Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Тошкентда чорраҳалар олдидан машиналар тўхтаб тургани сабабли бошқа автомобиль ҳайдовчилари беихтиёр йўл ҳаракати қоидаларини бузиб (узлуксиз чизиқни босишга), жаримага тортилаётгани билан боғлиқ вазият юзасидан баёнот берди. Бу ҳақда «Газета.uz» аввалроқ батафсил ёзган эди.

Баёнотда ЙҲХХ томонидан интернетдаги фотосуратлар, видеолар ва хабарлар ўрганилаётгани ҳамда ушбу хабарларга «холис баҳо» бериш, шунингдек, йўл инфратузилмаси ва техник воситаларни ташкил этиш ҳолатини кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузилгани айтилади. Гуруҳ таркибига ЙҲХХ, Транспорт вазирлиги ва Тошкент ҳокимлиги вакиллари киритилган.

Хизмат президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги қарорида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида 2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида техник воситалари ўрнатиш ҳуқуқи берилганини эслатиб ўтди.

Мазкур қарорлар талаблари асосида тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган техник воситалар бўйича масъул ташкилот ва идоралар томонидан тегишли техник хулосалар берилиб, тест синовларидан ўтказилгандан кейин ишга туширилади.

«Шундай бўлсада, бугунги кунда ишчи гуруҳ томонидан чорраҳаларда йўл ҳаракати қандай ташкил этилганлиги (йўл белгилари ва кўрсаткичлари тўғри ўрнатилганлиги, йўл чизиқлари чизилганлиги ва бошқалар), чорраҳалардаги техник воситаларнинг ҳолати қайтадан ўрганиб чиқилмоқда», — дейилади хабарда.

Ўрганишлар натижаларига кўра, ЙҲХХ қўшимча маълумотлар берилишини ваъда қилмоқда.

«Газета.uz» ушбу муаммони белгилар, устунчалар, тақиқловчи белгилар ўрнатиш, шунингдек, чорраҳага жуда яқин жойлашган автотураргоҳларни қайта ташкил этиш орқали ҳал қилиш мумкинлигини ёзди.

Қанча ҳайдовчи беихтиёр қоидабузар бўлиб чиқди, чиқарилган жарималар бекор қилинадими ва пул тўлаб бўлган ҳайдовчиларга қайтариладими, номаълум.

Аввалроқ «Юксалиш» умумхалқ ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов тадбиркорлар томонидан ўрнатилган камералардан сўнгги ҳафталарда чиқарилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича барча баённомаларни текшириш, шунингдек, асоссиз берилган жарималарни бекор қилишга чақирган эди.