Тошкент шаҳрининг одамларни ҳар куни ўз ҳаётини хавф остига қўйишга мажбур қиладиган, хавфли ва ўйланмаган кўчаларида 16 август куни иккита йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди ва уларда икки нафар пиёда ҳалок бўлди.

Олий Мажлис олдидаги хавфли ўтиш жойи

Биринчи ҳодиса соат 16:00 атрофида Қонунчилик палатаси биноси ёнидаги Бунёдкор шоҳкўчасидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида содир бўлган. Бу пиёдалар ўтиш жойи июль ойида содир бўлган навбатдаги бахтсиз ҳодисадан кейин шунчаки йўқ қилинганди.

Ўшанда шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавсизлиги бошқармаси ўтиш жойи 250 метр нарига — туннель устидаги қайрилиш жойига кўчирилганини маълум қилганди. Бу ўтиш жойи ҳам тартибга солинмаганди, яъни худди аввалгисидек хавфли бўлиб қолди.

«Газета.uz»га пойтахт ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати берган хабарга кўра, бу ерда 2001 йилда туғилган Nexia-2 ҳайдовчиси 1973 йилда туғилган эркакни уриб юборган ва эркак олган жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этган. Бошқарма маълумотларига кўра, пиёда гўёки йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтган. Воқеа гувоҳларининг «Эффект Макаренко» Telegram каналига берган хабари бўйича эса тўқнашув аввалги ўтиш жойида содир бўлган.

Собиқ Оқтепа айланма йўли

Ўша куни Тошкентнинг хавфли кўчаларининг иккинчи қурбони кекса аёл (1954 йилда туғилган) бўлди. Уни соат 17:30 атрофида Lacetti автомобили пиёдалар учун фақат ерусти ўтиш йўлаги билан таъминланган, кексалар, ҳаракати чекланган пиёдалар ва аравача билан ҳаракатланаётган ота-оналар учун ноқулай бўлган собиқ Оқтепа айланма йўлида йўлни кесиб ўтаётган вақтида уриб кетган.

«Газета.uz» ерусти ва ерости пиёдалар ўтиш жойлари хавфлари ҳақида ёзганди. Бундай ўтиш жойлари нафақат статистик маълумотларга кўра аҳолининг учдан бир қисмини ташкил этадиган ҳаракати чекланган одамлар учун ноқулай, балки ёш ва соғлом пиёдалар вақт ва кучни тежаш учун йўлни «нотўғри жойлардан» кесиб ўтишади — зинадан юқорига кўтарилиш ва пастга тушиш йўлни сезиларли даражада узайтиради. Қоида ўлароқ, тўсиқлар одамларни тўхтатмайди.

Оқибатда кўп сонли одамлар ҳаётларини хавф остига қўйиб, кўчани ердан кесиб ўтишда давом этмоқда.

Россиялик урбанист Аркадий Гершман Оқтепа чорраҳасини «транспорт ва шаҳарсозлик тамойиллари бузилишининг типик намунаси» деб атаганди.

«Ундан соғлом одамлар ўтиши жуда қийин, пенсионерлар ёки ногиронлар учун эса бу деярли имконсиз — бир томон иккинчи томондан узилиб қолган», — дея таъкидлаган шаҳаршунос аввалроқ «Газета.uz» учун ёзган мақоласида.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.