Дунёда COVID-19 билан касалланиш 17 июлдан 13 августгача 63 фоизга ошди. Тўрт ҳафта ичида 1,4 миллиондан ортиқ вирусни юқтириш ҳамда 2300 дан ортиқ ўлим ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) ҳафталик эпидемиологик хулосасида айтилади.

28 кун ичида энг кўп янги ҳолатлар Жанубий Корея, Австралия, Сингапур, Италия ва Буюк Британияда қайд этилган. 234 мамлакатдан жами 104 таси (44%) ЖССТга камида битта ковид ҳолати ҳақида хабар берган.

Шу билан бирга, ташкилот таъкидлаганидек, кўрсатилган давр мобайнида ЖССТнинг барча беш минтақасида ўлим даражаси 15 фоиздан 78 фоизга камайган: Африка минтақаси, Жануби-Шарқий Осиё, Европа минтақаси, Ғарбий Тинч океани минтақасида ва Шарқий Ўрта эр денгизи минтақасида.

«COVID-19 асосий таҳдид бўлиб қолмоқда ва ЖССТ аъзо давлатларни ўзлари қурган COVID-19 [кураш] инфратузилмасини демонтаж қилмасдан, сақлаб қолишга чақиради», — дейилади ташкилот баёнотида.

13 август ҳолатига кўра, пандемия даврида дунё бўйлаб 769 миллиондан ортиқ коронавирус инфекцияси қайд этилган ва 6,9 миллион киши вафот этган. Май ойи бошида ЖССТ коронавирус пандемиясининг тугашини расман эълон қилган эди. Пандемия уч йилдан ортиқ давом этди.

Янги штамм

Август ойи бошида ЖССТ дунёда коронавируснинг яна бир варианти — EG.5 тез тарқалаётганини эълон қилган эди. У омикрон штаммининг кичик тури (XBB.1.9.2) ҳисобланади.

Канадалик геномик биолог Раян Грегори янги штаммга митти сайёра шарафига норасмий Eris («Эрида») номини берди.

ЖССТ Эрисни «қизиқиш уйғотувчи вариант» сифатида белгилади, бироқ унинг саломатлик учун хавфлилик даражаси паст деб баҳоланган. Ташкилот маълумотларига кўра, вируснинг биринчи намуналари 2023 йилнинг 17 февралида аниқланган.

7 август ҳолатига кўра, Эрис камида 51 мамлакатда, жумладан Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Япония, Канада, Австралия, Сингапур, Буюк Британия, Франция, Португалия ва Испанияда аниқланган. 17−23 июль кунлари EG.5 нинг глобал тарқалиши 17,4% ни ташкил этди.

«EG.5 кенг тарқалгани, ўсиш афзаллиги ва иммунитетдан қочиш қобилиятини кўрсатган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар касаллик зўравонлигидаги ўзгаришлар ҳақида хабарлар йўқ», дея маълум қилди ЖССТ.