Илк маротаба «Заковат» интеллектуал ўйини 2001 йил март ойида экран юзини кўрди. 20 йил давомида ақл ва заковат жангларини миллионлаб телетомошабинлар экран ортидан томоша қилишди. «Заковат» клуби аъзоси Саодат Умарова кўпчиликнинг севимли билимдонларига айланган «Заковат» юлдузлари билан суҳбатлар уюштиради.

«Заковат» билимдонлари ҳақидаги материалнинг навбатдаги қисмида «Газета.uz» UzQuiz асосчиси ва бошловчиси, «Заковат» клуби аъзоси Саидкамол Абдуразоков билан суҳбатни тақдим этади. У клубга қандай кириб келганлиги, «Заковат» бошловчиси сифатидаги тажрибаси, китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва клуб фаолиятидаги кулгили воқеа ҳақида сўзлаб берди.

— Нима деб ўйлайсиз қизиқувчанлик, билимдонлик инсондаги туғма фазилатми ёки болада бу сифатлар шаклланиши учун ўзгача муҳит зарурми?

— Билимдон деганда ҳозир кўпчилик интеллектуал ўйин иштирокчиларини тушунади. Лекин мен ҳаётдаги билимдон инсон ва интеллектуал ўйинларда қатнашувчи билимдонни фарқлаб олишни истардим, чунки бу иккита билимдон мутлақо икки хил тушунча.

Билимдонлик — бу туғма фазилат эмас, деб ўйлайман. Масалан, бола мактабда ҳеч нарсага қизиқмаслиги мумкин, яхши ўқимаслиги мумкин, лекин катта бўлганида бирон соҳага иштиёқи ошиб, шу соҳада яхши натижага эришади. Билимдонликка инсон умри давомида орттирилган билим орқали эришади, бирор бир соҳада мутахассис бўлиш учун ўз олдига мақсад қўяди, кейинчалик ўз касбига оид махсус билимларга эга бўлади, бошқалардан кўра кўпроқ, яхшироқ билимга эга бўлишга ҳаракат қилади. Бу инсон билимдонлигини ўз касбида намойиш этади.

Ўйиндаги билимдонлик ҳам, албатта, шунга ўхшаш нарса, кимдир интеллектуал ўйинларга қизиқиб кетса, икки-уч йилда ўз билимларини тизимлаштириб кучли билимдонга айланиши мумкин. Тўғри баъзиларга ўйинда интуиция ёрдам беради дейишади, лекин аслида интуиция ҳам ҳаётий тажриба ва билим ёрдамида ривожланади, онгостидаги билимларни солиштириш, қиёслаш орқали вужудга келади.

— Болалигингизда нималарга қизиққансиз? Мактаб ва ўқишдан ташқари қандай севимли машғулотларингиз бўлган? Балки қўшимча тўгараклар ёки спорт машғулотларига қатнашгандирсиз?

— Болалалигимда, албатта, китоб ўқишга қизиқардим, китоб ўқишни эрта ўрганганман. 1980-йилларнинг биринчи ярмида телевизорда кўрадиган қизиқ дастурлар деярли йўқ эди. Китобдан ташқари, шахматга қизиққанман, бошланғич синфларда шахмат тўгарагига борганман. Спортга қизиқардим, мактабда гандбол тўгараги бўларди, мактабдаги гандбол терма жамоаси аъзоси эдим. Ҳозир гандболга ҳеч ким қизиқмайди, кўпроқ футболга қизиқишади, ўзим ҳам гандболдаги қизиқарли вазиятлар акс этган видеолавҳаларни YouTube орқали кўриб тураман.

— Ҳозир болаларнинг ўйинчоқлари жуда кўп, товушли ўйинчоқлар, моторика ривожлантирувчи, тил ўргатувчи, турли гаджетлар ва ҳоказо. Нима деб ўйлайсиз, бундай хилма-хиллик бола ривожланиши учун зарур муҳитни яратишга ёрдам бера оладими?

— Албатта, айтиб ўтилган нарсалар ҳаммаси зарур муҳитни яратишга ёрдам бера олади, лекин фақат ўйинчоқларни ўзи етарли эмас деб ҳисоблайман. Яна 1980-йилларнинг бошига қайтадиган бўлсак, у дефицит даврлари эди, ўйинимиз асосан кўчада ўтарди. Ўйинчоқлар ҳам қўл бола, тахтадан автомат ясаш мумкин эди, раскладушка қолдиқларидан хоккей клюшкаси ясардик. Ҳозирги имкониятлар йўқ эди, албатта.

