Ўзбекистон ЮНEСКО билан биргаликда сунъий интеллект соҳасида этикани тарғиб қилиш орқали илмий мулоқотни рағбатлантириш мақсадида Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНEСКО-Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг 25 августдаги қарорида сўз борган.

Қарор сунъий интеллект соҳасида ахлоқий жиҳатлар, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни тарғиб қилиш мақсадида қабул қилинди, дейилади ҳужжатда.

Қарорда 4−8 сентябрь кунлари ЮНEСКОнинг Париждаги (Франция) бош қароргоҳида олим ва файласуф ҳаёти ва фаолиятига бағишланган халқаро кўргазма ва тадбирлар ўтказилиши маълум қилинган.

Кўргазма учун жаҳон кутубхоналарида сақланаётган Беруний қўлёзмаларининг нусхаларини ўз ичига олган махсус каталог нашр этилади. Тадбир доирасида Ўзбекистон давлат филармониясининг концерти бўлиб ўтади.

Ўтган йилнинг август ойида Шавкат Мирзиёев Беруний (973−1048) таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Ҳужжатда Беруний номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни, шу жумладан, Абу Райҳон Беруний шарафига ўрнатилган ёдгорлик мажмуаларини мукаммал таъмирлаш ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш, «Буюк Беруний мероси» халқаро сайёҳлик маршрутларини йўлга қўйиш, олимлар ва мутахассисларнинг таклиф-мулоҳазалари асосида ишлаб чиқиладиган концепция асосида Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида Беруний мажмуасини қуриш ва унинг ҳудудида илмий-маърифий, маданий ва дам олиш ҳамда туризм объектлари фаолиятини ташкил қилиш кабилар белгиланган.

Беруний таваллудининг 1050 йиллиги 2022−2023 йилларда ЮНEСКО иштирокида нишонланади. Бу таклиф Ўзбекистон ташаббуси билан Тожикистон, Эрон ва Туркия кўмагида илгари сурилган.