Қозоғистонда 62 та мактаб қурилиши коррупционерлардан тортиб олиниб, Таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказилган пуллар ҳисобидан молиялаштирилди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Мактаблар Қозоғистоннинг қатор вилоятлари, шунингдек, Остона, Олмаота ва Чимкент шаҳарларида икки сменада 76 минг ўқувчини қабул қила олади.

Маълум қилинишича, ўтган йилнинг декабрь ойида ташкил этилганидан бери жамғармага 151,6 миллиард тенге (тахминан 328 миллион доллар) тушган.

Жамғарма фаолияти мактаблар, хўжалик бинолари ва мактаб-интернатларни қуриш ва реконструкция қилиш орқали мамлакатда уч сменали таълим, авария ҳолатидаги муассасалар муаммолари ва умуман ўқувчилар ўринлари етишмаслигига барҳам беришга қаратилган.

Май ойида Қозоғистон Таълим вазирлиги коррупционерларнинг 96,5 миллиард тенге (208,8 миллион доллар) пулига 62 та мактаб қуриш буйруғини маъқуллаган эди. Келажакдаги мактаблар 38 мингдан ортиқ ўринга мўлжалланган.

Хабар қилинишича, коррупционерларнинг махсус ғазна ҳисобига тушаётган маблағлари шифохоналар ҳам қурилишга йўналтирилади. Бу, Қозоғистон бош вазири ўринбосари, молия вазири Ерулан Жамаубаевнинг сўзларига кўра, лойиҳалар нархининг ошиши натижасида маҳаллий бюджетлар тақчиллигини қоплаш имконини беради.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев аввалроқ коррупцияга оид жиноий ишлар бўйича қўлга киритилган маблағларни Таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига юбориш ҳақида кўрсатма берган эди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ҳукумати «Болалар миллий жамғармаси» лойиҳаси доирасида 18 ёшгача бўлган болаларга ҳар йили 150−160 доллар тўлашни режалаштирган. Дастлабки маблағ 2024 йил январь ойида ҳисоб рақамларига ўтказилиши мумкин.