Лекин ҳозирги замон — бугунги даврми у, юз йилдан кейинги даврми — энг яхши замон ҳисобланади. Бугун столдан турмасдан тил ўрганса бўлади. Биз 1995 йилда институтда ўқиганимизда, ўқишимиз инглиз тилида бўлган, адабиётлар жуда кам эди, кутубхонадан бир кунга китоб олиб алмашиб-алмашиб ўқирдик, якшанба кунлари учрашиб китоб алмашар эдик курсдошлар билан. Ҳозир 10 ёшли бола ҳам ўтирган столидан турмасдан янги тил ўрганиши мумкин.

— «Заковат» ўйинларига адашмасам савол муаллифи сифатида кириб келгансиз, «баррикада»нинг бу томонига ўтишга нима туртки бўлган?

— Йўқ, мен савол муаллифи сифатида кириб келмаганман. Биринчи марта «Заковат» ўйинида раҳматли Фарҳод Акбаров жамоасида ўйнаганман. Жамоада мен, Фарҳод, Зебо Шомирова, Ҳабибулла, Дилшод, Собир, Рустам Саидаминовлар бор эди. Ўртоғим Ҳасан Мамасаидов «Биз билан бирга Рустам Саидаминов деган бола «Заковат» ўйинларида иштирок этади, жудаям ақлли йигит, сен ҳам қатнашиб кўр», деб айтарди, лекин мени вақтим бўлмасди боришга рости.


Саидкамол Абдуразаков шахсий архивидан.

Бир куни Рустам билан маҳалламиз олдида учрашганмиз, шу баҳона ўйинга таклиф қилган эди. Ўйинларда унча кўп қатнашмадим, чунки Англияга ўқишга кетиб қолдим. Англиядаям барибир ўйинни соғинганман, ўзим қатнаша олмаганим сабабли хат жўнатиб, айтганингиздек, «баррикада»ни бу тарафида бўлиш қанақа эканлигини ҳис қилганман.

— Чехов хатларида «Тиббиёт — менинг турмуш ўртоғим, адабиёт эса маъшуқам» деб ёзиб қолдирган. Сиз ҳам асосий касбингиз ва «Заковат» ўйинларига нисбатан шундай ўхшатиш ўринли деб ўйлайсизми? «Заковат» машғулотлари ҳаётингизда қандай ўрин тутади?

— Мен Чеховнинг ҳолатида эмасман, шунинг учун таққослашим қийин (кулиб). Лекин агар жиддий айтадиган бўлсам, касбим орқали мен рўзғор юритаман, ўша ташкилотдаги инсонларга озми-кўпми ёрдамим тегади. «Заковат» ўйинлари орқали эса жуда кўп яқин дўст, керак бўлса, ака-ука деб ҳам айта оламан, мен учун қадрли инсонлар билан танишганман.

Тўғри, кўпинча машғулотлар сабаб кўришиб турамиз, лекин баъзида ўзимиз шунчаки кўришиб, фикр алмашиш учун йиғиламиз, баъзида спорт ўйинларига қатнашамиз. Лекин мутахассислигим «Заковат»дан муҳимроқ деб ўйлайман, чунки «Заковат»даги фаолиятимни вақтинча тўхтатиб қўйишим мумкин, лекин асосий касбимни четга суриб қўёлмайман.

— Китоб мавзусида ҳам саволим бор. Сиз адабиёт деб аталмиш денгизга қандай шўнғигансиз? Энг биринчи ва энг охирги сиз ўқиб тугатган бадиий асар номини ҳам айтиб ўтсангиз. Бу китоблар сиз учун қайси саволларга жавоб бера олди?

— Биринчи ўқиган бадиий асаримни рости эслолмас эканман. Ўқишни уч ёшимда ўрганганман, эсимда уйда «Автомобиль маълумотномаси» бор эди, адамлар шу китобни ўқишни ўргатганлар. Боғчада пешин вақти ухлолмас эдим, ҳозир ҳам шу одатим сақланиб қолган, чарчаган ҳолатда бўлсам ҳам тушлик вақти ухлолмайман. Боғчада ҳам пешин пайтида кичкина эртак китобчаларни ўқиб ётардим.

Охирги ўқиган бадиий асаримга келсак, ўтган йили «Элжернонга аталган гуллар» асарини рус тилида ўқиб чиқдим. Китоб давомида бир қизиқ хулосага келиш мумкин, инсон қайси даврда яшаётган бўлса, ўша вақтдаги фикрларини энг тўғри деб ҳисоблар экан. Яна бир хулосам — ёш ортгани сари, иш, рўзғор, ҳаёт ўз домига тортаётган пайтда, инсон барибир кўпроқ ҳис-туйғуга эмас, ақлга таянади, лекин шу вақтда барибир инсон ҳис-туйғуларга озгина жой қолдириши керак экан, камида озгина, агар инсонни бутун борлиғи, вужудини ақл эгаллаб олса ҳам инсон қийналиб қолар экан.

