2 март куни президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган Қўшилмаслик ҳаракати саммитида нутқ сўзлади, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари нутқи аввалида Озарбайжон етакчиси раислиги даврида Қўшилмаслик ҳаракатининг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи кескин ошганини, ташкилот тарихида биринчи бор парламентлар ва ёшлар қанотлари ташкил этилганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда инсоният пандемияга қарши курашиш билан бир қаторда иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва техноген фожиаларнинг аянчли оқибатларини ҳам бошидан ўтказаётганига тўхталиб, бу муаммоларнинг кўлами тобора кенгайиб, улар нафақат айрим давлатлар, балки бутун бир минтақаларнинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун жиддий хавф солаётганини қайд этди.

«Албатта, бундай қийин ва мураккаб синовларни фақатгина биргаликда, бир-биримизни яқиндан қўллаб-қувватлаган ҳолда енга оламиз. Шу маънода, Ўзбекистон 2030 йилга қадар мўлжалланган Сендай ҳадли дастурининг асосий мақсадларига эришиш бўйича Глобал платформа фаолиятини янада кучайтириш тарафдоридир», — деди у.

Бу каби фавқулодда ҳолатлар сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида Қўшилмаслик ҳаракатининг махсус мониторинг ва илмий тадқиқот тармоғини ташкил қилишни таклиф этиб, бу институтни Ўзбекистонда жойлаштиришга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ҳозирда геосиёсий ва мафкуравий зиддиятлар кучайиб, уларнинг таъсирида жаҳоннинг турли нуқталарида янги нотинчлик ўчоқлари пайдо бўлаётгани ҳақида гапирди. Яқин Шарқ минтақаси ва Афғонистонда узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низоларнинг глобал ечими ҳанузгача топилгани йўқлигини таъкидлади. Айниқса, сўнгги пайтларда барча давлатларда терроризм ва экстремизмнинг хавф-хатари ўсиб бораётганини айтди.

«Ана шундай таҳликали вазиятда биз Қўшилмаслик ҳаракатини терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашнинг халқаро-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича умумий интилишларга етакчилик қилишга чақирамиз. Ушбу жараёнда ҳаракатга аъзо барча давлатларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштиришига қатъий ишонамиз», — деди у.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ қилиш жараёнида, Хавфсизлик кенгаши таркибида [Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Британия ва Франция доимий аъзо ҳисобланади] келгусида Қўшилмаслик ҳаракати аъзоларининг доимий ўрни бўлиши керак. Шу ўринда афғон масаласи бўйича алгоритмни келишиш учун БМТ ҳузурида Халқаро музокаралар гуруҳини тузишга доир Ўзбекистон таклифини қўллаб-қувватлайсизлар, деб ишонаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

бмт, озарбайжон, хавфсизлик кенгаши, шавкат мирзиёев, қўшилмаслик ҳаракати

Давлат раҳбари нутқи давомида глобал кун тартибидаги яна бир муҳим масала — бу давом этаётган ва якуни ҳали кўринмаётган иқтисодий инқироз асоратларини юмшатишга ҳам тўхталиб ўтди. Бундай қийин вазиятда энг катта оғирлик ва салбий таъсир, аввало, айнан ривожланаётган давлатлар зиммасига тушаётганини айтди.

«Бугунги саммит каби нуфузли анжуманлар биринчи навбатда ўзаро амалий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма дастурлар ва йирик лойиҳаларни илгари суриш учун кенг иқтисодий имкониятлар эшигини очиб бериши лозим. Бу хайрли режани амалга ошириш мақсадида ташкилотимиз саммитлари арафасида Қўшилмаслик ҳаракати Иқтисодий форумини мунтазам ўтказиб боришни таклиф этаман», — деди президент.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиеёв ёшларнинг сифатли таълим ва профессионал билим олиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятлари кескин камайиб бораётгани ҳақида гапирди.

«Энг ёмони, ёш авлоднинг келгусида ҳаётда ўз муносиб ўрнини топишига бўлган ишончи ва қатъияти сусаймоқда. Шунингдек, минглаб ёшларнинг онгу тафаккурига бузғунчи ва радикал мафкуралар таъсири ҳам тобора кучаймоқда. Биз ўтган йили Тошкент шаҳрида бу масалалар ечимига қаратилган, ёшлар таълими ва тарбиясига бағишланган иккинчи глобал конференцияни ўтказдик», — деди давлат раҳбари.

Бу борада сиёсат ва режаларни уйғунлаштириш, тўплаган тажрибалар билан ўртоқлашиш мақсадида ҳаракат ёшлар тармоғининг «Чексиз имкониятлар саммити»ни келгуси Самарқандда ташкил этиш ниятида эканини билдирди.