Туркия Марказий банки 24 август куни асосий ставкани 750 базис пунктига — 17,5 фоиздан 25 фоизга оширди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилди.

Регулятор инфляцияни имкон қадар тезроқ пасайтириш, инфляцион кутилмаларни мустаҳкамлаш ва нарх динамикасининг ёмонлашувини назорат қилиш мақсадида пул-кредит сиёсатини кучайтириш жараёнини давом эттиришга қарор қилган.

Охирги кўрсаткичлар инфляциянинг асосий тенденцияси ўсишда давом этаётганидан далолат бермоқда.

«Ставка инфляциянинг асосий тенденциясини пасайтириш ва ўрта муддатли истиқболда инфляцияни 5 фоизлик кўрсаткичга олиб келадиган пул-кредит ва молиявий шароитларни таъминлаш мақсадида белгиланади. Инфляция прогнозининг сезиларли яхшиланишига эришилгунга қадар заруратга қараб пул-кредит сиёсати босқичма-босқич кучайтирилади», — дейилади ташкилот баёнотида.

Маълумот ўрнида, Туркия Марказий банки 22 июнда бўлиб ўтган йиғилишида мамлакатда фоиз ставкасини 8,5 фоиздан 15 фоизга ошириш бўйича қарор қабул қилганди. Бу фоиз ставкасининг 2021 йилдан бери биринчи марта оширилиши бўлган.

Сўнгги йилларда Туркия регулятори президент Эрдоғаннинг «паст қарз харажатлари» сиёсати таъсири остида фоиз ставкасини мунтазам пасайтириб келаётган эди. Бу, ўз навбатида, чуқур инфляция, яшаш харажатларининг кўтарилиши ва инвесторларнинг мамлакатни тарк этишига олиб келди.

Мамлакат президентлигига қайта сайланган Режеп Таййип Эрдоған Меҳмет Шимшекни ғазначилик ва молия вазири этиб тайинлагани ҳамда Марказий банк раҳбарлигини Ҳафизе Гайе Эрканга ишониб топширганидан сўнг мутахассислар ва жамоатчиликда пул-кредит сиёсатининг анъанавий йўналишга қайтилиши, молиявий вазиятнинг барқарорлашувига умид уйғонган эди.

Шунга қарамай, 22 июндаги ўсиш кўлами кутилмаларни оқламади. Financial Times нашрига кўра, мамлакатда нарх босимини бартараф этиш янада кескин чораларни талаб этарди. Банкнинг ўша қароридан кейин лира долларга нисбатан навбатдаги рекорд даражасини қайд этди — 24,5. Ўшанда маҳаллий ишбилармонлар ва халқаро инвестиция банклари фоиз ставкасининг 20 фоизга ошишига умид қилганди.