— Баъзида «китоб ўқишдан нима наъф бор?» деган саволларни ҳам эшитиб турамиз. Масалан, баъзилар асар охирида келтирилган хулоса учун китоб ўқишади, кимлардир антиқа сюжет, авантюрист қаҳрамонлар, диалоглар, ўткир иборалардан завқланади, яна кимдир тил бойлигини ошириш мақсадида китоб мутолаа қилади ва ҳоказо. Китоб айнан сиз учун қандай бирламчи вазифани бажаради?

— Охирги йилларда китоб ўқишга жуда катта урғу берилмоқда. Бир нарсага аниқлик киритиш керак, китоб — ўзи нима? Китоб — бу бир жисмоний объект эмас, китобни маъноси, мазмуни муҳим. Инсон уни қоғоз китобдан оладими, электрон китобдан оладими, телефон экранида ўқийдими уни фарқи йўқ.

Ҳозир «ҳақиқий қоғоз китоб ўқиш бошқача» деб фикр юритиш мода бўлган, мен умуман қўшилмайман бу фикрларга. Бутун бошли кутубхонадаги китоблардан сизни телефонингизда кўпроқ манба бўлиши мумкин. Сиз бутун кутубхонани ўзингиз билан олиб юролмайсиз. Баъзида махсус маълумот қидириб топиш эҳтиёжи туғилади, лекин оддий китобдан бу маълумотни қидириб топиш анча қийин.

Бу билан қоғоз китобни қадрсизлантирмоқчи эмасман, лекин китобни турларга бўлишни унча оқламайман. Инсон бадиий асарларни кўпроқ ёшлигида ўқиши керак, бу тасаввурни ривожлантиришга ёрдам беради. Маълум бир мутахассисликни ўзлаштиргандан кейин эса, ҳамма ўз фаолиятига доир адабиётларни кўпроқ ўқиши керак деб ўйлайман.

Агар инсон 45 ёшда ҳам касбига оид китоб қолиб кетиб, эстон халқ эртакларини ўқиб юрса, у одам ёки нафақахўр бўлиши керак, ёки бекорчи вақти жуда кўп бўлиши керак. Бу шахсий фикрим. Жуда кўпчилик китоблар номигагина чиқарилган ва қиймати макулатурадан баланд эмас.

Хулоса сифатида шуни айта оламанки, китобнинг бирламчи вазифаси — инсоннинг ўзини ва атрофидагиларни ҳаётини яхшиланишига хизмат қилиш. Қоғозда чоп этилган ҳар қандай нарса ҳам фойдали китоб бўла олмайди.

— «Заковат»га қайтсак, агар клубнинг 6 та энг кучли билимдонидан терма жамоа тузиш маъсулияти сизга топширилса, қайси билимдонларни жамоангизга қўшган бўлардингиз?

— Бугунги кундаги терма жамоага мен қуйидаги ўйинчиларни қўшган бўлардим.

Хушнуд Худойбердиев — жамоа мотори сифатида хизмат қила олади, иштирокчиларни фикр билдиришга чақириб туради доим, жимжитликни бартараф этади.

Сардор Аҳмедов — кенг қамровдаги билимга эга ва бугунги кунда, менимча, Сардорни интеллектуал ўйинларга бўлган қизиқиши бир юқори чўққига чиққан, ўйинлар ичида ёнаётган вақти.

Саидакром Расулов — яхши билимларга эга, мантиқий фикрлаши кучли, вақти келганда жамоани сардор бир ўзи бошқаришга қийналган вақтида, ёрдам бериб кета оладиган ўйинчи деб ўйлайман.

Азиз Абдуллаев — шубҳасиз энг кучли билимдонлардан деб биламан, у қизишиб тез гапирмаслиги мумкин, анча сокин йигит, лекин жуда кучли билимга эга.

Равшан Исмоилов — охирги вақтда кўп савол тузиб келяпти, савол кўп тузган одам саволни топишиям осон бўлади, Равшанни бир яхши ҳислати — саволларни жуда тез ишлай олади, жуда тез тушунади, саволни тушунмаган одамга ҳам осон етказиб бериш қобилиятига эга.

— Пандемия даврида «Заковат» кўрсатувига маълум вақт бошловчилик ҳам қилдингиз. Ўз жамоадошларингиз ўйинида бошловчилик қилганингизда, уларга ён босмасдан кўрсатувни олиб бориш қийин бўлмадими? Бошловчи «этиг"ини кийиб кўрганингиздан кейин стол атрофида ўйин осонлашдими ёки аксинча?

— Устозимиз Абдурасул Абдуллаев тиббий муолажа олганлари сабабли, мен бошловчилик қилиб турдим вақтинча. Бошловчи «этиг"ини кийиб кўрдим дея олмайман, «этик»ни ўлчаб кўрдим холос.

