Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 22−23 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф дастурида олий даражадаги музокаралар ҳамда икки мамлакат етакчилари иштирокидаги бошқа тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Кун тартибидан Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган, дейилади хабарда.

Музокаралар якунида икки томонлама битимлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Давлат раҳбари сўнгги бор шу йилнинг март ойи бошида ушбу давлатга амалий ташриф билан борганди. Ўзбекистон президенти Бокуда ўтказилган Қўшилмаслик ҳаракати саммитидаги нутқида ташкилот аъзоларининг БМТ Хавфсизлик кенгашида доимий ўрни бўлиши кераклиги ҳақида гапирган.