Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 25 август куни «Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

2021 йил апрель ойида ЮНЕСКО Бош конференцияси қарори билан Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш ЮНЕСКОнинг 2022−2023 йилларда нишонланадиган халқаро юбилейлар рўйхатига киритилгани хабар қилинган эди.

Қарор билан бир қатор тадбирларни амалга ошириш белгиланди, жумладан:

  • республикадаги Абу Райҳон Беруний номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни, шу жумладан, Абу Райҳон Беруний шарафига ўрнатилган ёдгорлик мажмуаларини мукаммал таъмирлаш ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш, «Буюк Беруний мероси» халқаро сайёҳлик маршрутларини йўлга қўйиш;
  • олимлар ва мутахассисларнинг таклиф-мулоҳазалари асосида ишлаб чиқиладиган концепция асосида Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида 2023 йил якунига қадар Абу Райҳон Беруний мажмуасини қуриш ва унинг ҳудудида илмий-маърифий, маданий ва дам олиш ҳамда туризм объектлари фаолиятини ташкил қилиш;
  • аллома илмий-ижодий меросига мансуб қўлёзма ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли сақлаш учун зарур шароит яратиш;
  • Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими ва Хоразм Маъмун академиясининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларда маданий мерос объектлари, шу жумладан, археология мероси объектлари, музей ашёларини реставрация ва консервация қилишга ихтисослашган лаборатория ташкил қилиш ҳамда уларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш;
  • Абу Райҳон Беруний меросини ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда кенг кўламли илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, шу мавзуда илмий, бадиий-публицистик асарлар яратиш, хорижий олимларнинг асарларини ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилиш;
  • юқори сифатли медиа маҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эфирга бериб бориш, Интернет ва ижтимоий тармоқларга жойлаштириш, дунё миқёсида хештег ва челленж каби тарғиботнинг замонавий технологияларини қўллаш;
  • Абу Райҳон Беруний сиймоси тасвирланган, алломанинг илмий-ижодий меросига бағишланган почта маркалари ва конвертлар туркумини яратиш, тақвимлар ва кўргазмали ахборот воситалари, эсдалик тангалари, кумуш ва олтин юбилей тангаларини муомалага чиқариш;
  • умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида Хоразм вилоятида тегишли фан бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро фан олимпиадасини ташкил этиш;
  • Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари, Ўзбек миллий маданий марказлари, ватандошлар жамиятларида Абу Райҳон Беруний илмий-маърифий мероси, унинг инсонпарварлик ғояларини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида илмий анжуманлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва фаолияти, унинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссасига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциялар ҳамда илмий-маърифий тадбирлар, Тошкентда Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган халқаро анжуман ўтказилади.

Абу Райҳон Берунийнинг барча асарларини тўплаш асосида босқичма-босқич алломанинг тўлиқ асарлари туркумини Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз, араб ва форс тилларида нашр этиш режалаштирмоқда.