Албатта, устозимиз ўринларини тўлақонли босиш жуда қийин. Лекин жамоага ён бериш фикри умуман хаёлимга ҳам келмади, рости ўзимни анча адолатли инсон деб ҳисоблайман. Бу ерда жуда эҳтиёт бўлиш керак, баъзида «ўзимни жамоам ўйнаяпти, кел, шунга қаттиққўлроқ бўлай, ҳеч ким шубҳаланмайди шунда» дейишим ҳам мумкин эди, лекин ундай қилганим йўқ. Бошловчилик қилганимдан кейин ўз ўйинимда ҳеч нарса ўзгармади деб ўйлайман.

Саидкамол Абдуразаков шахсий архивидан.

— 1-апрель «Кулги» куни учун «Заковат» тарихида сиз гувоҳ бўлган қизиқарли воқеани айтиб беринг.

— Биласиз шанба куни рейтинг ўйинлари ўтказиларди, бир ойда бир марта рейтинг ўйинларида Абдурасул Абдуллаев саволлари ўйналарди, қолган ўйинларда заковатчилар галма-галдан савол ўқишарди. Бир марта Азиз Абдуллаев савол ўқиганида содир бўлган қизиқ воқеани айтиб берганди.

Азиз залдан чиқиб кетаётганида бир одамдан эшитиб қолган экан: «Эй, бугун яна бошловчини ўғли савол ўқиди. Нимага нуқул шу бола савол ўқийди, бошловчини ўғли бўлса бўлдими, ўқийверарканда», деб айтган экан. Азизни фамилияси Абдуллаев бўлгани учун Абдурасул акани ўғли деб ўйлашган экан. Шунақа қизиқ воқеалар кўп бўлиб туради машғулотларда.

Блиц

— Сиз туғилган йилда қандай муҳим тарихий ҳодиса рўй берган?

— Мен туғилган йилимда Тошкент шаҳрида метро юришни бошлаган.

— Сиз туғилган жойга қисқача таъриф беринг.

— Тошкентнинг Эски Шаҳар қисми атрофидаги маҳаллалардан бирида туғилганман, Тошкентнинг юраги бўлган жойдаги маҳаллада катта бўлганман, эсласам ҳозир ҳам бир бошқача ҳис-туйғулар кўнгилдан ўтади.

— Сиз ўзингизни қайси адабий қаҳрамонга ўхшатасиз?

— Ҳеч қандай адабий қаҳрамонга ўхшатмайман, ҳаммага ҳам ёқавермайман. Салбий қаҳрамонгаям ўхшайман деб айта олмайман, чунки салбий қаҳрамонлар ҳам одамларни қайсидир жиҳати билан жалб қилади.

— Қайси замондошингиз билан суҳбатлашишни хоҳлардингиз?

— Фикримча, ҳар қанақа замондошимизни ҳам энг талаб қилинган фикрлари ёритиб бўлинган, интернетдан қидириб топиб эшитса бўлади. Мен беришни хоҳлаган саволларни ҳам уларга бериб бўлишган деб ўйлайман.

— Қайси билимдон билан бир жамоада ўйнашни ният қилгансиз, аммо ҳеч қачон бирга ўйнаш имкони бўлмаган?

— Жобир Аҳмедов билан бир жамоада мунтазам равишда ўйнамаган эканмиз, Жобир Аҳмедов билан бир жамоада ўйнаш ниятим бор.

— «Заковат» клубида ўйналган сизга ёққан энг яхши савол қайси?

— Зафар Раҳимов жамоасига «Фазогирлар фазога чиққанда, нимага фазо кемаси шифтига газетани қирқиб осиб қўйишади?» деган савол берилган, адашмасам, жамоа тўғри жавобни топа олмаганди. Тўғри жавоб эса — «газета қийқимлари бир-бирига ишқаланиб, дарахтлар шитирлашини эслатиб туриши учун». Шу савол жуда ёққан ва яхши эсимда қолган. Савол муаллифини эслолмадим.

— Сиздан кейинги интервью Темур Мирзаев билан бўлиб ўтади, Темур акага битта савол бериш имкони бўлса, қайси саволни берардингиз?

— Темур водийлик йигит, жуда гапга уста, сўз ўйинларига уста. Ўзбек адабиёти буюк дарғаларидан бири Эркин Воҳидовни ёнида юрган инсон. «Темур, қачон қизиқ воқеалар йиғилган бир китоб ёзасиз?» деб сўрамоқчиман. Ишончим комил-ки, Темурда қизиқ воқеалар битта эмас бир нечта китобга етади.

— Aгар сиз ҳақингизда китоб ёзилса, унга қайси сатрлар эпиграф бўлишини хоҳлайсиз?

— Қуръонда Залзала сурасини охирги оятлари бор «Кимки дунёда зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўрар». Мана шу сатрлар эпиграф бўлишини хоҳлаган бўлардим демайману, шу сатрлар танланса тўғри бўларди деб ўйлайман.