Ижтимоий тармоқларда халқ орасида «Исоқжон домла» номи билан танилган Тошкент шаҳридаги «Имом Термизий» жоме масжиди имом-хатиби Исоқжон Бегматовнинг кешбэк олиш ва солиқ солиш тўғрисида гапирган видеоси тарқалди.

Домланинг айтишича, савдогар кешбэк (тўланган сумманинг харидорга қайтариладиган маълум фоизи) бериш учун қанча кўп «кассовий аппарат»дан маҳсулотини ўтказса, шунча кўп солиқ тўлайди. Оқибатда зарарга кириб қолади.

«Бу ерда кешбэкни талаб қилаётган харидор савдогарга зулм қилаётгани йўқ, ҳар бир савдо молини кешбэкка уриш керак, деб қонун чиқарганлар зулм қиляпти. Шу нарсани ўйлаб топганлар халққа, савдогарларга, тадбиркорларга зулм қиляпти. Солиғини ҳаддан ташқари ошириб юборган», — деган у.

25 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ички назорат комиссияси домланинг бир қатор чиқишлари муҳокама қилди. Комиссия аъзолари томонидан унинг ҳиссиётга берилиб қилган кескин чиқишлари, уламолар фатволарига нисбатан айрим тескари фикрлари, ихтилофли масалаларни кўтариши оқибатида низо ва қарама-қаршиликларга сабаб бўлгани танқид остига олинди.

«Комиссия аввал ҳам ушбу имом-хатибнинг мана шундай чиқишларини бир неча бор кўриб чиқиб, уни жиддий огоҳлантирган эди. Афсуски, бундай ҳолатлар яна такрорланишда давом этди. Йиғилишда унинг мазкур чиқишлари идора муносабатини мутлақо ифода этмаслиги, балки унинг ўзбилармонлик ила айтган шахсий фикр-мулоҳазалари экани таъкидланди», — дейилади хабарда.

Исоқжон Бегматов чиқишларида жиддий хатога йўл қўйганини тан олган ва пушаймонлигини билдирган. Ички назорат комиссияси ушбу йўналишдаги буйруқлар талаблари, ички тартиб-қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларига мунтазам равишда риоя этмагани учун уни «Имом Термизий» жоме масжиди имом-хатиби вазифасидан озод этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам тармоқларда ишлатилган маблағнинг маълум қисми қайтариб берилиши, яъни кешбэк олиш Ислом динига зидлиги борасида видео тарқалган. Фатво маркази бундай хулосани рад этиб, улардан фойдаланиш мумкинлигини билдирганди.