Қозоғистонда Молия вазирлиги 2024 йилдан бошлаб «Болаларни қўллаб-қувватлаш» миллий жамғармаси лойиҳасини ишга тушириш бўйича ёндашувларни ишлаб чиқди. Бунда янги туғилган болаларга ҳисоб варағи очилади ва у вояга етгунга қадар пул ўтказиб турилади, дея хабар берди Tengrinews.kz.

Молия вазири ўринбосари Даурен Темирбековнинг маълум қилишча, Миллий банк инвестицион даромаднинг 50 фоизини Миллий жамғарманинг ўтган йиллардаги ўртача рентабеллигини ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқади. Инвестицион даромад ставкасини ҳисобот даврига қадар олдинги 18 йил учун ўртача йиллик қиймат даражасида аниқлаш таклиф этилади. Бунда боланинг жамғармаларининг тахминий миқдори 2500 АҚШ долларни ташкил қилиши мумкин.

Банк ҳисоби бола туғилганда автоматик равишда очилади ва ҳар йили табиий ресурсларни қазиб олишдан олинган маблағлар ҳисобидан тўлдирилади. Бунда автоматик ҳисоб варақ очиш учун Адлия вазирлигининг маълумотлар базасидан фойдаланилади. Ҳисобни тўлдириш ҳар йили 1 январда, бола 18 ёшга тўлгунга қадар амалга оширилади.

Ҳисобдан пул маблағларини фақат вояга этганидан кейин ишлатиш мумкин. Ҳисобдаги маблағлар еса солиқдан озод қилинади. Шу билан бирга, 18 ёшга тўлгандан кейин ҳисоб варақлардан тўловларни долларда амалга ошириш таклиф қилинган.

18 ёшга тўлганидан кейин маблағлар боланинг мулки бўлади ва ундан қандай фойдаланишни мустақил ҳал қилади таълим учун сарфлаши ёки уй-жой сотиб олиш мумкин.

Шу билан бирга, хорижий таълим муассасасида ўқиш учун тўловни амалга ошириш учун маблағлардан фойдаланишни чекламаслик ҳам кўзда тутилган. Ўз навбатида, уй-жой сотиб олиш учун маблағлардан фойдаланишга фақат Қозоғистон ҳудудида рухсат берилади. Бу маблағларга сотиб олинган уй-жойларни қайта сотиш бўйича чекловлар қуйилмайди.

Агар 18 ёшгача бўлган бола мамлакатни тарк етса ва фуқаролигини ўзгартса, у ҳолда тўловларни талаб қилиш ҳуқуқи йўқолади. Агар 18 ёшгача бўлган бола фуқаролигини ўзгартирмасдан мамлакатни тарк этса, тўловларни талаб қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади. 18 ёшга тўлганида ҳисобдаги маблағлар 5−10 йил давомида сақланади. Агар маблағлар 5−10 йил ичида талаб қилинмаса, ҳисоб варақдаги маблағларни пенсия ҳисоб варағига ўтказиш таклиф этилади.

Бундан ташқари, бу маблағлар мерос қилиб қолдирилиши ҳам мумкин. Бола муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, ота-оналарга васийларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маблағлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.