қайта кўрганман. Балки бу асарда ўзбеклар учун муқаддас ҳисобланган она сиймоси айнан нима учун муқаддаслигини тушунтиришга ҳаракат қилингани учун шундайдир.

Ўткир Ҳошимов. «Дунёнинг ишлари». Сотиб олиш.Ўткир Ҳошимов. «Дунёнинг ишлари». Сотиб олиш.

Ўзбеклар учун Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи энг ТОП-асар, деган қараш бор. «Ўткан кунлар» нима учун кўпчилик томонидан ўзбек адабиётининг энг кучли асари деб тан олингани ҳақида кўп ўйлаганман, ўқиганман. Аммо ўз фикримда қоламан — мен учун Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» асари Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романидан юқорироқ туради. Бунга сабаб, эҳтимол, онамни бутун Ўзбекистон тарихидан юқори қўйишимдадир.

Жорж Оруэллнинг «1984» антиутопияси ва «Молхона» қиссаси ҳам энг севимли асарларимдан. Уларни яхшироқ тушуниш учун Совет Иттифоқида озроқ бўлса ҳам яшаган бўлиш керак, жуда бўлмаса унинг тарихини ва ундаги ҳақиқий аҳвол қандай бўлгани ҳақида бироз бўлса-да маълумотга эга бўлган маъқул. Яъни бу асарлардаги воқеалар қандайдир хаёлий эмас, аксинча, ҳаётда бўлган ва ҳозир ҳам дунёнинг кўплаб жойларида бўлаётган ишлардир.

Оруэлл бу асарларида сиёсат ақлли ва моҳир инсонлар томонидан жирканчлик билан юритилса, миллиардлаб инсонларни ҳоҳлаган томонга йўналтириш ва турли кўйга солиш мумкинлигини кўрсатиб берган. Одамлар ўзлари учун зарарли ва салбий ишларни катта хоҳиш билан бажаришлари ҳамда уларни эзаётган қудрат эгаларини сидқидилдан олқишлашлари моҳирона тасвирланган. Иккала асарда ҳам Ленин, Сталин, Троцкий, НКВД, интеллигенция, пролетариат, Политбюро — ҳаммаси қандай иш юритганлигини кўриш мумкин.

Касбий маҳорат бўйича энг ёққан китоб — Элияху Голдраттнинг «Цель» асари. Бу китоб мазмунини тушуниб, уни амалда қўллаш сизга энг кичик масалага ечим топишда ҳам, улкан мақсадга эришишда ҳам ёрдам беради. Китоб берадиган ечимнинг энг содда таърифи — муаммолар занжирининг энг заиф жойини топинг, уни тузатинг. Кейин эса яна энг заиф жойини топиб, уни тузатинг ва шу тариқа давом этинг. Бу жуда содда тушунтириш, албатта. Яхшилаб тушуниш учун эса китобни ўқиш керак.

Элияху Голдратт. «Цель». Сотиб олиш.Элияху Голдратт. «Цель». Сотиб олиш.

Умуман олганда, нима ўқиш ва ўқимасликни ўқувчининг ўзи ҳал қилиши керак, токи унга ҳеч қандай авторитетлар таъсир ўтказа олмасин. Вақти келиб бирор бир асарни ўқишга эҳтиёж сезиб қолар, лекин ҳозир урф бўлаётган «ўқилиши шарт бўлган адабиётлар рўйхати»нинг сунъий таъсиридан йироқ бўлиш керак.

Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳар бир инсон қитоб ўқиши шарт! Нафақат, бадиий асарлар, балки касбий маҳорат ва шахсий ривожланиш бўйича доим мутолаа қилиш керак.